Линклар

Наркогуруҳ аъзолари панжара ортида узоқ ўтиради

  • Гулнора Равшан

Тожикистонда афғон қорадорисини йирик миқдорларда чегаралараро ташишга ихтисослашган йирик трансмиллий наркогуруҳнинг 8 аъзоси мол-мулки мусодара қилиниб, ўзлари узоқ муддатларга қамалди.

Тожикистон Олий суди тарқатган маълумотларга кўра, уюшган халқаро жиноий гуруҳ аъзолари 400 килограмдан ортиқроқ қорадорини ноқонуний тарзда Тожикистон орқали Ўзбекистонга ўтказиш чоғида қўлга олинган.

“Душанбе ҳарбий судидаги жараёнда уюшган халқаро гуруҳга аъзо бўлган тожикистонлик Анвар Шоймардонов, Зокиржон Тўраев, Исматулло Ортиқов, Иззатулло Аллаев, Файзулло Ҳалимов, Парвиз Тошев, Абдужаббор Маҳмадаминов ва Амриддин Қирғизов чегара ҳудудларида афғонистонлик ва ўзбекистонлик шериклари ёрдамида афғон қорадорисини бир мамлакатдан бошқасига ўтказиш билан шуғулланганини тан олди. Судланувчиларнинг кўрсатмасига кўра, Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг ҳозир нафақадаги собиқ полковниги Анвар Шоймардонов мазкур гуруҳ лидери бўлган ва барча амалиётларга бош-қош бўлган. Суд А.Шоймардоновни 19 йилга озодликда маҳрум этди. Унинг шериклари эса 15 йилдан 18 йилгача қамоқ жазоси олди”,- деди Тожикистон Олий суди матбуот хизмати бошлиғи Маҳмадали Юсупов.

Душанбе шаҳри ҳарбий суди судяси Абдужаббор Сатторов “Озодлик” билан суҳбатда судда Анвар Шоймардоновнинг қалбаки хорижий валютани муомалага киритиш жиноятини ҳам содир этганини таъкидлади.

“Шу мақсадда афғонистонлик номаълум шахслардан олинган тахминан 12 минг доллар Шоймардоновдан мусодара қилинди”,- деди судя.

Унинг таъкидича, Шоймардонов илгаридан таниш бўлган Турсунзода туманилик Исматулло Ортиқовни ҳам ўз жиноий гуруҳига аъзо қилиб олган. Ортиқовнинг вазифаси Афғонистондан олинган наркотикни Ўзбекистоннинг Тожикистон билан чегарадош туманларидан бирида яшовчи Ўрол исмли қариндоши воситасида Ўзбекистонга ўтказиб бериш бўлган.

“Аммо тергов жараёнида Ўрол шахсини аниқлаш мумкин бўлмаган. Чунки Тожикистон томонининг ўзбекистонлик ҳамкасбларга Ўрол шахсини аниқлаштириб беришга доир юборган сўрови жавобсиз қолдирилган”,- деди судя.

Тожикистон Наркотикларни назорат қилиш қўмитасининг билдиришича, Тожикистон орқали олиб ўтилаётган афғон қорадориси бу ердан қўшни мамлакатлар орқали, асосан, Россия ва Ғарб давлатларига тарқалади. Аммо Ўзбекистон бу оқимга қарши биргаликда курашишга рўйхушлик бермай келаётир.

“Аммо сўнгги йилларда Ўзбекистон томони чегарада “очиқ туйнуклар” борлигини ва уларни ёпиш учун ўзаро ҳамкорлик зарурлигини тушуниб етган кўринади”,- деди қўмита вакиллари.
XS
SM
MD
LG