Линклар

logo-print

Ўзбек ҳожилари орасида ёшлар жуда кам

  • Барно Анвар

Мусулмонлар қиблагоҳи - Каъба

Мусулмонлар қиблагоҳи - Каъба

Навбатдаги Рамазон ойи арафасида Ўзбекистон расмий оммавий ахборот воситалари ва ҳукуматга мойил электрон нашрлар мамлакатда диний толерантлик устиворлиги ва диндорлар ибодати учун барча шарт-шароитлар муҳайёлигидан сўзламоқда.

“Ҳозирги кунда Ўзбекистонда жами 2008 та масжид бор, 1991 йилдан буён 70 мингдан зиёд ўзбекистонлик ҳаж зиёратини, 32 мингдан ортиғи эса умра зиёратини адо этишга муваффақ бўлган”,- дея хабар қилинади ҳукуматга мойил электрон нашларидан бири чоп этилган мақолада.

Ўзбекистонда эътиқод эркинлиги таъминлагани ва мамлакат кўп конфессияли экани, диндорлар эмин-эркин ибодат қилиш имконига эгалиги ҳақида расмий ОАВ ёҳуд ҳукуматга мойиллиги кузатиладиган электрон ахборот воситаларида кўпайиб қолган чиқишларнинг аксариятида ўзбекистонликлар, шунингдек, диний таълим олиш имконига эгалиги, бунинг учун олий диний таълим муассасалари муҳайёлиги айтилади.

Аммо бу каби чиқишларда ислом илмини ўрганиш имкони бор, дейилар экан, асосан, Тошкентда жойлашган саноқли олий ўқув юртларигина тилга олинади. 27 миллиондан ортиқроқ аҳолиси бўлган ва аҳолининг асосий қисмини мусулмонлар ташкил қиладиган мамлакатда мактаб ёшидаги болалар учун диний таълим олиш, хусусан, ислом илмини ўзлаштириш имконлари ҳақида эса ҳануз бирон оғиз гап йўқ.

Ҳозир Ўзбекистонда Дин ишлари қўмитаси томонидан махсус рухсат берилган масканларда болалар дин илмини ўрганиши мумкин. Бу масканларнинг аксарияти Тошкентда ва бир неча вилоят марказларида жойлашган диний мадрасалардир. Аммо бу масканларнинг бола қабул қилиш имконлари жуда чекланган ва шу боис ҳам болаларни жойлаштириш осон кечмайди. Айниқса, республиканинг турли вилоятларида бу жуда оғир.

“Андижонда ва Наманганда диний мадраса бор. Лекин бу мадрасаларга кириш қийин экан. Бир биродаримиз боласини жойлаштира олмай “қанча пул бўлса ҳам берайлик”, дегандан кейин жойлаштирди. Жуда қийин бўлиб кетди кириш. Имконият йўқ ҳозир”,- дейди фарғонашлик суҳбатдош.

“Бундан ташқари, ислом илмини ўргатиш учун махсус ажратилган билим масканларида ҳам дин илми мукаммал ўргатилмайди, - дея фикрларини давом эттирди суҳбатдош. - Ҳамма фанлар бор. Дунëвий фанлар ҳам ўқитиляпти. Дин бўйича битта фан, холос. У ердан боланинг қанақа бўлиб чиқиши номаълум. Мактаб дарслигига Қуръонни киритиш керак эди. Ўшанда ëш болалар ҳар хил оқимларга кетмайди. Бу йил бор-йўғи 10 та бола оладиган бўлса, унга ҳам Тошкентдаги муфтийлар, диний идорадагилар танишларининг болалари киради”.

Аҳолсининг 70 фоизга яқинини ёшлар ташкил қиладиган Ўзбекистондай мамлакат учун ташкил қилинган диний мадрасалар сони дарёда томчи ҳам эмаслигини айтди суҳбатдош.

Тошкентлик собиқ ўқитувчи Улуғбек Усмонов сўзларига кўра, мамлакат мустақилликка эришган илк йилларда Ўзбекистондаги мактабларда эски ўзбек ёзуви ўргатилар эди. Ҳозирга келиб бу машғулотлар ҳам бекор қилинган ва умумий ўрта таълим мактабларида ҳозир дин ҳақида умумий тушунчалар бериш билан чекланилади, холос.

“Ислом дини ҳақида ҳам тушунча берилади-ю, лекин у умуман ўргатилмайди. Одинлари масжидларда ҳужралар бўларди ва ўша ҳужраларда ўқитишарди. Ҳозир бу нарсалар йўқ бўлди. Олдин ташаббус билан ўргатаман, дейдиганлар ҳам ҳозир ўйланиб қолган. Ҳар хил гап-сўзлар бўлиши мумкин, айбдор қилиши мумкин”,- дейди У.Усмонов.

Унинг айтишича, ҳали-ҳануз ислом илми, яъни ислом тарихи, ҳадис ва Қуръон илмини биладиганлар бировга дарс бериш тугул бундай илми борлигидан сўзлашдан ҳам тийилади.

Фарғоналик суҳбатдош эса Ўзбекистонда диний таълим олиш имкони деярли йўқлиги билан бирга ибодат имконлари ҳам чекланганини таъкидлади. Тўғри, масжидлар бор, ишлаб турибди, рўза ва қурбон ҳайитлари эмин-эркин байрам қилинади, аммо ҳаж ибодатини ўташ жуда оғир ва бу ибодат ҳозир ўзбекистонлик ёшлар учун мутлақ имконсиз.

“Ҳажга борганда кўрдимки, борганларнинг 50 фоизи ëшлар экан. Биздан эса ëшлар 1 фоиз ҳам йўқ. Қарияларни юборяпти, қайтиб келгандан кейин вақти соати етиб улар бандаликни бажо келтиряпти. Ëшлар бориши керак. Малайзияда ўғил болалар уйланишдан олдин, қиз болалар турмушга чиқишдан олдин ҳаж қилар экан. Уларда қонун шунақа экан. Энди у Аллоҳнинг уйига боргандан кейин Аллоҳдан қўрқиб бировнинг ҳақини емайдида. Кўпроқ ëшларни юборишимиз керак”,- дейди фарғоналик суҳбатдош.

Айни вақтда расмий нашрларда 70 мингдан ортиқ одам ҳаж қилиб келди, дея бонг урилаётган рақамлар ҳажга бориш орзусида бўлган миллионлаб ўзбекистонликлар учун урвоқ ҳам эмас.

“Битта ўринга 10-11 та одам. Ҳозир 2010-2011 йилга одамлар ариза топширяпти. У ҳам бўлса пул бериш ва таниш билиш орқали бўляпти. Бу йил усти 3500 долларга чиқди. Ўзи 2 миллион 900 минг эди. “Пул бериб ҳажга борган ҳаж бўладими?” десам: “Ота-онам қариб қолди. Энди таниш-билиш қилмасак, имконият қолмади”, дейишяпти. Ҳаж ҳам жуда қийин бўлиб кетди”,- дейди фарғоналик суҳбатдош.
XS
SM
MD
LG