Линклар

Қозоғистонда ўзбек мардикорлари сони камаймоқда


Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги мамлакатга келаётган меҳнат муҳожирлари, хусусан, ўзбекистонлик мардикорлар сони ўтган йилга нисбатан кескин камайганини маълум қилди.

Маҳаллий расмийлар бунга Ўзбекистондаги иқтисодий вазият яхшиланаётгани сабаб бўлиши мумкинлигини эътироф этмоқда.

Уларнинг айтишича, яқин келажакда ўзбекистонликлар ўзга юртларга иш излаб кетмай, ўз юртларида ҳам юқори маошли иш билан таъминланиши мумкин.

Бироқ ўзбекистонлик сиёсатшунос Фарҳод Толипов Ўзбекистон иқтисоди аҳолининг ўзга юртларга тирикчилик мақсадида чиқмай, мамлакат ичида қолиши даражасигача кўтарилгани ҳақидаги фикрларга қўшилмаслигини билдирди.

Унинг таъкидича, Қозоғистонга келаётган ўзбек меҳнат муҳожирлари оқими секинлашгани бошқа мамлакатларда ҳам ўзбекистонлик мардикорлар сони камайганини англатмайди.

“Ўзбекистонлик гастарбайтерлар орасида хорижга чиқаётгани аслида кам эмас. Ўйлашимча, Россияга кетаётганлар сони умуман камаймаган, яъни у ерга юзлаб, минглаб ўзбекистонликлар кетаётганини мен ўзим ҳам ҳар куни кўряпман. Бу масаланинг географик омилларини ҳам ҳисобга олиш керак. Битта Қозоғистон мисолини олиб, қандайдир бир стратегик, жиддий хулосалар чиқариш қийин. Бошқа мамлакатлар билан солиштирган ҳолда таҳлил қилиш керак”,- дейди Фарҳод Толипов.

Қозоғистонлик аксарият кузатувчилар ҳам расмийларнинг Ўзбекистонда иқтисодий аҳвол яхшиланаётгани боис, ўзбек муҳожирларининг қўшни давлатга келиши камайгани тўғрисидаги фикрларига қўшилаётгани йўқ.

Уларнинг сўзларига кўра, ўзбек мардикорлари сафи камайганига Қозоғистон расмийларининг меҳнат муҳожирлари сонини сунъий йўллар билан камайтириш учун қилган ҳаракатлари, жумладан, давлат чегараларида назоратни кучайтиргани сабабдир. Аммо бу ҳаракатлар ноқонуний мигрантлар сони кўпайишига ҳам олиб келиши мумкин.
XS
SM
MD
LG