Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:40

Ўзбек меҳнат муҳожирлари ўляпти, ҳукумат эса бефарқ


Бундан бир неча кун муқаддам Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида қудуққа тушиб ҳалок бўлган ўзбекистонлик уч фуқаро билан содир бўлган бахтсиз ҳодиса тафсилотлари ойдинлашди.

Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматининг билдиришича, қутқарувчилар воқеа жойига етиб келганида 11 метрлик чуқурликда уч кишининг жонсиз жасадига дуч келган. Улар қудуқ ичидан заҳарли бензин буғи анқиётганини аниқлаган. Кимёвий ҳимоя мосламасини ишлатган ҳолда қудуққа тушган қутқарувчилар унинг ичидан ўзбекистонлик уч фуқаронинг жасадини олиб чиққан. Жасадлар Ўзбекистоннинг Хоразм вилоятидан бўлган 36 ёшли Ҳамид Авлиёқулов, 30 ёшли Шерзод Абдуллаев ва 20 ёшли Шодлик Юсуповга тегишли бўлган,

ФВВ матбуот хизматининг маълум қилишича, ўтказган текширув натижасида ўзбекистонлик бу йигитлар қўшни давлатга қонуний йўл билан келгани ва Чимкент шаҳридаги хусусий уйларнинг бирида қурилиш ишлари билан банд бўлгани аниқланган. Қудуқ қазиш пайтида уларнинг ёши энг кичиги Шодлик 11 метр чуқурликдаги қудуқнинг четига ўрнатилган насос двигателига бензин қуя бошлаган. Бироқ қатлам оғирликка дош бермай, 20 ёшли йигитча қудуққа тушиб кетган. Уни қутқариш учун қудуққа тушган шериклари эса унинг тагида заҳарли бензин буғи борлигини инобатга олмаган. Оқибатда ҳар уччови шу жойнинг ўзида жон берган.

Жанубий Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот органлари бу бахтсиз ҳодиса бўлгани учун мазкур факт юзасидан жиноят иши қўзғатилмаганини маълум қилди.

Айтиш жоизки, сўнгги 2 ой ичида Қозоғистонда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг ҳалок бўлишига олиб келган 3 та ҳолат қайд этилди. Лекин бундай воқеалар тез-тез бўлаётган эса-да, ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевнинг таъкидича, Ўзбекистон ҳукумати ўзга юртлардаги фуқароларини ўз ҳолига ташлаб қўяётир.

“Бунинг энг асосий белгиси, Ўзбекистон элчихоналарида ҳатто хориждаги меҳнат муҳожирлари масаласи билан шуғулланадиган бирорта ҳам дипломат йўқ. Ҳолбуки, Қирғизистон ва Тожикистон элчихоналарида меҳнат муҳожирлари билан шуғулланадиган махсус ходимлар бор. Ўзбекистон ҳатто Қозоғистон ҳукуматининг ўзбек меҳнат муҳожирларининг бу давлатдаги вазиятини яхшилаш ва қонунийлаштириш бўйича киритган таклифини ҳам қабул қилмади. Ўзбекистон ҳукумати меҳнат муҳожирларини ўз ҳолига ташлаб қўйган ва улар қандай аҳволга тушадиган бўлса, ўзлари шундан чиқиши керак. Улар ўладими-қоладими, ҳукумат буни буткул инкор қилиб, уларга ёрдам бераётгани йўқ”,- дейди Тошпўлат Йўлдошев.
XS
SM
MD
LG