Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:31

Хусусий телевидениелар эфири чекланмайди


Хондамир Ўш шаҳри мэрияси ҳузуридаги давлат тили бўйича ҳудудий комиссия “Давлат тили тўғрисида”ги қонун талабларини бажармагани учун Ўшдаги “МезонТВ” ва “ЎшТВ” хусусий телекомпанияларининг эфири 15 августдан бошлаб чекланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганди.

Аммо куни-кеча шаҳар ҳокими мазкур телекомпаниялар раҳбарларини чақириб, тил комиссиясининг огоҳлантириш хати ўринсиз берилганини айтди.

Ўш шаҳри мэри ўринбосари, давлат тили бўйича ҳудудий комиссия раиси Арфидин Аланов бундай хат юборилиши сабаблари ҳақида гапириб: “Хатда тил ҳақидаги қонуннинг 20-моддаси талаблари бажарилмаётгани кўрсатилган. Ортиқча нарсани талаб қилганимиз йўқ”,- деди.

“МезонТВ” директори Жавлон Мирзахўжаевнинг айтишича, хатни олган телекомпания раҳбарлари муаммо юзасидан Ўш шаҳри мэрининг ўзига мурожаат қилган.

“Мурожаатимизни шаҳар мэрининг ўзи қабул қилиб олди ва бу хатда айрим хатоликлар бўлганини ўзи ҳам тушуниб етди. Биздан ҳам нотўғри талқин қилинмаслигини илтимос қилди. Шаҳар мэри шу иккита телевидение орқали давлат тилида бўладиган айрим кўрсатувларни, янгиликлар дастурларини бирга тайёрлашда ëрдам беришини ва унга маблағ ажратиши мумкинлигини, бундан кейин тил бўйича шаҳар комиссиясининг раҳбарларига ўз фикрларини билдиришини айтди. Бу муаммоларни ечишда биз билан бирга ҳаракат қилишини ҳам тушунтирди”,- деди Жавлон Мирзахўжаев.

Қайд этиш жоизки, 9 август куни Ўш шаҳрида бўлиб ўтган матбуот анжуманида ЕХҲТнинг Қирғизистондаги вакили Эндрью Тесорьер ҳам “Телерадиоэшиттиришлар” ва “Давлат тили тўғрисида”ги қонунларни бажармагани учун маҳаллий расмийлар “ЎшТВ” ва “МезонТВ” телекомпанияларининг эфирга чиқишини чекламоқчи бўлгани юзасидан ташвиш изҳор қилганди. Э.Тесорьер расмийларнинг бу қадамини миллий озчиликлар ҳуқуқини поймол этиш сифатида баҳолаганди.

“Миллий озчиликлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ЕХҲТнинг асосий тамойилларидан бири бўлиб ҳисобланади. Қирғизистон қандай ҳужжат қабул қилмасин, бизнинг ҳамкоримиз сифатида бу принципларга риоя қилишга мажбур. Бизнинг иштирокимизда ҳокимият ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги очиқ мулоқот “ЎшТВ” ва “МезонТВ” билан боғлиқ вазиятни ўнглашга ёрдам беради, деб умид қиламан”, - деганди ЕХҲТ вакили.

Қирғизистон раҳбари Қурманбек Бақиев жорий йилнинг 6 июнь куни имзолаган “Телерадиоэшиттиришлар тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, Қирғизистонда фаолият юритаётган радио ва телевидениелар ўз эшиттириш ва кўрсатувларининг ярмидан кўпини давлат тилида, яъни қирғиз тилида эфирга узатиши шарт. Бу каби талаб “Давлат тили тўғрисида”ги қонунда ҳам бор.

“МезонТВ” директори Жавлон Мирзахўжаев келажакда ўзи раҳбарлик қилаётган телевидениеда қирғиз тилида чиқувчи кўрсатувлар сони ошгани билан ўзбек тилида чиқадиган кўрсатувларга ҳам алоҳида ўрин ажратилажагини билдирди.

“Ўзбек тилидаги кўрсатувлар бу ерда керак эканини ҳамма билади. Шаҳримиз раҳбари ҳам, менимча, буни яхши тушуниб етади. Лекин айрим юристлар, айрим қўмитанинг раҳбарлари ўзларига мана шу имкониятни бошқа услубда, яъни сиëсий капитал йиғиш учун қўлланаëтгани аниқ кўриниб турибди”,- дейди Жавлон Мирзахўжаев.
XS
SM
MD
LG