Линклар

Тожикистон ГЭСларни Хитой ёрдамида қуришга умид боғламоқда

  • Гулнора Равшан

Хитой Халқ Республикаси раиси Ху Цзинтаонинг 26-27 август кунлари Тожикистонга қиладиган расмий ташрифи доирасида икки давлат ўртасида 10 та муҳим ҳужжат имзоланиши кутиляпти.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Давлат Назриевнинг билдиришича, айни пайтда муҳокама этилаётган бу ҳужжатларнинг учтаси Тожикистонда гидроиншоотлар қурилишидаги ҳамкорликка доир. Ушбу лойиҳалар доирасида Хитой Сангвор, Нуробод, Ёвон ГЭСлари қурилишини ўз зиммасига олади.

Тожикистон энергетикларининг билдиришича, агар қуввати 800 мегаваттли Сангвор, 160 мегаваттли Нуробод ва 200 мегаваттли Зарафшон ГЭСлари келаси уч йил давомида қурилиб, ишга туширилса, Тожикистон иқтисодиёти анча қаддини тиклаб олади.

Иқтисодчи Ҳожимуҳаммад Умаров Тожикистонда ГЭСлар қуришга эътибор қаратаётган Хитой, аввало, ўз манфаатларини ўйлаётганини таъкидлади.

"Хитойнинг Шинжон ҳудудида электр энергиясининг 70 фоиздан ортиғи кўмир ва мазут ёрдамида олинади. Бу эса Урумчи, Қошғар сингари бир қанча шаҳарлар экологиясига салбий таъсир этмоқда. Кичик ГЭСларни қуриш Хитой учун машқ. У келгусида Тожикистонда катта-катта ГЭСлар қуриб, электр энергиясини сотиб олади ва шу йўл билан ўз экологиясини соғломлаштиришни ўйламоқда",- деди Ҳ.Умаров.

Мустақил кузатувчи Исмоил Раҳматов эса Хитой ва Тожикистон режаларининг амалга ошиши, энг аввало, минтақа давлатлари, хусусан, Ўзбекистонга боғлиқлигини эътироф этди.

"Ўзбекистон минтақада бели бақувват давлатлардан саналади. Россия ҳам, Хитой ҳам Тожикистондаги стратегик лойиҳалар, жумладан, энергетик иншоотлар лойиҳасида қатнашишда, албатта, Ўзбекистоннинг раъйига қарайди. Ўзбекистон эса Тожикистонда ГЭСлар каскади қурилишидан манфаатдор эмас, чунки буларнинг ҳаммаси сув муаммосига бориб тақалади. Масалан, Зарафшон ГЭС атрофидаги жанжалларни эсга олиш кифоя",- дейди Исмоил Раҳматов.

Тожикистон расмийлари эса ташқи норозиликларга қарамай, мамлакат ўзининг гидроэнергетик лойиҳаларини барибир амалга ошириши, хусусан, Зарафшон ГЭС, албатта, Хитой томонидан сармояланишига умид боғламоқда.

"Зарафшон ГЭСни биз бешак қурамиз. Чунки Зарафшон дарёсида қуриладиган ГЭСларнинг бирор давлатга фойдаси тегса тегади, зарари бўлмайди. Чунки Зарафшон дарёсида қуриладиган 13 та ГЭСнинг сув омборлари катта эмас",- деган эди яқинда Тожикистон ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий.
XS
SM
MD
LG