Линклар

logo-print

Қозоғистонда ўзбек меҳнат муҳожири ўлдириб кетилди


Олмаота вилоятининг Тусдибастов туманида 17 ёшли чўпон йигит ўзбекистонлик меҳнат муҳожирининг бўлакларга бўлиниб, сўнг ерга кўмиб ташланган жасадини топиб олди.

Ўтказилган суд-тиббий экспертизаси ўткир асбоб билан бўлакларга бўлиб ташланган жасад Йўлдош исмли Ўзбекистон фуқаросига тегишли бўлганини аниқлади.

Маълум бўлишича, Қозоғистонга тирикчилик мақсадида келган Йўлдош ва унинг 2 юртдоши Туздибастов туманидаги шахсий уйларнинг бирида қурилиш ишлари билан банд бўлган. Қурилиш битгач, ўзбекистонлик бригадирдан иш ҳақини сўраган. Бунга жавобан Йўлдошни ҳақоратлаб, дўппослаган бригадир унга бир неча марта пичоқ билан қаттиқ жароҳат етказган. Олган жароҳатидан шу жойнинг ўзида вафот этган Йўлдошнинг жасадини бригадир Ўзбекистондан келган яна икки меҳнат муҳожири кўз ўнгида ерга кўмиб ташлаган.

Ҳуқуқ-тартибот органларининг билдиришича, қотил бригадир Қорақалпоғистонга қочиб, яширинишга улгурган, ҳозир у қидирувда.

Қозоғистонда баъзи ўзбек муҳожирлари билан бундай нохуш ҳодисалар тез-тез содир бўлаётир. Масалан, жорий йилнинг апрель ойида Олмаота вилоятидаги шахсий уйларнинг бирида қурувчилик қилган 25 ёшли ўзбекистонлик ҳам болта билан чопиб ташланганди.

Қозоғистонлик иш берувчиларнинг бири эса ўзбекистонликлар билан бундай воқеалар содир бўлишига кўп ҳолларда ўзларининг юртдошлари сабаб бўлаётганини таъкидлади.

“Ўзларининг бригадирлари пулни олиб, ишчиларга тарқатмай қочиб кетяпти. 80 фоиз ҳолатларда шунақа бўляпти. Бу ерда иш берган одамлар уларнинг ҳақини бермагани ҳақида кам эшитганман”,- дейди маҳаллий иш берувчи.

Олмаота вилоятининг Талғар тумани ички ишлар бошқармаси тарқатган маълумотга кўра, сўнгги 2 ой давомида вилоятдаги қурилиш объектларининг бирида ишлаган яна 2 ўзбекистонлик меҳнат муҳожири бедарак йўқолган. Ҳуқуқ-тартибот органлари уларга ишлаб топган маошини бермаслик мақсадида қурилишдаги бригадир томонидан жонларига қасд қилинган бўлиши эҳтимоли катта эканини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG