Линклар

logo-print

Ҳизбчиларга Тожикистонда ҳам кун йўқ

  • Гулнора Равшан

МДҲ чегара қўшинлари раҳбарлари кенгаши қарори билан 4-9 август кунлари Ҳамдўстлик ҳудудида ўтказилган “Дўстлик-2008” амалиёти доирасида Тожикистон чегарачилари “Ҳизб ут–таҳрир” оқимига аъзоликда гумонланган 3 фуқарони қўлга олди.

Тожикистон давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси матбуот хизмати бошлиғи Хушнуд Раҳматуллоевнинг билдиришича, “Дўстлик-2008” амалиётидан кўзланган асосий мақсад МДҲ ҳудудига қурол–аслаҳа, ноқонуний наркотик моддалар, халқаро террорчилар ва ноқонуний меҳнат муҳожирлари кириши олдини олиш бўлган.

“Мазкур тадбир доирасида “Ҳизб ут-таҳрир”га аъзоликда гумонланаётган уч тожик фуқароси қўлга олинди. Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Тергов жараёнига халақит бермаслик мақсадида уларнинг шахси ва Тожикистоннинг қайси давлат билан чегара ҳудудида қўлга олингани ошкор этилмайди”,- деди Хушнуд Раҳматуллоев.

Тожикистонда “Ҳизб ут-таҳрир” террорчи ва экстремистик ташкилотлар қаторига киритилган. Таҳлилчилар эса бу ташкилот чиндан ҳам экстремистик эканини эътироф этади, аммо унинг террор гуруҳи саналмаслигини таъкидлайди.

Мамлакатда ҳизбчиларга қарши кескин чоралар кўрилади. Хусусан, улар Жиноят кодексининг миллий, диний, ирқий адоват қўзғаш, конституциявий тузумга қарши курашиш каби жиноятлар назарда тутилган моддалари бўйича жавобгарликда тортилмоқда. “Ҳизб ут-таҳрир” ғайриқонуний, деб эълон қилингандан бери унга аъзоликда айбланганларга нисбатан ҳали оқлов ҳукми чиқарилган эмас.

Расмий манбалардан олинган маъулмотларга кўра, сўнгги беш йил ичида 600дан ортиқ киши шу партияга аъзоликда айбланиб, турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган.

Куни-кеча ҳам Душанбе шаҳри судида ҳизбчиликда айбланган тожикистонлик 8 фуқаро устидан суд жараёни ниҳоясига етди.

Судя Алпомиш Акбаровнинг билдиришича, ўз гуноҳларига қисман иқрор бўлган айбланувчилар мол-мулкини мусодара қилиш шарти билан 6 йилдан 10 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этилган. Суд давомида айбланувчилар Душанбе шаҳридаги айрим масжидлар ва кўчаларда конституциявий тузумни ўзгартиришга даъват этувчи варақалар тарқатиш ҳамда оммавий даъват билан шуғуллангани аниқланган. Судланувчилар Шуҳрат Умаров, Комил Сувонов ва Маъруфжон Ғозиев уйидан тергов жараёнида ташкилотга тегишли китоблар ва варақалар топилган.

Сиёсий шарҳловчи Абдуғаффор Камол сўнгги бир неча ой давомида сиёсий доираларда “Ҳизб ут-таҳрир” тўғрисида деярли гапирилмай қўйилганини айтар экан, ҳозир салафия ва ҳанафия мазҳаблари ўртасида бошланган баҳслар ҳизбчиларга қўл келаётганини ва улар пайтдан фойдаланиб мамлакатда ўз режаларини амалга оширишга уринаётганини билдирди.

Тожикистонда ўтган йили эълон қилинган амнистия асосида ҳизбчиликда айбланган 19 аёл озодликка чиқарилган эди. Аммо шу айб билан қамоқ жазосини ўтаётган бирорта эркак авф этилгани йўқ.
XS
SM
MD
LG