Линклар

Ўзбекистонликлар Россияда пул жўнатишда биринчи


Москвада нашр этиладиган “Коммерсант-деньги” нашрининг ёзишича, жорий йилнинг биринчи чорагида Россиядан МДҲ мамлакатларига 2 миллиард доллар пул жўнатилган.

Агар бир неча йил аввал энг катта пул жўнатмалари Украинага юборилган бўлса, ҳозир бу ўринни Ўзбекистон эгаллаган. Россия банки тарқатган маълумотга кўра, 2008 йил биринчи чорагида Россиядан Ўзбекистонга 407 миллион доллар пул жўнатилган. Тожикистон эса бу рўйхатда 2-ўринни эгаллаган. Бу мамлакатга юборилган пул миқдори 384 миллион долларни ташкил этади.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонга бир одам томонидан жўнатилаётган ўртача пул миқдори 620 долларни, Тожикистонга бир одам жўнатаётган ўртача пул миқдори 549 долларни ташкил этган.

“Коммерсант деньги”да ёзилишича, Ўзбекистонга пул жўнатаётганларнинг асосий қисми Россияда тирикчилик қилаётган ўзбек меҳнат муҳожирларидир.

Халқаро қишлоқ хўжалик жамғармаси ўтказган тадқиқот натижаларида нафақат Россиядан, балки дунёнинг бошқа давлатларидан ҳам меҳнат муҳожирлари Ўзбекистонга катта миқдорда маблағ жўнатаётгани маълум бўлади.

“Биздаги маълумотларга кўра, Ўзбекистон минтақадаги пул энг кўп жўнатилаётган мамлакатлардан бири. Ўтган йили меҳнат муҳожирлари Ўзбекистонга 2 миллиард 900 миллион доллар пул жўнатган. Бу Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ялпи маҳсулот ҳажмининг 17 фоизини ташкил этади”,- деди жамғарма матбуот котиби Ҳиллари Кларк.

Ушбу ташкилот ҳисоботига кўра, дунёдан Марказий Осиёга пул жўнатмалари кўплиги борасида минтақада Қозоғистон биринчи ўринда туради. Бу мамлакатга меҳнат муҳожирлари бир йилда 5 миллиард доллар пул жўнатган. Ўзбекистон эса бу рўйхатда иккинчи ўринда.

Россиядан пул жўнатмаларининг ўтган йилга солиштирганда жорий йилда кўп бўлиши қандай омиллар билан боғлиқ? Бу Россияда ўзбек меҳнат муҳожирлари сони ортганидан дарак берадими ёки улар олаётган меҳнат ҳақининг кўпайганиданми? Бу саволга расмий жавоблар йўқ. Норасмий маълумотларга кўра эса пул жўнатмаларининг кўпайгани ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари сони кўпайиб бораётганидан дарак беради. Масалан, ўтган йили норасмий маълумотларда 3 миллион ўзбекистонлик хорижда меҳнат қилаётгани айтилар эди. Бу йил эса бу рақам 5 миллионга етгани айтилмоқда. Лекин ўзбекистонлик ҳамма меҳнат муҳожирлари ҳам “Коммерсант-деньги” газетаси айтгани каби ойига уйига 620 доллардан пул жўната олмас экан. Бу меҳнат муожирининг қайси давлатда меҳнат қилаётгани билан боғлиқ. Масалан, Қирғизистонда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар кунига 150 қирғиз сўмидан иш ҳақи олишини айтади. Ойига улар уйларига 150 доллар пул жўнатар экан.

Қозоғистонда ишлаётган бир ўзбекистонлик эса ойига оила аъзоларига 200 доллардан пул жўнатишини айтган.

“Кўпроқ қурилишда ишладим. Кейин 3 ой нонвойлик билан шуғулландим. Ҳозир фитнес клубда боғбон ва қоровул бўлиб ишлайман. Бир ойда 200 доллар жўнатишга ҳаракат қиламан”,- дейди Қозоғистонда ишлаётган ўзбек муҳожири.
XS
SM
MD
LG