Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:43

Қочқинга экстрадиция таҳдиди тобора кучаймоқда


Бундан бир неча ой муқаддам Олмаота шаҳрида қўлга олиниб, айни пайтда вақтинчалик тергов изоляторида ушлаб турилган ўзбек қочқини Ҳасан Темиров юртига экстрадиция қилиниши мумкин.

Бу ҳақда унинг рафиқаси Наргиза Жалолова маълум қилди.

“Холамга Миллий хавфсизлик қўмитаси бошлиғи Ҳасан Ўзбекистонга бериб юборилишини айтибди. Шунинг учун биз қўрқиб қолдик. Бошлиқ холамга Ҳасан ўша ерда жиноят қилгани, тергов ҳам ўша ерда бўлишини маълум қилибди”,- деди Наргиза Жалолова.

У Ўзбекистон махфий хизматларининг Темировлар оиласига эътибори янада кучайганини ҳам билдирди.

“Уйдагиларимга телефон қилиб турибман, мени у ерда Ўзбекистон МХХси, участка нозирлари суриштириб юрган экан. Бу ерда юришга ҳам қўрқаман. Бу ерда ўзбек қочқинларини ўғирлаб кетаётгани ҳақида эшитаман. Шунга кўчага чиқишга ҳам қўрқиб қолганман”,- деди Н.Жалолова.

Кузатувчилар Ўзбекистонни диний сабаблар туфайли тарк этишга мажбур бўлган ва МДҲ мамлакатларида бошпана топган ўзбек қочқинларининг аксари юртига қайтариб юборилиш хавфи остида доимий қўрқувда юришга мажбур эканини таъкидлайди.

Улар фикрича, қочқинларнинг хавфсирашига асос бор. Уларнинг кўп ҳолларда махфий хизматлар томонидан яширинча ўғирлаб кетилиши буни ҳужжатлар асосида исботлаб беришга имкон бермайди.

“Энг аянчлиси,- дейди ўзбек қочқини Ҳасан Темировнинг онаси “Озодлик” билан суҳбатда,- Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакатдаги диндорларга тазйиқи ҳали-ҳамон давом этяпти. Шу боис, улар юртидан бош олиб кетишга мажбур бўляпти. Агар тазйиқлар бўлмаганда Ҳасан ҳам бу ерга келмасди”.

Қароргоҳи Парижда жойлашган Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари уюшмаси раҳбари Надежда Отаева сўзларига кўра, Қозоғистон ҳукумати Ўзбекистонда маҳбусларга, хусусан, диний сабаблар билан айбланган кишиларга нисбатан тез-тез қийноқлар қўлланилиши одатга айланганини ҳисобга олиш вақти келган ва шу боис ҳам ўзбек қочқини Ҳасан Темиров юртига экстрадиция қилиниши ноўриндир.

Н.Отаева Қозоғистон оммавий ахборот воситалари мамлакат ҳудудида бошпана топган ўзбек қочқинларининг юртига экстрадиция қилинишига ўз ҳиссасини қўшаётганидан ҳам хавотир билдирди.

“Қозоғистондаги ОАВ ҳеч қандай далил-дастакка эга бўлмаган ҳолда ўзбекистонлик фуқароларни “экстремист”, деб атаётгани кишини танг қолдиради. Бу жуда ташвишланарли ҳол. Мамлакат расмийлари бундай ҳолатларнинг олдини олиши зарур”,- деди Н.Отаева.
XS
SM
MD
LG