Линклар

Олимпиадада ҳозирча ўзбек спортчиларининг омади юришаётгани йўқ


Пекиндаги Ёзги Олимпиада ўйинларини ёритаётган “Озодлик” мухбири Қобил Макешнинг билдиришича, Ўзбекистон спортчилари ҳозирча сезиларли бир натижага эриша олгани йўқ.

“Ўзбекистон дзюдо бўйича бир бронза медалга эга. У шу медал билан 205 мамлакат орасида 39-ўринни эгаллаб турибди”,- дейди Қ.Макеш.

Уннинг айтишича, Ўзбекистон жамоаси икки кун мобайнида давом этаётган юнон-рум кураши бўйича мусобақаларда ҳам ҳозирча ютуқларга эга эмас. Шунингдек, Қозоғистон, Тожикистон спортчилари ҳам ортда қолаётир.

Спорт журналистининг эътироф этишича, Олимпиада ўйинларида минтақа жамоаларининг яхши натижаларга эриша олмаётгани бу мамлакатларда спортга ва уни молиялашга эътибор сустлигининг далилидир. Умумий кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистон 39, Қозоғистон 23, Озарбойжон эса 12-ўринни эгаллаб турибди. Спортга катта эътибор қаратаётган давлатлар эса юқори поғоналардадир.

“Бу Олимпия ўйинларида Хитой, Россия ва АҚШ яхши тайёргарлик кўрганини исботламоқда. Хитой 17 та олтин, 5 та кумуш ва 5 та бронза медалига эга бўлиб 1-ўринда турибди. АҚШ эса 10 та олтин медал билан иккинчи ўринни эгалламоқда. Россия спортчилари эса 8-ўриндадир”,- деди Қобил Макеш.

Бироқ дунёдаги бешта Олимпиада ўйинларини ёритган тажрибали спорт журналистининг сўзларига кўра, Ўзбекистон спортчилари ҳозирча бу давлатлардан ва Қозоғистондан анча ортда қолаётган бўлса-да, улардан яхши натижаларни кутиш мумкин. Ўзбек спортчилари минтақада кучли рақиблар эканини бир неча марта исботлаган.

“Пекин Олимпиадасида Марказий Осиё мамлакатлари орасида ўзбекистонлик спортчилар энг яхши натижаларни кўрсатиши кутилмоқда. Ривожланган ва молиявий жиҳатдан яхши таъминланган мамлакатлар спортчиларига рақиб бўлиш осон эмас. Ўзбекистонлик спортчилар эса ўз салоҳиятларини кўп бора намойиш этган”,- дейди Қобил Макеш.


Сўнгги хабарларга кўра, Ўзбекистон Олимпиада ўйинларида 39-ўриндан 43-ўринга тушиб қолган. Бундай ўрин алмашинув бошқа мамлакат спортчиларининг медаллари кўпайиб бораётгани туфайли содир бўлмоқда.
XS
SM
MD
LG