Линклар

Тожикистоннинг озиқ-овқат хавфсизлиги ачинарли аҳволда

  • Гулнора Равшан

Бир қатор хорижий ташкилотлар Тожикистоннинг иқтисодий вазиятидан ташвиш билдириб, бу мамлакат аллақачон ўз иқтисодий хавфсизлигини қўлдан берганини таъкидламоқда.

Жумладан, Voice of Freedom ташкилоти ҳам ўз йиллик ҳисоботида шундай хулоса қилди.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон жорий йил мамлакат бўйлаб сафари чоғида халқини ҳар қарич ердан унумли фойдаланиш ва бир йилда икки йиллик озиқ-овқат захираси жамғаришга киришишга чақирган эди.

Тожикистонлик иқтисодчилар ва олимлар дарҳақиқат мамлакат иқтисодий хавфсизлиги вазияти ўта ташвишли эканини таъкидламоқда.

Халқаро меъёрларга кўра, агар озиқ-овқат импорти ҳажми 20 фоизни ташкил этса, бу мамлакат иқтисодий хавфсизлиги издан чиққанидан дарак беради. Тожикистонда эса бу кўрсаткич бир неча баробар катта.

Тожикистонда пахта етиштириш аввалги йилларга қараганда бир неча баравар камайиб кетгани туфайли юзага келган чигит билан боғлиқ муаммолар сабабли ўсимлик ёғи Эрондан импорт қилинади. Ун эса Россия ва Қозоғистондан сотиб олинади.

Тожикистон давлат статистика қўмитасидан олинган маълумотларга кўра, 2008 йилнинг биринчи ярмида истеъмол нархлари 11 фоиз ошган.

Ўтган йилги қаҳратон туфайли деҳқонлар кузда эккан буғдойидан яхши ҳосил ололмади. Катта қисми ташқаридан олиб келингани сабабли буғдой, ун ва ун маҳсулотлари нархи бир неча баравар ошиб кетди. Илгари бир сомоний бўлган нон эндиликда икки сомоний, яъни қарийб 70 центга тенг.

Оддий кишилар истеъмол нархи расмийлар айтаётганидек 11 фоиз эмас, балки 50 фоизгача ошиб кетганини билдирмоқда. Айни пишиқчилик мавсуми бўлишига қарамай, Душанбенинг Шоҳмансур бозорида картошка 1,5-2 сомоний, гуруч 9 сомоний, бир дона тухум 60 дирам, помидор 3 сомоний, ҳўл мевалар эса бундан-да қиммат.

Харидорлар ҳам, сотувчилар ҳам бу маҳсулотлар нархи сўнгги икки ҳафтада икки, ҳатто уч баравар қимматлаганидан ташвиш билдирди. Улар бу маҳсулотларнинг кўпи ташқаридан, масалан, картошка Покистондан, тухум Эрондан, гуруч Ўзбекистон ва Афғонистондан олиб келинишини айтди.

Иқтисодчи Хожамуҳаммад Умаров Тожикистон иқтисодий хавфсизлик остонасидан аллақачонлар ҳатлаб қўйганини билдирар экан, мамлакатнинг бу аҳволга тушиб қолишига деҳқонларнинг мавжуд ерлардан унумли фойдаланмаётгани сабаб эканини қайд этди.

“Тожикистондаги иқлим бир йилда 2-3 марта ҳосил олиш имконини беради. Агар бу имкониятлардан унумли фойдаланилиб деҳқонларга шароит яратилса, ташқаридан буғдой импорт қилишга зарурат қолмайди. Буларнинг ҳаммасини қилса бўлади, аммо бунинг учун деҳқон хўжаликларини молиялаштириш тизимини ўзгартириш, сув ва энергия билан таъминлашни тиклаш ҳамда ҳосилдорликни ошириш зарур. Аммо, афсуски, деҳқонлар муаммоси давлатни қизиқтирмай қўйган”,- деди иқтисодчи.

Айрим сиёсий партиялар вакиллари Тожикистон маҳсулот импорти учун фойдаланадиган ягона темир йўл тармоғи бир қанча вақтга бўғиб қўйилса, мамлакатда очлик бошланишини таъкидламоқда. Тожикистондаги ички низолар чоғида кузатилган бундай ҳаракат негадир расмийлар учун сабоқ бўлмаганини айтмоқда таҳлилчилар.
XS
SM
MD
LG