Линклар

Марказий Осиё ҳамон жим

  • Гулнора Равшан

Тожикистон ҳукумати Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар ҳукуматлари сингари Грузия ва Россия ўртасидаги қуролли можарога шу кунгача бирор муносабат билдиргани йўқ.

Аммо Грузия президенти Михаил Саакашвилининг ўз давлати МДҲ таркибидан чиқишини эълон қилгани ва бошқа аъзоларни ҳам шундай қилишга чақириғи Тожикистон сиёсий доираларида кенг муҳокама қилинмоқда.

Тожикистон Халқ демократик партияси раиси ўринбосари Давлатали Давлатов Грузия мустақил давлат сифатида у ёки бу ташкилотдан чиқиш ёки аъзо бўлиш ҳуқуқига эгалигини таъкидлади.

“Аммо Жанубий Осетиядаги воқеалар таъсирида айни шундай қарорга келган Грузия президенти жуда катта хатога йўл қўйди. Бундай қарор Грузия халқи миллий манфаатларига салбий таъсир қилмай қолмайди. Менимча, Грузия МДХҲа аъзолик чоғида бир қатор манфаатларга эга эди”,- деди Д.Давлатов.

Мустақил кузатувчи Сайфулло Сафаров эса Грузиянинг МДҲдаги иштироки расмиятчиликдан ўзга нарса эмаслиги, шунинг учун унинг қарори МДҲга ҳам, унинг аъзоларига ҳам ҳеч нарса бермаслигини билдирди.

“Грузия МДҲ фаолиятида унчалик фаол эмас эди. Эсингизда бўлса, ўтган йил Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ саммитида қатнашган Грузия бир қатор муҳим ҳужжатларга имзо чекмаганди ва саммит тугамаёқ Душанбени тарк этган эди”,- С.Сафаров.

У Жанубий Осетияда рўй берган қонли фожеага МДҲга аъзо МО давлатлари ҳеч қандай муносабат билдирмаганига тўхталар экан, тузилма ўзининг ноқобил ташкилот эканини яна бир карра намойиш қилганини таъкидлади.

Тожикистон Социал демократик партияси раиси ўринбосари Шокиржон Ҳакимов эса Жанубий Осетия ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатлар Грузиянинг МДҲ таркибидан ажралиб чиқишини расман эълон қилиш учун бир баҳона бўлганини таъкидлар экан: “Умуман олганда, МДҲ фаолияти бошдан самарасиз эди. У бу ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарларининг мантиқсиз йиғини билан чекланарди. Кўп ҳолларда терроризм ва экстремизмга қарши курашиш баҳонасида фақат ҳарбий ҳамкорликкагина аҳамият қаратиларди”,- деди.

Унинг таъкидича, Тожикистон ва Ўзбекистон, Россия ва Украина, Озарбойжон ва Арманистон кабилар ўртасидаги мавжуд можаролар ҳам бу ташкилот пойдеворининг заифлигидан далолатдир.

“Шу нуқтаи назардан ҳам Грузия президентининг чақириғини ундан сўнг бошқа давлатлар, жумладан, Молдова, Украина ва Озарбойжон қабул қилса, ажабмас. Гарчи МДҲнинг заифлиги бошқа аъзо давлатлар раҳбарларига кундек ойдин эса-да, МО президентлари грузиялик ҳамкасбининг чақириғини қабул қилмайди”,- деди Ш.Ҳакимов.
XS
SM
MD
LG