Линклар

Ўзбекистон фуқароси пора беришда айбланмоқда

  • Ҳасанжон

Россиядаги ахборот агентликлари хабарига кўра, Нижний Новгород вилоятининг Приокский туманида ГАЗ-33023 русумли автомобилни бошқариб кетаётган Ўзбекистон фуқароси автоинспекторга пора бераётган пайтда қўлга олинган.

Маълум бўлишича, йўл ҳаракати қоидасини бузган Ўзбекистон фуқароси баённома тузилиб, маъмурий жазога тортилмаслик учун автоинспекторга 500 рубль бермоқчи бўлганида ушланган. Воқеа юзасидан Ўзбекистон фуқаросига қарши Россия Жиноят кодексининг 291-моддаси, яъни пора берганлик айби билан жиноят иши қўзғатилган.

Приокский тумани прокуратураси терговчиси “Озодлик” билан суҳбатда воқеа юзасидан тўлиқроқ тафсилот бера олмаслигини билдириб: “Жиноят кодексининг 291-моддасида узоқ муддатли жазо белгиланмаган. Бу модда бўйича айбланган шахслар 200 минг рублгача жарима тўлаши, ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилиниши ёки кўпи билан уч йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин”, – деди.

Сўнгги йилларда ўн минглаб ўзбекистонлик Россиянинг турли вилоятларига бориб ишламоқда. Жумладан, Нижний Новгоров вилоятида ҳам ўзбекистонликлар турли соҳаларда ишлаб пул топмоқда. Россияга келиб ишлаётган марказий осиёликлар орасида эса миллатчилик асосида содир этилаётган жиноятлар қурбонлари сони йил сайин ортмоқда.

Аммо Приокский тумани прокуратураси терговчиси туманда ўзбекистонликлар кўп эмаслиги, бу ерда гастарбайтерлар ва маҳаллий аҳоли ўртасида миллий низо ҳам йўқлигини билдирди.
XS
SM
MD
LG