Линклар

Грузия Россияни келишувни бузганликда айблади

  • Ҳурмат Бобожон

Грузиянинг айрим ҳудудлари ва Жанубий Осетияда ўқ овозлари эшитилаётгани, рус қўшинлари ва ҳарбий техникаси ҳамон Грузиянинг Гори шаҳри атрофида қолаётгани ҳақида хабар тарқатилмоқда.

Ҳолбуки, Россия ва Грузия Франция президенти Николя Саркозининг Жанубий Осетия атрофидаги бўҳронни ҳал этиш режасига розилик билдирганди. Ушбу режадаги асосий талаб - барча қўшинлар ўтган ҳафтада тўқнашувлар бошлангунича жойлашган мавқеларига қайтиши керак. Аммо Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари Грузия билан Россия ўртасидаги инқирозни муҳокама этиш мақсадида Брюсселда фавқулодда мажлисга йиғилган ва айни йиғинда қатнашган Грузия ташқи ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Екатерина Ткешелашвили Россияни ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишувни бузганликда айблади.

“Комил ишонч билан айтаманки, Грузияда эрталабдан даҳшатли ҳодисалар рўй берди. Ўт очишни тўхтатиш келишувига амал қилинмаяпти. Россия армияси ҳали ҳам Горини бомбардимон қилмоқда, қишлоқларни таламоқда”,- деди Грузия ташқи ишлар вазири.

Айрим ахборот агентликлари Россия ҳарбий машиналарининг Гори жануби-шарқидан пойтахт Тбилиси томон ҳаракатланаётгани ҳақида хабар берди. “Франс пресс” хабарига кўра, Гори яқинида ҳаракатланаётган рус ҳарбий техникаси 60 та танк, қуролланган қўшин ва бошқа турдаги ҳарбий зирҳли машиналардан иборат.

12 август куни Россия Грузияга қарши ҳарбий амалиётларини якунлаганини эълон қилган эди. Айни пайтда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Грузия ҳукуматини геноцидда айблади.

“Грузия раҳбарияти, халқи эмас, албатта, геноцидга, ҳарбий жиноятларга етаклаган амалларга буйруқ берди ва жавобсиз қолмаслиги керак эди. Мен аввал ҳам айтганимдек, Жанубий Осетияда жабр кўрган юзлаб рус фуқаролари халқаро суд тизимларига шикоят қилмоқчи ва Россия ҳукумати адолат тантанаси йўлида уларни қўллаб-қувватлайди”,- деди С.Лавров.

Грузия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Франс-пресс” ахборот агентлигига айтишича, можаро туфайли Грузия ҳудудида 175 киши нобуд бўлган, уларнинг аксари тинч фуқаролардир.

Россия армияси бош штаби бошлиғи ўринбосари Анатолий Ноговицин сўзларига кўра, тўқнашувлар пайтида Россия ҳарбийларидан 74 киши нобуд бўлган, 171 киши яраланган ва 19 киши бедарак йўқолган.
XS
SM
MD
LG