Линклар

Катта миқдорда наркотик мусодара қилинди

  • Садриддин Ашур

Тожикистон президенти ҳузуридаги Наркотикларга қарши кураш агентлигининг Сўғд вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор чора-тадбирлар натижасида Чкаловск шаҳрида 27 килограмм наркотик модда мусодара қилинди.

“Шахси ҳозирча ошкор этилмайдиган бу одамнинг гаражи назоратдан ўтказилганда машина юкхонасидан олтита елим қоп топилди. Экспертиза бу қоплар ичидаги наркотик моддаларнинг каннабис эканини аниқлади”,- деди бошқарма бошлиғи ўринбосари полковник Мажид Иброҳимов.

Унинг сўзларига кўра, айни пайтда бу жиноий гуруҳнинг қолган аъзоларини қўлга олиш тадбири бўлиб ўтмоқда. Йил бошидан буён биргина агентлик ходимлари томонидан вилоятда 359 килограмм наркотик модда ушлаб қолинган. Унинг 140 килограммини героин моддаси ташкил этади. Табиийки, бу наркотик моддалар Ўзбекистон ва Қирғизистон орқали Россия ва Европа давлатларигача ўтказилиши мўлжалланган.

“Қирғизистонлик ҳамкасблар билан бу йўналишда бир қанча биргаликдаги тадбирлар ўтказяпмиз, ахборот алмашяпмиз. Лекин Ўзбекистон билан ҳанузгача амалий тадбирларимиз йўқ. Фақат ахборот алмашамиз, холос. Яқинда агентлик бошлиғи Ўзбекистонга бориб келди. Бир қанча шартномалар тузилди. Бош бошқармамиз тасдиқлагандан сўнг ҳамкорлигимиз изчил бўлади, деган умиддаман”,- деди Мажид Иброҳимов.

Тожикистоннинг Сўғд вилояти Ўзбекистоннинг 6 вилояти билан чегарадош. Шундай бўлишига қарамай, икки давлат ўртасидаги наркотик моддаларга қарши курашиш ҳамкорлиги яхши эмас.

Мустақил кузатувчи Бахтиёр Валиев бу ҳақда гапириб: “Тожикистон ва Ўзбекистон наркотик моддаларга қарши курашда ҳамкорликни кучайтириши лозим. Чунки чегаралар ҳали ҳам очиқ, нафақат қопда, балки машинада ҳам наркотик моддаларни олиб ўтиш мумкин бўлган жойлар бор. Шунинг учун ҳам фақат биргаликда ишлагандагина бундай туйнукларни ёпиш мумкин, бўлмаса фойдаси йўқ. Мана эътибор беринг, сўнгги йилларда икки давлат ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари наркотик моддага қарши куращда бирорта ҳам биргаликда амалий тадбир ўтказгани йўқ”,- деди.

Унинг фикрича¸ икки давлат ўртасидаги сиëсий муносабатларнинг совуқлашгани бунга имкон бермаяпти.

Маҳаллий кузатувчи Пўлатхон Умаров эса бошқача фикрда. Унинг айтишича, аслида ҳамкорликка мафия йўл бермаяпти. Чунки бу ҳолатдан уларнинг катта иқтисодий манфаатлари бор.

“Тожикистон ва Қирғизистон ўртасида наркотик моддаларни ташувчиларга қарши курашиш, террорчиларга қарши курашиш масалаларида қонуний битимлар бор. Лекин Тожикистон ва Ўзбекистон орасида бундай алоқа мутлақо йўқ. Фикримча, мен буни ўқиган маълумотларимга асосланиб айтяпман, бу масалада Ўзбекистон ва Тожикистонда мавжуд наркомафиянинг қўли бор. Бундан ташқари, бунда чет эл мафия гуруҳларининг ҳам қўли бор. Бу борада Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида ҳукумат миқëсида шартнома тузилса ҳам унинг нафи бўлмайди. Ўзбекистон мафияси бу шартномани ҳар томонлама бузишга уринади. Қачонки наркотик модда ва қурол-яроғ сотишдан фойда оладиган гуруҳлар, яъни мафиялар бир-бири билан келишар экан, ўшандагина ҳукумат миқëсида шартнома амалга ошади”,- деди Пўлатхон Умаров.
XS
SM
MD
LG