Линклар

logo-print

Гуманитар ёрдам етказиш ҳам хавфли бўлиб турибди

  • Барно Анвар

Грузия ва Россия ўртасида ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишувга риоя этилмаётгани ҳақидаги хабарлар низолар бораётган ҳудудда азият чеккан тинч аҳолига гуманитар ёрдам етказиш имконларини ўта чекламоқда.

Бир ҳафта муқаддам Луиза Жагоева Цхинвали марказидаги сартарошхоналардан бирида соч турмаклаётган паллада шаҳар тинчи бузилган эди. Мана, бугунга келиб бу аёлнинг на уйи, на иши ва на ўша тинч хотиржам ҳаётга қайтиш умиди бор.

Жанубий Осетия устида Россия ва Грузия ўртасида қўзғалган бу ҳарбий ҳаракатлар Луизанинг кўплаб ҳамшаҳарларини ҳаётдан олиб кетди. Шаҳарнинг ўзини, шу билан бирга, бу аёлнинг уйи ва у ишлайдиган сартарошхонани вайронага айлантирди.

Эндиликда Луиза ва унинг онаси ўз уйини ташлаб, Россия ҳудудидаги Шимолий Осетияга кетишга мажбур бўлди.

“Биз бу ерга картошка ташийдиган машинада келдик. Шундоқ юкхонасида. Биз билан бирга бир ярадор одам ҳам келди. Бунга қадар 4 кун қоронғу ертўлада ўтирганмиз”,- дейди Луиза.

Унинг онаси қандли диабет касали билан оғрийди. Шу боис, ҳозир Владикавказ шаҳрида дала госпиталларидан бирида тезкор ёрдамга муҳтож ётибди. Бироқ бир амаллаб Россия чегарасига етиб олганларнинг ҳаммаси ҳам тиббий ёки гуманитар ёрдам олиш мумкин бўлган ҳудудларга ета олгани йўқ.

“Бу ердаги вазият ўта фожеали аҳволда. Биргина қишлоқнинг ўзида бир неча юз қочқин бор. Уларни бир амаллаб Владикавказга етказиш имконини топган эдик, аммо йўллар жуда тирбанд. Кимдир ўз машинасида кетяпти, яна кимдир бошқа транспортда. Жуда тирбандлик боис, қаттиқ жароҳатланганлар ҳатто очиқ ҳавода операция қилинмоқда”,- дейди “Озодлик”нинг Шимолий Осетияда воқеалар ривожини кузатаётган мухбири Илья Барбанов.

Вазиятни ўрганаётган БМТ идораси берган маълумотларга кўра, Гори шаҳрининг қарийб 80 фоиз аҳолиси яна ҳужумлар бўлиши мумкин, деган қўрқув билан шаҳарни тарк этган.

“Озодлик”нинг Горидаги мухбири Гога Апсуарининг билдиришича, 50 минг аҳолиси бўлган шаҳарда 5 мингга яқин одам қолган, холос.

“Бугун кун давомида ҳам шаҳардар ўқ овозлари тинмади,- дея хабар қилди мухбир. - 5 минг одам ҳам талончи ва жиноия гуруҳлар босқинчилиги хавфи остида қолди. Кеча шомда Гори шаҳрининг шимоли-ғарбида жойлашган қишлоқда турли номаълум гуруҳларнинг талончилик ҳаракатлари кузатилди. Одамлар давлат ташкилотлари, оммавий ахборот воситаларига ёрдам сўраб қўнғироқ қилди. Бу босқинчилар қўлига илинган нарса – шахсий буюмлар, озиқ-овқат, уй ҳайвонлари, ҳамма-ҳамма нарсани олиб кетган”.

Кутилмаганда бошланиб кетган бу уруш Жанубий Осетия ва Гори шаҳрининг минглаб аҳолиси ҳаётини пароканда қилиб ташлади. Бу одамлар орасида эса бунақа уруш ҳаракатларини фақат компьютер ўйинларида кўриб юрган болаларни ҳам чуқур ваҳимага солиб қўйган. Грузия ҳудудидаги Гара Таҳла шаҳрида яшайдиган 10 ёшли Роял Гарибов ва унинг ёшгина укаси ҳозир Озарбойжон пойтахти Блку шаҳрида холасиникида яшаяпти.

“Менинг онам Грузияда дадам билан қолди. Келинг, десам йўқ, деди. Даданг биламан қоламан, деди. Дадам ҳозир жанг қиляпти”,- дейди болакай.

БМТ қочқинлар идораси берган маълумотга кўра, қочқинлар сони умумий ҳисобда 90 минг нафарга етган.

Бироқ “Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Москва бўлими раҳбари ўринбосари Татяна Лошкина мустақил ва расмий манбалардан келаётган маълумотлар ўртасида катта фарқ борлигига эътибор қаратди.

“Биз низолашувчи томонлардан келаётган турли хил рақамлар ва зид тарғибот туфайли дезинформация ичида қолиб кетдик. Бу томонларнинг қурбон бўлганлар, жароҳатланганлар ва уй-жойсиз қолган тинч аҳоли вакиллари ҳақида бераётган аксар маълумотлари мутлақо асоссиз”,- деди ҲРУ вакиласи.

Гумантар ёрдам етаказиш ва жабрланган минглаб аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида минтақага етиб борган халқаро ташкилотлар эса низолашаётган томонларнинг кутилмаган ҳарбий ҳаракатлари боис, бундай қарама-қарши рақамларга ойдинлик киритиш ва қочқинларга етарли даражада гуманитар ёрдам кўрсатиш имконига эга бўла олмаяпти.
XS
SM
MD
LG