Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:22

Президентлар учрашаверади, муаммолар қолаверади


Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 28 август куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган навбатдаги саммитида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ҳам қатнашади.

Тожикистон ТИВ матбуот хизмати бошлиғи Давлат Назриевнинг маълум қилишича, Душанбеда Ўзбекистон ва Тожикистон президентларининг икки томонлама музокаралари ҳам режалаштирилган. Унда сув-энергетика, транзит қатнов ва бошқа масалалар қаторида мавжуд ўзаро виза тартиби муаммоси ҳам муҳокама этилиши кутилмоқда.

Мазкур учрашув арафасида расмий Тошкент ва Душанбе муносабатларида кескинлик сақланиб қолмоқда. Тожикистон томони Ўзбекистонни исёнчи тожик полковниги Маҳмуд Худойбердиевни ўзига қайтариб бермаётганликда, чегараларни миналаштиришда, Тожикистоннинг энергетика мустақиллигини қўлга киритишига тўғаноқ бўлишда айблаб келаётир. Хуллас, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида рўй берадиган ҳар қандай оддий баҳслар ҳам сиёсатга бориб тақаладиган бўлиб қолган.

Аммо таҳлилчилар иқтисодий жиҳатдан Ўзбекистондан заиф Тожикистон охир-оқибат ўзаро муаммоларни бартараф этиш ва муносабатларни яхшилашга эришиш пайида бўлаётганини таъкидламоқда.

“Тожикистон ва тожикистонликлар учун энг яқин қўшни Ўзбекистон. Президентлар ўзаро учрашувларда азалий дўстлик ҳақида гапирса-да, сиёсатда бошқача иш кўради. Менимча, бу ҳийлаларга чек қўйиш керак. Иқтисодиётини тиклашга уринаётган Тожикистон Ўзбекистон билан муроса қилиши зарур”,- дейди мустақил таҳлилчи Исмоил Раҳматов

Икки давлат раҳбарларининг ҳар бир учрашувидан оддий аҳоли виза тартиби енгиллаштирилишини кутади. Аммо виза тартиби қандай кучли бўлган бўлса, ҳали ҳам шундайлигича турибди.
XS
SM
MD
LG