Линклар

Россия фуқаролари қаерда бўлса, рус армияси ўша ерда бўлади…ми?


Ўзбекистондаги ҳуқуқ ҳимояси ташкилотларини бирлаштирган “Тезкор ҳаракат гуруҳи” Россия ва Грузия ўртасида Жанубий Осетия учун бўлиб ўтган урушдан сўнг Марказий Осиё мамлакатлари расмий Кремлдан эҳтиёт бўлиши зарурлиги ҳақида баёнот тарқатди.

Гуруҳ таҳлилига кўра, бундан буён ҳам Россия ўз фуқароларини ҳимоя қилиш баҳонасида МДҲнинг бошқа мамлакатларида агрессив сиёсатини давом эттириши эҳтимолдан узоқ эмас.

Россия Грузияда бўлгани каби амалиётларни МДҲнинг бошқа аъзоларига нисбатан ҳам қўллаши мумкинми? Умуман, бу можародан сўнг Кремль ўз сиёсатини қай тарзда давом эттиради? Бугунги кунда кўпчилик Интернет нашрлар мана шу саволлар атрофидаги таҳлилларга ўрин бермоқда. Айрим таҳлилчилар фикрича, Россия “Россия фуқаролари қаерда бўлса, рус армияси ўша ерда” қабилидаги янги сиёсатини давом эттириши мумкин.

Ўзбекистоннинг мухолифатидаги “Эрк” демократик партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳ бу ҳақда фикр билдирар экан: “Совет давлати қулагандан кейин Россияда давлат комплекси пайдо бўлди. Русларда “Катта бир давлат эдик, совет империяси йиқилиб кичкина давлат типига айландик”, деган бир комплекс пайдо бўлди. Бу комплексни ҳозир йўқ қилиш учун ҳам сиëсий, ҳам иқтисодий жабҳада Россиянинг сиëсатчилари гўë бир миллий ғоя яратиш йўлида биргалашиб ҳаракат қиляпти. Аслида бу миллий ғоя яна эскисига ўхшаб бошқа халқларнинг устидан гегемонлик қилиш каби бир ниятга олиб боряпти”,- деди.

Айни пайтда Россия Грузияга нисбатан сиёсатини бошқа мамлакатларга қўлламайди, Россиянинг Грузиядаги амалиётлари Кремль учун катта ютқизиқ бўлди, деган фикрлар ҳам мажуд.

“Россия Грузияга нисбатан тутган ўз йўлини бошқа мамлакатларга нисбатан ҳам тутади, деган фикрда эмасман. Чунки бу йўл Ғарб давлатларида ва ЕИда катта танқидга учради. Шунинг учун ўйлайманки, халқаро муносабатларда ва айни пайтда МДҲ мамлакатларига ўтказаëтган сиëсатларида ҳам эҳтиëт чораларини кўриб Грузияга нисбатан тутган йўлини бошқа мамлакатларга тутмайди, деган фикрдаман”,- дейди тошкентлик таҳлилчи Тошпўлат Йўлдошев.

Москвалик таҳлилчи Санобар Шерматова фикрича, Россия ва Грузия ўртасида бўлиб ўтган можаро расмий Кремлнинг собиқ постсовет давлатларга нисбатан сиёсати ўзгариши мумкинлигидан далолат эмас.

Шундоқ экан, МДҲ, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти каби бир қатор иттифоқларга бирлашган бир давлатнинг худди ана шу иттифоқдаги давлатга нисбатан хуружини қандай баҳолаш мумкин?

“МДҲ ташкил этилганидан бери ўтган 16 йил давомида Россия биринчи марта ўзининг расмий ҳамкори бўлган давлат ҳудудига бостириб кирди. Бунинг бир қатор сабаблари бор. Энг аввало, бу ерда Россиянинг иқтисодий манфаатлари ётибди. Иккинчидан эса Грузия Озарбойжон ва Украина каби ўта ғарбпараст давлатдир. МДҲ таркибига назар соладиган бўлсак, бу ҳамдўстлик ҳеч қачон сиёсий мафкура ёки сиёсий якдиллик асосида тузилмаганига иқрор бўламиз. МДҲга аъзо давлатларни фақат иқтисодий манфаатлар бирлаштирган ва шунинг учун ҳам бу тузилма ҳеч қачон сиёсий масалаларни ҳал этган эмас. Грузия фақат Россиянинг босими туфайлигина МДҲга аъзо бўлган эди. Шу кунгача Россия қарамлигидан қутила олмаган минтақа давлатлари учун эса бундай хавф йўқдир”, - деди С.Шерматова.

Қирғизистонда эса Россия Грузияга нисбатан тутган йўлини Марказий Осиёга нисбатан ҳам қўллаши эҳтимолдан йироқ эмаслигини таъкидлаётганлар талайгина.

“Қирғизистон шимолида асосий халқ руслар. Агар қанақадир даражада бирор бир камчилик чиқадиган бўлса, бизга ҳам Россиянинг бостириб келиш хавфи бор. Чугки бизда ҳам АҚШнинг ҳарбий ҳаво базаси бор. Бир неча марта Россия тарафидан ëлланган кишилар томонидан пикетлар ўтказилди. Ҳозир Коммунистик партия орқали бу масала парламентда кўриляпти. Қирғизистонда ҳарбий ҳаво базаси мавжуд экан, Россия ҳар хил баҳоналар билан агрессия қилиши мумкин”,- дейди қирғизистонлик Иззатулла Раҳматуллаев.

Бироқ тожикистонлик ёзувчи Мақсуд Жўра бу борада бошқача фикр билдиради.

“Грузия воқеаларидан кейин Россия собиқ иттифоқдош республикаларга, хусусан, МОга нисбатан яна ҳам яқинлашиши керак. Россия шундай мақсадни ўз олдига қўйса керак. Россия ҳеч қачон ўз биқинидаги мамлакатларга эътиборсиз бўла олмайди. Эртага тухум қўядиган товуққа бугундан дон беришни бошлайди. Бундан у катта манфаат кўради”,- дейди Мақсуд Жўра.
XS
SM
MD
LG