Линклар

Украина Ғарбга ўз радарларини таклиф қиляпти

  • Ҳасанжон

Россия ракета ҳужумидан мудофаа тўғрисидаги узоқ муддатга мўлжалланган шартномадан чиқаётганини эълон қилганидан кейин Украина Ғарб давлатлари билан бу соҳада ҳамкорликка тайёр эканини билдирди.

Украина Ташқи ишлар вазирлиги эълон қилган баёнотда Россия Украинадаги икки радар станциясидан фойдаланиш тўғрисидаги шартномани шу йил бекор қилгани Украинага ракета ҳужумидан мудофаа соҳасида бошқа давлатлар билан ҳамкорлик қилиш имконини яратгани айтилган.

Украина президенти Виктор Юшченко ўз мамлакати Россия билан 1992 йилда имзоланган шартномадан чиққани ҳақидаги фармонни шу ҳафта имзолаган эди. Россиянинг бу шартномани бекор қилишига Украина НАТОга аъзо бўлиш ҳақида альянсга мурожаат қилгани сабаб бўлган.

Украина ТИВ баёнотида айтилишича, Украина Европадаги ҳамкорларга мазкур икки радар станциясини Европанинг ракета ҳужуми ҳақида аввалдан огоҳлантирувчи тизимига қўшишни таклиф қилиши мумкин. Ҳужжатда Украина фазода қандай ўзгаришлар бўлаётганини билишни хоҳлаган давлатлар билан мазкур радар станцияларини уларга ижарага бериш ҳақида келишув имзолаши мумкинлиги билдирилган.

Сўнгги пайтларда Украина раҳбарияти ташқи сиёсатнинг қатор масалаларида, жумладан, Грузиянинг исёнкор Жанубий Осетия ўлкаси борасида ҳам Россияга қарши чиқмоқда.

13 август куни Виктор Юшченко Қора денгиз соҳилида жойлашган Севастопол ҳарбий базасидаги Россия ҳарбий кемалари портни тарк этиш учун Украина президентидан рухсат олиши кераклиги ҳақидаги фармонни имзолади.

Россия қуролли кучлари бош штаби бошлиғи ўринбосари генерал Анатолий Ноговицин бу фармонни “мантиқсизлик”, деб баҳолади ва уни рад қилди.

“Қора денгиз флоти хусусида биз икки томон имзолаган шартномаларга риоя қиламиз. Бу келишувларда Севастополдаги Қора денгиз флотимизнинг мақоми аниқ ва равшан белгиланган. Украина томони ўз позициясини ўзгартиргунига қадар бу ҳақда ҳеч қандай савол туғилмаган эди. Биз бу масалани ўрганяпмиз. Ўйлайманки, яқин фурсатда биз қарор қабул қиламиз. Ҳозир юзага келган вазият узоқ давом эта олмайди. Яна икки томонлама келишувга эришиш лозим”, – деди генерал.

14 август куни АҚШ ракета ҳужумидан мудофаа тизимининг бир қисмини Польша ҳудудига жойлаштириш хусусида Польша ва АҚШ ўртасида дастлабки келишувга эришилган эди. Бу ҳам Россия раҳбарларининг ғазабини қўзғади. Вашингтон расмийлари бу Россия хавфсизлигига таҳдид солмаслигини, мақсад европалик иттифоқчиларни Эрон каби ғаразгўй давлатлар ҳужумидан ҳимоялаш эканини таъкидлаб келмоқда. Эришилган келишувда Польша ҳудудига ракета уриб туширадиган 10 та ракета жойлаштириш назарда тутилган.

Анатолий Ноговицин АҚШ-Польша келишуви Грузия борасида Россиянинг Ғарб билан таранглашган муносабатни янада ёмонлаштиришини таъкидлади.

“Хориж қурилмалари ўз ҳудудига жойлаштирилишига розилик берган давлат маълум мажбуриятларни ҳам ўз зиммасига олади. Гап ҳарбий объект ҳақида бораётгани учун бу ерда қўшимча мажбуриятлар ҳам бўлади. Ҳар бир бундай объект, мени кечирасиз, бу нишон. Мен бу қўшни давлатнинг қизиқиш объектига айланади, демоқчиман. Шунинг учун бундай масалаларда эҳтиёт бўлиш лозим. Агар ҳарбий можаро юз берса, қўшни давлат учун бундай воситалар биринчи навбатда йўқ қилинадиган объектлар ҳисобланади. Шу боис, ҳарбий нуқтаи назардан унга қарши жавоб чоралари кўрилмасликнинг илож йўқ”, – деди Анатолий Ноговицин.

Варшава расмийлари АҚШ ракета ҳужумидан мудофаа тизимининг бир қисмини ўз ҳудудига жойлаштириш хусусида айни шу кунларда келишувга эришилгани Грузиядаги воқеаларга дахлдор эмаслигини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG