Линклар

logo-print

Ким эдигу ким бўлдик?

  • Сарвар Усмон

http://tbn0.google.com/images?q=tbn:HfLyFT2L8g8hYM:http://www.msu.uz/img/news2_2809.jpg Одамлар тез-тез ўзларига бериб турадиган бу савол остида яқинда “Моҳият” газетасида ўзбекистонлик бир ҳамкасбимиз мақола ёритди. Мустақиллик байрами олдидан битилган мақолада муаллиф ортда қолган 17 йил ичида Ўзбекистон ёнилғи ва ғалла мустақиллигига эришгани, бу кунларга осонликча етилмагани тўғрисида фикр юритган.

Олма ўрик бўлолмайди. Ўрик дарахти шафтоли тугмайди. Бу табиат қонуни.

Жамиятнинг қонуниятлари бошқачароқ. Жамиятда кўз очиб юмгунча ақл бовар қилмас ўзгаришлар юз бериши мумкин.

Фарғоналик Тешабой ака ўша ўзгаришлар тўғрисида гапириб: “Мустақиллигимизга 17 йил бўлаëтган бўлса, унинг одамларга берган имкониятлари бор. Мен бундан ҳеч қачон юз ўгирмайман, кўз юммайман. Бироқ ижобий томонга қараганда салбий томонга кўпроқ босиб кетяпти. Сабаби, илгари инсонга ўхшаб қадр-қимматимиз бўларди. Бир камчилик бўлса, арзингизни бориб айтсангиз, бир камчиликни матбуотда кўтариб чиқсангиз, биров бир эътибор кўрсатарди. Одамларнинг матбуотга ишончи зўр эди. Мана, Мустақиллик бўлиб, жамиятимизда одамларнинг қадр-қиммати ниҳоятда тушиб кетди. Ҳамма нарсанинг ўлчови битта: у ҳам бўлса пул. Порахўрлик. Лавозимларни очиқ пуллашгача етиб боряптики, бу нарса ҳақида мен илгари умуман тасаввурга эга бўлмаганман. Чунки совет даврида очиқ-ойдин порахўрлик бу даражага чиқмаган эди”,- деди.

Хуллас, пора олувчилар ва пора берувчилар юртига айланиб қолди юртим¸ дейди фарғоналик Тешавой ака.

Ким эдингизу ким бўлдингиз? Саволни андижонлик бирликчи Акбаржон Ориповга ҳам бердик:

“Ким бўлардик. Олдин оддий бир ўқитувчи эдик. Ўзимизнинг ўзбекистонлик эканимиздан, ўзбек эканимиздан анча фахрланардик. Авлодларимиздан фахрланардик. Ҳозирги кунга келиб миллатимизнинг фахрланадиган нарсаси мардикорлик, фоҳишалик, қочоқлик бўлиб қолди”.

Бирликчи Акбаржон Орипов ўзи айтаётган сиёсий қочқинлардан бири. Шу кунда бир неча юзлаб ўзбекистонлик қочқин хорижда, сиёсий бошпанада яшамоқда.

Мана бу йигит эса А.Орипов айтаётган меҳнат мигрантларидан бири. У шу кунда Россияда.

Ҳозир ëшингиз нечада?

27да.

Мустақил бўлганимизда 10 яшар бола эдингиз, шундайми? Ҳозир кимсиз?

Бир мусофирман.

Нимага мусофирликда юрибсиз?

Пул излаб, пул ишлаш учун.

Шу пулни мустақил Ўзбекистонда топсангиз бўлмайдими?

Йўқ. Ўзбекистонда оз топамиз.

Ҳозир мусофирликда қанча топяпсиз?

Бир ойда 500-600 доллар.

Ўзбекистонда қолиб ишласангиз қанча топардингиз?

100-150-200.

Шу пулни нима иш қилиб топган бўлардингиз?

Бозорда олди сотди қилиб.

Бозордан бошқа иш йўқми?

Йўқ.

Ҳозир Россияда нима иш қиляпсиз?

Қурилишда ишлайман. Уй қуряпмиз.

Демак, суҳбатдошлар фикрича, Ўзбекистон Мустақиллик йилларида пора олувчилар ва пора берувчилар юртига, ўзбеклар қочқинлару мардикорларга айланди.

“Моҳият” газетаси фикрича эса Ўзбекистон Мустақиллик йилларида ёнилғи ва ғалла мустақиллигига эришди.

Нима учун газета билан оддий ўзбекистонликнинг тили бир жойдан чиқмаяпти?

Бунинг сабабини балки 17 йил муқаддам юз берган энг катта эврилишдан – коммунистларнинг бир кечада демократларга айланиб қолганидан излаш керакдир.

Олма ўрик бўла олмайди. Ўрик дарахти шафтоли тугмайди. Бу табиат қонуни.

Жамиятнинг қонуниятлари бошқачароқ...
XS
SM
MD
LG