Линклар

logo-print

АҚШ индустрияси Ўзбекистонда болалар меҳнатига қарши

  • Алишер Сиддиқ

http://tbn0.google.com/images?q=tbn:omALtYw8bblJUM:http://www.geocities.com/agzybirlik2000/hlopkorabka.jpg АҚШнинг энг йирик савдо ва кийим-кечак ишлаб чиқариш компанияларини бирлаштирувчи тўрт гуруҳ Ўзбекистон президенти Ислом Каримовни пахта йиғим-теримида болалар меҳнатидан воз кечишга чақирмоқда.

Ушбу қудратли коалиция вакиллари Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчиси билан учрашиб, унга президент Каримовга йўлланган мурожаатни топширди. Мактуб нусхалари Халқаро меҳнат ташкилоти бош директори Жуан Сомавия ва АҚШ давлат котиби Кондолиза Райсга ҳам юборилди.

АҚШнинг энг йирик савдо-сотиқ ва кийим-кечак ишлаб чиқариш компаниялари бир овоздан болалар меҳнатидан фойдаланиш “мутлақо номақбуллигини” таъкидлаган ва ўзларининг Ўзбекистон пахтасидан тайёрланган маҳсулотларни сотиб олмаслик ҳақида огоҳлантирган.

Ўзбекистон пахтасидан тайёрланган маҳсулотларни аллақачон савдодан чиқариб ташлаган АҚШ ва Европанинг ўндан зиёд энг йирик кийим-кечак ишлаб чиқарувчи ва сотувчи компаниялари орасида “Волмарт”, “Теско”, “Маркс энд Спенсер”, “Таргет”, “Гэп”, “Эйч энд Эм” ва бошқа компаниялар бор.

Ҳозир уларга қўшилиб Ўзбекистондаги болалар меҳнатига қарши АҚШнинг бутун савдо-сотиқ ва кийим-кечак индустрияси оёққа турди, десак муболаға бўлмайди.

Ушбу ўта қудратли иттифоқ таркибига АҚШ Миллий савдо федерацияси, Савдо компаниялари раҳбарлари уюшмаси, Америка кийим-кечак ва оёқ кийим уюшмаси ҳамда Тўқимачилик маҳсулотлари импортёрлари уюшмаси киради. Улар бирлашиб президент Каримовни болалар меҳнатини тугатиш бўйича зудлик билан чора кўришга чақирмоқда ҳамда АҚШ ҳукуматини бу масалада Ўзбекистон ҳукуматига босим ўтказишга мажбур қилаётир.

АҚШнинг Ўзбекистондаги болалар меҳнатига қарши йирик саъй-ҳаракатларини мувоқлаштираётган Патрисия Юрьевич Ўзбекистон ҳукумати бутун АҚШ индустрияси мамлакатдаги болалар меҳнатига қарши эканини аниқ-тиниқ англаши лозимлигини айтди.

“Менимча, АҚШ компаниялари учун Ўзбекистондаги болалар меҳнатига қарши чиқиш вақти келди. Биз Ўзбекистон ҳукуматига бундай тажриба мутлақо номақбуллигини билдирар эканмиз, бунинг иқтисодий оқибатлари ҳақида огоҳлантирамиз. Биз Ўзбекистонда дарҳол ўзгаришларни кўрмасак, уларнинг пахтасидан тайёрланган маҳсулотларни бозордан чиқариб ташлашга тайёрмиз”,- деди Патрисия Юрьевич.

АҚШ Ўзбекистондан бевосита пахта хомашёсини сотиб олмаса ҳам маълум миқдорда ўзбек пахтасидан Европа ва Осиёда тайёрлаган кийим-кечакларни импорт қилади. Бироқ Патрисия Юревичнинг билдиришича, бу соҳада Ўзбекистон ҳукуматини кўпроқ АҚШнинг сиёсий босими хавотирга солиши керак.

“Биз ёзган мактублардан биттаси Ўзбекистон элчисига топширилди. Бу мактуб Ўзбекистон президентига йўлланган. Яна бир мактубни АҚШ давлат котиби Кондолиза Райсга юбордик. Биз нафақат иқтисодий, балки дипломатик босим ва музокаралар лозим деб ўйлаймиз.”- деди П. Юревич.

Ўзбекистон ҳукуматига қўйилаётган талаблар қаторида Халқаро меҳнат ташкилотининг минимал иш ҳақи тўғрисидаги конвенциясига имзо қўйиш ва пахта йиғим-теримини ташкилот вакилларининг назорати остида ўтказиш ҳам бор. Аммо кенгкўламли халқаро босимларга қарамасдан Ўзбекистон ҳукумати пахта етиштиришда болалар меҳнатидан воз кечмаса, кейин нима содир бўлади?

“Ўзбекистон ҳукумати пахта савдосидан энг кўп даромад кўради. Адашмасам валютанинг 60 фоизини улар пахта савдосидан оладилар. Агар биз ҳозирнинг ўзида Волмарт, Теско ва Си энд Эй каби компанияларни Ўзбекистондаги болалар меҳнатига қарши бирлаштира олган бўлсак, бунинг, албатта, оқибатлари бўлади ва Ўзбекистон режимининг чўнтагига тушаётган даромад кескин камаяди”,- дейди Юревич хоним.

Энг нуфузли иқтисодий нашр ҳисобланмиш “Файненшл Таймс” газетасининг ёзишича, Ўзбекистон пахта савдосидан йилига 700 миллион АҚШ долларидан зиёд даромад кўради. Пахта хосилини давлатга қарашли 3 та компания давлат ўрнатган дунё бозоридан анча арзон нарҳда сотиб олади. Ва уни асл баҳода хорижга сотади. “Файнэншл таймс” газетаси президент Каримов мамлакатдаги ҳар қандай норозиликни куч билан бостириб келаётганини таъкидлайди ва Андижон воқеаларини ёдга олади.
Айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати болалар меҳнатидан воз кечмагунга қадар бу борада босим кучаяверади. Тахлилчилар Ўзбекистон пахтани қора бозорда сотиши мумкинлигини инкор этмаётир. Бироқ у ҳолда соҳани назорат қилаётган доиралар пахтини дунё бозорлардаги нархлардан арзонроққа сотишга мажбур бўлади. Бир сўз билан айтганда, ҳозирги вазиятда халқаро жамоатчилик Ўзбекистон ҳукуматига болалар меҳнатидан воз кечишдан ўзга деярли чора қолдирмаётир.
XS
SM
MD
LG