Линклар

Козулин ҳукуматдан товон талаб қиляпти

  • Ҳасанжон

Ўтган ҳафтада Беларус президенти Александр Лукашенко томонидан авф этилган мухолифат етакчиси Александр Козулинни давлат раҳбари авфини маънавий нуқтаи назардан қабул қилмаслиги, аксинча, реабилитация қилинишини ҳамда етказилган маънавий зарар учун давлат унга икки миллион евро пул тўлаши кераклиги талаб қилди.

2006 йилнинг март ойидан бери 5,5 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган А.Козулиннинг рафиқаси шу йил февралида саратон касаллигидан вафот этганида Беларус расмийлари унинг дафн қилиш маросимида қатнашишига рухсат берганди.

Кейин маълум бўлишича, рафиқаси ўлмасдан олдин Александр Лукашенко А.Козулинга рафиқасини даволатиш учун чет элга олиб бориб мамлакатга қайтиб келмасликка рози бўлса, қамоқдан чиқариб юборишни таклиф қилган. Аммо А.Козулин ва рафиқаси бу шартни рад қилган.

Ғарб давлатлари А.Козулинни авф этилишини олқишлаб, буни Ғарб ва Минск расмийлари ўртасидаги муносабатни яхшилаш сари олдинга ташланган қадам сифатида баҳолади.

АҚШнинг Минскдаги элчиси Жонатан Мур А.Козулиннинг авф этилгани каби бошқа чоралар ҳам кўрилиши Вашингтон ва Минск ўртасидаги муносабатлар яхшиланишига салмоқли хисса қўшишини билдирди.

Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси вице президенти, беларуслик ҳуқуқ ҳимоячиси Алес Бяляцкий Козулиннинг қамоқдан озод этилишидан ҳам Беларус ҳукумати, ҳам ҳуқуқ ҳимоячилари наф кўришини таъкидлади.

“Бу Беларусдаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва хориждаги турли ташкилотлар, ҳукумат ва турли ноҳукумат ташкилотлар бирга эришган ютуқ. Бунга биз ҳам хисса қўшганмиз. Шу боис, мен бу хабарни катта хурсандчилик билан қаршиладим. Мен бу тенденция Козулиндан кейин ҳам давом этишини хоҳлайман. Чунки Беларусда яна икки сиёсий маҳбус бор”,– деди Алес Бяляцкий.

Алес Бяляцкий икки сиёсий маҳбус деганда Андрей Ким ва Сергей Парсюкевични назарда тутди. Андрей Ким январь ойидаги намойиш пайтида милиция ходимига ҳужум қилганлик айби билан апрел ойида 18 ойга қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Сергей Парсюкевич эса айни намойишда қўриқчини калтаклаганлик айби билан 30 ойга қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Ўзининг қамоқдан озод қилиниши борасида режалаштирган матбуот анжуманини 20 августгача кечиктирган А.Козулин мухолифатнинг қатор аъзолари, жумладан, социал-демократ Микалай Статкевич билан ҳам учрашди.

М.Статкевич “Озодлик”ка берган интервьюсида А.Козулин Беларус социал демократик партияси раҳбари лавозимидан шу ой бошида четлатилганига қарамай, у сиёсатга қайтиши кераклигини таъкидлади.

“Албатта, жаноб Козулин расман партия раҳбари лавозимида бўлмаса ҳам у ўз партияси етакчиси ҳисобланади. Бу Беларус сиёсатида муҳим аҳамиятга эга. Жасурлиги туфайли орттирган имкониятларидан қандай фойдаланиши унинг ўзига боғлиқ”, – деди Микалай Статкевич.
XS
SM
MD
LG