Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:03

Деҳқонларни синдириш санъати


Ўзбекистон ҳукуматининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига қўйган норасмий тақиқи ички бозорда нархлар барқарорлашувига олиб келган бўлса-да, маҳаллий деҳқонлар вазиятига салбий таъсир қилмоқда.

Ўзбекистонлик Исроил ака исмли фермер ҳукуматнинг бундай тақиқи нафақат маҳаллий деҳқонлар, балки қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортига алоқадор бошқа кишиларнинг ҳам ишсиз қолишига сабаб бўлганини айтди.

“Ҳукуматнинг мева-сабзавотларни қўшни, майли узоқ хориж бўлмасин, давлатларга олиб чиқишни тақиқлаганидан норозиликлар бўляпти. Ҳозир фақат деҳқонлар эмас, балки воситачилар ҳам зарар кўряпти. Улар деҳқонлар қўлидан бирламчи олиб, мева-сабзавот маҳсулотларини ўзлари чегаралардан ўтказиб, ҳужжатларни расмийлаштириб берарди. Ҳозир чегара ёпиқ, улар ҳам ишсиз ўтирибди”,- деди фермер.

Жорий йилнинг 31 июль куни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мамлакатда озиқ-овқат бозорини барқарорлаштириш ва мева-сабзавот тайёрлаш ишларини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилаётганини маълум қилганди. Ўзбекистон ҳукумати мазкур чоралар сабабини мавжуд озиқ-овқат инқирози ва кузги-қишки мавсумда нархлар кўтарилиши олдидан амалга оширилгани билан изоҳлаганди.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига июнь ойи охирида норасмий тақиқ қўйганди. Бу йил баҳор иссиқ келгани мева-сабзавот ҳосили юқори бўлишига замин яратди. Натижада инфляцияга қарамай, ички бозордаги мева-сабзавот нархи ўтган йилги нархлар билан тенглашиб, маҳаллий бозорлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотига тўлиб кетди. Аксар кузатувчилар бундай шароитда ҳукумати тақиқи етиштирилган маҳсулотнинг катта қисми нобуд бўлишига олиб келганини айтмоқда.

Кузатувчилар ҳозирги вазиятда ўзбекистонлик деҳқонлар инқирозга юз тутиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Эдуард Полетаев сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг тақиқи туфайли Қозоғистон бозорларини бошқа қўшни давлатлар, хусусан, Тожикистон ва Қирғизистон мева-сабзавотлари эгалламоқда.

“Тан олиш керак, Қирғизистон ва Тожикистон ўз маҳсулотлари Қозоғистон бозорига кириб келиши учун сиёсий ҳаракатлар ҳам қилмоқда. Вазирлар ва президентлар учрашувида бу давлатлар Қозоғистон учун қулай нархларда маҳсулот етказиб бериш борасида келишувлар имзолаяпти. Ўзбекистон эса ўзининг тақиқлари билан Қозоғистон бозорини йўқотиб қўймоқда”,- деди Э.Полетаев.

Унинг таъкидича, Ўзбекистоннинг бу тақиқи Қозоғистон билан чегарада озиқ-овқат контрабандаси авж олишига сабаб бўлаётир.

Куни-кеча қозоғистонлик чегарачилар мамлакатнинг Манғистов туманида Ўзбекистон фуқароларини қўлга олди. Маълум бўлишича, улар 2 та юк машинасида 25 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Қозоғистон ҳудудига ноқонуний равишда олиб ўтишни режалаштирилган. Қўлга олинган маҳсулот 1,5 млн танга ёки 11 минг АҚШ долларига баҳоланган.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев Ўзбекистон ҳукумати ўзининг ноўрин хатти-ҳаракатлари билан нафақат контрабанда авж олишига, балки мамлакат фермер соҳаси ривожига ҳам тўсқинлик қилаётганини билдирди.

“Мол жўнатилган бўлса, улар ўша олиб келинган маблағнинг 50 фоизини давлатнинг расмий курси бўйича сўмга айлантириши керак. Кейин ўша 50 фоизини ўз ихтиёрига қараб ишлатиши мумкин. Кўпчилик фермерлар ўша валютани иложи борича янги технологиялар, серҳосил уруғлар олишга ишлатарди. Бу эса қишлоқ хўжалиги ривожига, ишлаб чиқариш базасини кенгайтиришга ёрдам берарди. Бунга ҳам ҳукуматнинг ўзи тўсиқ бўлиб турибди”,- деди Тошпўлат Йўлдошев.

Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг аграр сектори ҳар йили тахминан 10 млн. тоннага яқин мева ва сабзавот етиштиради. Ҳосилнинг учдан бир қисми эса ўзбек қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига эҳтиёжи катта бўлган Россия ва Қозоғистонга экспорт қилинарди.
XS
SM
MD
LG