Линклар

Аъзам Турғуновнинг адвокати билан суҳбат

  • Сарвар Усмон

“Озодлик” мухбири айни пайтда Нукусдаги тергов изоляторида ҳибсда сақланаётган тошкентли таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Аъзам Турғуновнинг адвокати Рустам Тўлаганов билан суҳбатлашди.

Озодлик: Сиз Аъзам Турғуновнинг орқасига иссиқ сув қуйилганини аниқлаб беришни сўраб тергов бошқармаси бошлиғига ва бош прокурорга илтимоснома киритган экансиз. Илтимоснома тақдири нима бўлди?

Рустам Тўлаганов: Ҳали шу пайтгача жавобини олганим йўқ. Балки ҳали текширишаëтгандир. Чунки булар менга энг узоғи билан 10 кунни ичида жавоб беришлари керак эди. Лекин ҳалигача жавоб олганим йўқ. Текширув натижасининг хабарини ҳам беришгани йўқ. Илтимосномам рад қилиндими ëки қониқтириладими, унга ҳам жавоб йўқ. Буни улар 3 кунда айтиши керак эди. Шунинг учун мен эртага ҳаммасига телеграмма юбормоқчиман. Улар менга судга ўтказиб юборганмиз дейишди, лекин менга ҳали айблов хулосасини ҳам, бошқасини ҳам жўнатишгани йўқ. Шунга ҳозир ҳайрон бўлиб ўтирибман.

Озодлик: Кейинги 10-15 кун ичида мижозингиз Аъзам Турғунов билан учрашдингизми?

Рустам Тўлаганов: Йўқ, учрашмадим. Чунки бунга имкониятим йўқ. У Нукусдаги изоляторда. Мен эса бу ëқдаман.

Озодлик: Учрашмаган бўлсангиз ҳам у кишининг аҳволи тўғрисида қандайдир маълумот қўлга киритгандирсиз? Умуман сўнгги янгиликлар ҳақида айтсангиз.

Рустам Тўлаганов: Аҳволи ҳозирги пайтда яхши. Биз илтимоснома киритганимиздан бери унга ҳеч ким тегаëтгани ҳам йўқ. Лекин куйганлик даражасини аниқлаш керак эди. Қайнаган сув тергов ҳибсхонасида нима қилади, ким уни Аъзам Турғуновнинг устидан қуйиб юборган, ўша куни ким сўроқ қилган, сув нима сабабдан устига тўкилади, деган саволларга жавоб ва далилларни исботлаб бериш керак эди. Мен ҳали жавоб олмаганим учун бир нарса дейишим қийин.

Озодлик: Бундан 20 кун олдин Аъзам Турғуновнинг иши судга оширилгани ҳам айтилган эди. Ҳозирча суд қачон бўлиши ҳам номаълумми?

Рустам Тўлаганов: Ҳозирча номаълум. Чунки суддан 2-3 кун олдин менга фалон куни суд бўлади, деган хабар келиши керак. Мен бу хабарни олмагунча у ëққа бора олмайман.
XS
SM
MD
LG