Линклар

“Пахтанинг дастидан Ўзбекистонда илмли одамлар камайиб кетди”

  • Садриддин Ашур

Гарчи Ўзбекистон ҳукумати болалар меҳнатидан фойдаланмаётганини иддао этиб турган бўлса-да, болалар умрлари пахта далаларида ўтиб кетаётгани, ота-оналар эса фарзандлари бесавод бўлиб қолаётганидан шикоят қилмоқда.

Она ҳамма жойда она. Фарзандининг бекаму кўст ўсишини, беғубор болалик оламида пошшодай яшашини ер юзидаги ҳамма она ҳам истайди. Бироқ ўзбекистонлик оналар болалари бир қаричлигидан пахта далаларига кириб кетаётганидан, оиладаги камчилик боис, бўйга етмай туриб лойда ишлаб, ғишт қуяётганидан куяётганини гапиради.

“Мен ҳали элликка кирмасдан ярим жон бўлиб ўтирибман. Менинг оғриганимни кўриб фарзандларимнинг диққати ошади, менга куйинади. Улар билим билан ҳеч нарсага эриша олмаяпмиз-ку, дейишади. Мен болаларим олий маълумотли бўлса, дейман. Мана шунақа ишларда ишламаса. Чунки билими етарли, интизомли, ичмайди, чекмайди. Фақат ўқиш билан банд бўлса. Бизда ҳам мактабларда компьютерлар бўлса. Болаларимизнинг билими кучли, фақат уларга эътибор йўқ”,- дейди жиззахлик Барно опа.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда болаларнинг пахтага жалб этилиши табиий ҳол. Болалар ҳам шунга кўникиб қолган. Баъзида қашшоқ ўзбек оиласи учун болаларнинг пахтага чиқиши эҳтиёжга ҳам айланиб кетган.

“Болаларнинг 50 фоиз вақти пахтада ўтади. Улар шунга мажбур, чунки маблағ керак, ейиш керак, ичиш керак, кийиш керак. Чопиққа чиқади, пахта теримига чиқади. Ремонтга, китобга пул тўлаймиз, деб чиқишади улар пахтага. Очиқдан-очиқ пахтага чиқинглар, деб айтишади. Хўжайинларимиз далада ишлайди, қурилишларда ишлайди, лекин вақтида пул ола олмаймиз. Болаларимизни олиб чиқишга мажбур бўламиз. Масалан, ўзим 3-гуруҳ ногирониман. 2 йил нафақа олдим. Кейин айтган нархини бера олмадим ва чиқа олмадим нафақага. 2 боламни ëнимга олиб пахтага чиқишга мажбурман”,- деди Барно опа.

Барно опа хориж телесериалларида болалар ҳаётини кўриб ҳавас қилишини айтади. Ўзбекистондаги оғир меҳнат эса болаларни жисмонан эзиб қўйяпти, болалар аввалги болалар эмас, нимжон, камқон, бўйлари эса ўсмай қоляпти.

“Биз ҳам болаларимиз яхши яшаса, яхши машиналар минса деймиз. Мана, ҳозир ташқарига айланиб чиқсангиз ëш-ëш болалар ғишт қуйяпти. Бу қанақа қилиб соғлом бўлади? Келажаги қандай бўлади? 6-7 синф болалари ғишт қуйиб сотишга мажбур. Лойга, захга тушиб ишлаяпти. У ҳам рўзғорга ëрдам бериши керак. Чунки отаси кўчадан пул олиб кела олмаса нима қилсин. Ҳозир ëш болалар ҳам рўзғор ташвишига тушиб қолган”,- дейди Барно опа.

Сирдарёлик юқори синф ўқувчиси Ғуломжоннинг айтишича, унинг болалиги пахта даласида ўтди. У шаҳарликларга ўхшаб ёзги таътилда дам олиш масканларига бора олмади, у ўтиб бораётган болалигини алам билан эслайди.

“Ҳар йил 5 сентябрда пахта даври бошланади. Ўшанда ҳамма бола пахтага чиқади. Пахта меҳнати оғир. Теришнинг ўзи бўлмайди. Пахтанинг бўйи паст. Эгилиб теришга тўғри келади. Пахта мажбурий. Чиқмасак гап эшитамиз. Пахтага чиқмасак ҳар хил тадбирлардан қолдиришади. Мактабда яна рейтинг баҳосини пасайтириб юборишади. Шунга ҳамма қўрқиб қийин бўлса ҳам чиқади. Ўқувчи деган ўқиши керак. Пахтанинг дастидан Ўзбекистонда илмли одамлар камайиб кетди”,- дейди Ғуломжон.
XS
SM
MD
LG