Линклар

logo-print

Совет қўшинлари Прагани қонга ботирганига 40 йил тўлди

  • Абдулла Искандар

http://gdb.rferl.org/0D22C776-D7A8-4317-A386-083E303B76E9_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/0D22C776-D7A8-4317-A386-083E303B76E9_mw800_mh600.jpg Бундан роппа-роса 40 йил бурун - 1968 йилнинг 20 августида КПСС МК қарорига кўра, СССР, Польша, ГДР, Венгрия ва Болгария дивизияларидан таркиб топган қўшин Чехославакияга бостириб кирган эди.

Чехословакия компартияси бош котиби Александр Дубчек раҳнамолигида бошланган ва тарихга “Прага баҳори” номи билан кирган бахмал инқилобни бостириш вазифаси юкланган эди совет танкларига. Александр Дубчек социализмга инсоний қиëфа бахш этиш ниятида цензурани бекор қилган ва мамлакатда кўппартиявийлик тизимини қарор қилиш ниятида эди.

Прага радиоси журналистлари совет қўшинлари ишғолини қоралаб гапира бошлади. Аммо хонага кириб келган совет КГБчилари эшиттиришни дарҳол тўхтатишни талаб қилди.

Ўша куннинг ўзидаëқ Чехословакия ҳудудларида 12 та яширин радиостанция ишга тушиб, совет ишғоли хунрезликлари ҳақида гапира бошлади. Айни радиостанциялар рус тилида ҳам эшитиришлар бериб рус аскарларига хитоб қилиб: “Қилаëтган ишингиз шармандали ва уятлидир. Агрессорлар ҳужумида иштирок этманг”, дея тинимсиз таъкидлади.

Бундан 40 йил олдин Чехословакияга бостириб кирган аскарлар ичида кейинчалик ўзбек мухолифати лидерига айланган Муҳаммад Солиҳ ҳам бор эди. У ўша кунни бундай эслайди:

“1968 йил апрель ойида мени Совет Армиясига чақиришди. Бизнинг эшелон Можористонга (“ЮГВ - Южная Группа Войск”) йўл олди. Манзил Можористоннинг Секешфехервар шаҳрида жойлашган махсус разведка батальони эди. 1968 йил май ойида дивизиямиз Можористоннинг Хаймашкер шаҳрига қараб йўлга чиқди. Бу шаҳар Чехословакия чегарасида эди. Бизга “бу ҳаракат қўшинларнинг жанубий гуруҳи ҳарбий машғулотлари доирасида” бўлаётганини билдиришди. Аммо ҳеч қандай ҳарбий машғулот бўлмади. Дивизиямиз то 20 августгача Хаймашкер шаҳрининг бир чеккасида лангар ташлаб турди ва биз икки ярим ой чодирларда яшадик. Албатта, биз бу ерга социалистик тузумга қарши исён кўтарган ўлкага бостириб кириш учун келтирилганимизни тахмин қила олардик, холос. Ниҳоят, 19 август куни бизнинг махсус разведка батальонимиз тўла янгидан қуроллантирилди: бизга эски АК (Калашников автомати) ўрнига АКМ (Модернизацияланган Калашников автомати) берилди. Ҳар аскар учта ўқ тўла ўқдон, шовқинсиз отиш мосламаси, иккитадан Ф-1 гранатаси билан таъминланди ва “ўлимга ва ўлдиришга ҳозир бўлинг, чехословак қардошларимизни Ғарб буржуазияси ва капиталистик дунëнинг тузоғидан қутқаришга боряпмиз”, дейишди. Қуролнинг инсонга берадиган озодлик ҳиссини сезган пайтимда мен 18 ярим ёшда эдим. Дивизиямиз 20 август соат 21 да Хаймашкер шаҳридан чиқиб кета бошлади. Чехословакия чегарасини ярим кечада кесиб ўтдик. Чегарада ҳеч ким қаршилик қилмади, чунки чехословак аскарлари можор аскарлари томонидан қуролсизлантирилган ва уларнинг ўрнида Можористоннинг аскарлари турарди. Улар бизни олқишлар билан қаршилади”.

