Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:27

Президентнинг дағдағаси ташвиқот учунми?


Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов ҳукумат йиғилишида болаларни пахта теримига жалб этишга қарши эканини билдирди ва бунга йўл қўйган раҳбарлар жазоланишини таъкидлади.

Президент, шунингдек, агар мактаб ўқувчилари пахта терими важидан дарсларни қолдирадиган бўлса, директорлар қонун олдида жавоб беришини қайд этди ва бу масалани назорат этишни бош прокурор Чори Хўжамуродов ва таълим вазири Муҳамметгелди Аннаомоновга топширди.

Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти вакили Вячеслав Маммедов фикрича, Туркманистонда болалар меҳнатини дағдаға билан эмас, балки қонун билан чеклаш керак. Бунинг учун эса болалар меҳнатига қарши кураш мунтазамлик тусини олиши лозим.

“Қ.Бердимуҳаммедовнинг болалар меҳнатини суиистеъмол қилмаслик ҳақидаги гаплари баландпарвоз тарғиботдан бошқа нарса эмас”,- деди В.Маммедов.

Туркманистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Фарид Туҳватулин эса пахтани машинада териш йўлга қўйилмаган шароитда деҳқонлар фақат ўз кучи билан пахтани териб ололмаслигини эслатар экан, аслида мамлакатда болалар меҳнатидан фойдаланиш 2005 йилдаёқ қонун билан тақиқланганини билдирди.

“Аммо чиқарилган қонунлар ҳаëтга тадбиқ этилмаётир. Масалан, пахта пудрати бўлган мактаб директорлари юқорининг буйруғисиз ҳам болаларни ўз чорбоғларида ишлатмоқда. Балки президент ўзининг дағдағали муштини ўзбилармон мактаб мудирларига кўрсатмоқчидир. Туркман болаларининг мол боқиши, ўт ўриши ва пахта теримига жалб қилинган-қилинмаганини президент кўшкидан туриб билиб бўлмайди. Мармар саройларда ҳокимият гаштини сураëтганлар учун бу ўзига хос тарғибот унсури бўлиб қолмоқда”,- деди Ф.Туҳватулин.
XS
SM
MD
LG