Чехословакия ишғоли 18 яшар Муҳаммад Солиҳ учун жасорат дарси бўлган эди:

“У ерда мен олган дарс шундай бўлдики, чехословак халқи, биз у пайтда шундай дер эдик, чех ва словак демас эдик, 1968 йилда кўрган воқеалар биз 1988 йилда кўрадиган воқеаларнинг прототипи эди”.

Бундан 40 йил муқадам “Озодлик” радиоси Прага ишғоли ҳақида мана буларни гапирган эди:

“Биринчи куннинг ўзидаëқ рус оккупантларига қарши стихияли қаршилик бошланди. Прага кўчаларида иккита совет танки ва қурол-яроғ ташийдиган икки юк машинаси ëндириб юборилди. Совет ишғолининг биринчи кунида оккупантлар тинч аҳолидан 4 кишини ўлдирди ва 180 кишини яралади.
Братислава шаҳрида 3 киши ўлдирилди. Кошица шаҳрида 17 яшар йигит рус аскари томонидан шафқатсизларча ўлдирилди. Совет қўшинлари мактаб ўқувчиларини ўққа тутиб яралади. Либерец шаҳри аҳолиси оккупантларга қаршилик қилгани учун 6 киши отиб ташланди ва 47 киши ярадор қилинди. Кошица шаҳрида совет қўшинлари 10 кишини ўлдирди”.

Ишғолчи қўшин сафида Чехословакияга кирганлар орасида қозоғистонлик Иброҳим Исаев ҳам бор эди. Иброҳим Исаев 40 йил ўтиб бу воқеаларни босқинчилик, деб атади.

1968 йил 21 августдан 22 августга ўтар кечаси Прагада нотинч ўтди. Оккупантлар комендантлик соати жорий қилди. Кўчалар танклар билан тўла эди. 1968 йилда Чехословакия компартияси МК аъзоси бўлган Винек Шилган эслайди:

“Мен охиригача тушунмай қолдим. Бу танклар тинчликни таъминлайди, деган фикр қаердан пайдо бўлди ўзи. Қўпол ва бемаъни иддаони қаранг. Кўчадан бостириб кириб бизга қанақа яшаш лозимлигини ўргатишмоқчи бўлишди. 21 август куни менинг мамлакатим танклар ва бегона кийимдаги ҳарбийлар билан лиқ тўлди”.

Ўша ғайтда Прагани ишғол қилган совет генерали Александр Майоров орадан 40 йил ўтиб, мана буларни гапиради:

“Агар 1945 йилда прагаликлар кириб борганимизда бизни олқишлашган бўлса, 21 август куни кириб борганимизда бизни лаънатлаб қарши олишди. Юзимизга тупуришди. Баъзи жойларда тўқнашувлар ҳам бўлди”.

Мамлакатнинг словаклар яшайдиган қисмида эса одамлар бироз сокин қаршилик кўрсатди, деб эслайди Муҳаммад Солиҳ:

“Биз Братислава кўчаларида одамларнинг бир жойга тўпланиб, катта оломонга айланишининг олдини олишимиз керак эди. Бир марта кўчада турган совет танкига ёқилғи тўлдирилган шиша ("Молотов коктейли") ирғитдилар ва бунга қарши танкдагилар оломонга қараб ўқ узди. Кўплар ярадор бўлди, битта қизча ўлди. Братиславаликлар бу қизнинг жасадини “совет аскарининг қонхўрлиги намунаси сифатида” бутун шаҳар бўйлаб олиб юрди. Шаҳарнинг асфальт йўлларига катта ҳарфлар билан “Москвагача шунча км масофа бор, оқ йўл - даф бўлинглар!” каби шиорлар ёзилганди. Аммо словаклар тарафидан бизга қарши очиқ кураш бўлмади”.

Прагада совет қўшинлари марказий телефон ва радиостанцияни эгаллади. Одамларнинг қўлидаги радиоприëмник ва транзисторлар тортиб олинди. Аммо яширин радиостанцияларнинг овозини совет ишғолчилари ўчира олмади.

“Тунги соат тўртда дивизиямиз Братислава шаҳрига кириб борди,- эслайди Муҳаммад Солиҳ. - Шаҳар аҳли ички кўйлакларида кўчага чиққан ва нима бўлаётганини тушуна олмай, бизнинг ким эканимизни англаёлмай, гарангсиб турарди. Биз Дунай дарёсининг кўпригидан ўтиб, бир ҳашаматли қасрга кириб бордик. Унинг номи “Братиславсий Храд” бўлиб, бу ерда қачонлардир Наполеон тўхтаган экан. 1968 йил 21 августда эса бу ерда совет генерали Бондаренконинг дивизияси штаби ва биз - разведка батальони қароргоҳ қурди. Бу тарихий қасрнинг ичи ва атрофи ям-яшил чим билан қопланган эди. Биз шонли совет аскарлари бу гўзалликни саноқли дақиқалар ичида ер билан бир этдик, топтаб ташладик. Биз қасрда ерда, эски тарихий диванларда, узун ва залворли тарихий столларда, фортепианолар устида ухладик ва илк тонгда йирик калибрли пулемёт ўқлари сасидан уйғондик. Словак “аксилинқилобчилар”и қасрдан беш юз метр наридаги минорадан бизга қараб отарди. Ўқлар қасрнинг тош деворларига тегиб атрофга тош парчаларини сачратди. Ҳаммамиз қуролга ёпишдик. Аммо ўқ саслари тезда тинди. Маҳаллий радио “Жонажон Братиславанинг генерал Бондаренко тўдалари тарафидан босиб олингани” ҳақида хабар берди. Биз 18-19 яшар йигитлар учун генералга нисбатан ҳақорат бўлиб эшитилар эди ва биз бундай жасоратни кўриб ҳайрон қолганмиз”.

Готвалд шаҳридаги яширин радиостанция хабарига кўра, чехословак болалари совет қўшинларини тошбўрон қилган. Совет аскарлари эса уларга қараб ўт очган. Оқибатда икки ëш бола ярадор бўлган.

1968 йилнинг август ойида фин кинодокументалисти Рейо Никкило Прага ишғолини суратга олган беш фотографнинг бири бўлди. У бўйнига магнитофон осиб, кўрганларини микрофонга гапирар ва қўлидаги фотоапппаратини тинимсиз шиққиллатиб суратга олар эди.

Мана ўша фотсуратлар. Улар жуда кўп. Мана танклар. Ëнаëтган зирҳли машиналар. Буларнинг ҳаммаси жуда яқиндан туриб суратга олинган.

Сиз нега ўзингизни хатарга қўйдингиз ўша вақтда?

“Биринчидан, мен бундай тарихий жараëн суратларга муҳрланиши зарурлигини билар эдим. Иккинчидан, мен учун совет оккупацияси бир шок бўлган эди. Чунки мен коммунизм ғояларига ишонган бир идеалист эдим. Мен совет коммунистларининг шунчаликка боришини хаëлимга ҳам келтирмаган эдим. Мен бу суратларни жуда яқиндан туриб олдим. Мен агрессорларга қарши курашда ўлишга ҳам ҳозир эдим”,- дейди Рейо Никкило.

Мана бу суратда одамлар ëқиб юборган 6 та танк акс этган . Уни қандай суратга олган эдингиз?

“Мен бу танклардан 15 метр нарида эдим. Энг хатарлиси, ичи қурол билан тўлган юк машинаси ағдарилганда юз берди. Бир қанча одам машина тагида мажақланиб ўлди. Мен буларни иккинчи қават балконидан туриб суратга олдим. Кейин яқинроқдан суратга оламан, деб кўчага чиқишим билан ўша бинога совет ракетаси келиб тегди ва бинонинг кули кўкка совурилди. Агар мен ўша ерда бўлганимда тирик қолмас эдим”,- дейди фин кинодокументалисти.

Ўша пайтда Прагада бўлган ва кейин Францияга кетиб қолган артист Дмитрий Рафаэлский эслайди:

“Биз Карлин маданият уйининг бир гуруҳ артистлари эдик. Ертўлада оккупантларга қарши дастурни магнит лентасига ëзиб кейин тарқатар эдик. Виногради кўчасидаги чех радиоси советлар назоратида эди. Аммо Растиваржда қанақадир эски радиостанция бор экан. Ўша ердан эфирга чиқдик. Хуллас йўлини топдик. Мен ҳатто ўшанда гармон ва гитара жўрлигида қўшиқ ҳам айтганман.

Эй, сиз, совет аскарлари
Болаларни ўлдирмоқдасиз.
Биз эса бундан хурсанд эмасмиз.
Кетинг бу ердан, йўқолинг.
Мен сизга бир сир айтайин
Контрреволюция йўқлиги тайин.
Боринг, кетинг бу ердан.

Шунақа қўшиқ куйладим хуллас. Ҳатто кўчаларда “Иван уйингга кет, сени Наташа кутяпти”, деган ëзувлар пайдо бўлди. Кўчаларда рус тилида сўзлаш хатарли эди. Русларга нисбатан нафрат ўта кучли бўлди”.

Шундай қилиб, Чехословакияда совет ишғоли 20 йилга чўзилди. 1989 йилда социалистик лагер, дея аталган омонат уй чок-чокидан сўкилиб адо бўлди. Москванинг темир қўли суқиб киргизган коммунизмнинг оëғи бир пасда осмондан келди.

Чехияни ишғол қилган генерал Александр Майоров давр сабоқлари ҳақида гапиради.

“Буëғи энди тарих. Абадийлик сувларига чўккан бир воқелик. Аммо Чехословакия воқеалари сабоғи, минг афсуски, ҳозирги сиëсий раҳбарларга дарс бўлмади”.

Чехословакияда қолган кунларини эслар экан, Муҳаммад Солиҳ қуйидагиларни айтди:
“Бизнинг ёнимизга ёш словак ва чехлар - артиллерия техникуми курсантлари келиб, варақалар тарқатди. Улар ўз варақаларида бизни суверен Чехословакия ишғолига барҳам беришга даъват этарди. Калта этакли кўйлак кийган гўзаллар бизга тарқатган варақаларида бизни бошлиқларимиз алдаганини англатар эдилар. Улар нажоткор эмас, ишғолчи эканимизни бизга тушунтиришга уринардилар. Улар бизга тезроқ уйларимизга қайтишимизни, бизни кутаётган севимли ёру дўстлармизга тезроқ қовушишимизни тавсия қилардилар. Улар бизни бизнинг виждонимизга қулоқ солишни маслаҳат берардилар. Улар бизни қуролсиз кишиларга қурол кўтаришнинг ғайри ахлоқий ҳаракат эканини тушунтиришга уринардилар. Бу халқ чиндан ҳам қуролсиз эди. Хуллас, бизнинг бузуқ русчада жараён этган давомли суҳбат ва баҳсларимиз бизни ерли халқ билан кутганимиздан кўпроқ яқинлаштирди. Ерликлар бизга ҳар куни пиво олиб кела бошлади. Қўмондонларимиз “ичманглар, заҳарланган бўлиши мумкин”, деб бизни огоҳлантирарди, аммо ўзлари бу пивони ичарди. Шундай қилиб, совет пропагандасининг “аксилинқилобчи чехословаклар” афсонаси секин-аста эрий бошлади. Кўриб турганимиз эшитганларимизни тўла рад қилганди. Биз у пайтларда совет қўшинларининг Чехословакияга кирганига норозилик билдириб, Қизил майдонга чиққан бир ҳовуч совет мунавварининг кичик, аммо оламшумул баёнотидан хабарсиз эдик. Лекин улар билан бизнинг фикрларимиз энди бир-бирига менгзар эди. Биз энди совет пропагандасига ишонмас эдик. Биз Чехословакияда уч ой қолдик. Можористонга 1968 йил ноябрь ойининг охирларида қайтдик”.
XS
SM
MD
LG