Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:28

Маслаҳатчи – маҳалла таянчи


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:_zeW6GhW067TJM:http://www.vokrugsveta.ru/img/cmn/2004/02/15/003.jpg Бу – Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги - ЎзА 20 август куни тарқатган хабарлардан бирининг сарлавҳаси. “Наманган шаҳрида “Энг намунали диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи” кўрик танловининг вилоят босқичи ўтказилди”,- деб хабар қилди ЎзА.

Агентлик мухбирининг таъкидлашича, Ўзбекистонда аҳолининг маънавияти ва тафаккурини юксалтириш, тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириш, бу борада ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада жонлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хабар сарлавҳасидан келиб чиқадики, маҳалла таянчи, деб нисбат берилаётган маслаҳатчи бу ишда асосий фигурадир.

Бас шундай экан, маслаҳатчилик лавозими билан Ўзбекистондан ташқаридаги тингловчиларимизни таништириб қўйишни лозим топдик.

Топганимиз бир-икки маслаҳатчи аҳолининг маънавияти ва тафаккурини юксалтириш билан ўта банд эканиданми, саволларимизга жавоб беришни истамади.

Бироқ бир-икки собиқ маҳалла оқсоқолини топдикки, улардан баъзи маълумотларни ололдик.

Гулистонлик Исмоил аканинг гапларига қараганда, Ўзбекистон маҳаллаларида маслаҳатчи деган лавозим борлигини ўзбекистонликларга ҳам хабар қилиб қўйиш керакка ўхшайди:

“Сиз айтаётган масалаҳатчи, деган штатни сиздан энди эшитяпман. Балки энди жорий қилингандир. Лекин маҳаллий фуқаролар йиғинлари таркибида 1999 йил 19 апрелда жорий қилинган маҳалла посбони, раис ўринбосари бўлиб фаолият кўрсатганман. Ҳозиргача маҳалла комиссияси бор. Булар жой масаласи, фуқароларнининг турли хил шикоятларини ҳал қилиш, яраштириб қўйиш билан шуғулланади. Маслаҳатчи деган штатни энди эшитяпман”.

Демак, суҳбатдошимизнинг маҳалласидаги маслаҳатчи кўрик-танловда соврин олмаслиги аниқ. Чунки унинг борлигини маҳалладошлари ҳам билмайди.

Бироқ Сирдарё вилоятининг бошқа туманидаги маҳаллалардан бирининг собиқ оқсоқоли Бозорбой ака маслаҳатчи кимлигини яхши тушунтириб берди:

“Бу лавозим фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисидаги қонунда кўрсатиб ўтилган. Фуқаролар йиғини раисларига кўмаклашувчи амал бўлиб бунга маҳалла фаолларидан бўлган шахслар сайланади. Булар давлат томонидан молиялаштирилган. Фуқаролар йиғини раиси билан бир ойлик олишади. Бу ойлик энг кам иш ҳақининг икки баробарига тўғри келади”.

Демак, маслаҳатчи – давлат амалдори. Суҳбатдошимизнинг эътиборини ЎзАнинг "Маслаҳатчи – маҳалла таянчи", деган сарлавҳасига қаратдик.

Озодлик: Маслаҳатчи шу даражада муҳим одамми? Маслаҳатчи чиндан ҳам маҳалланинг таянчими?

Бозорбой ака: Қонунларда кўрсатилганидай, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари нодавлат нотижорат ташкилот бўлиб маҳаллий ҳокимият тизимига қарамайди. Лекин фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисидаги қонуннинг 7-моддаси 9-хат бошида шу кўрсатиб ўтилган. Афсуски, мана шу кўрсатилишга қарамай, ҳалигача фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари мустақил эмас. Ана шу масалаҳатчилар ҳам юқоридан берилаётган кўрсатмаларга асосан фуқаролар йиғини раисидек фаолият кўрсатади. Энди "маҳалла таянчи", деган сарлавҳага мен ҳам ҳайрон бўляпман. Агар у маҳаллада бирор иш қила олмаса, юқорининг кўрсатмасига асосан иш бажарадиган бўлса, қандай таянч бўлиши мумкин.

Озодлик: Энг намунали диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи, деяпти. Бу киши, демак, маҳалланинг домласи, ўқитувчиси эканда, шундайми?

Бозорбой ака: Энди шундай деб тушунсак ҳам бўлади.

Озодлик: Диний маърифат бўйича маҳалла масжидининг имоми бор. Маънавий-ахлоқий тарбия бўйича мактаблар бор. Маслаҳатчига нима зарурат бор? У киши ортиқча эмасми?

Бозорбой ака: Йўқ, бу ҳам ортиқчалик қилмайди. Бу имомлар ва бошқалар ўзларининг йўналишида ишларини олиб борса, масалаҳатчи маҳалла ичида диний-маърифий масалаларни тарғибот қилиб боради.

Озодлик: Қанақа қилиб тарғибот қилади?

Бозорбой ака: Мен оддий фуқаро сифатида ва ўзим тушунган ҳолатда шундай айтаманки, бизда юқоридан берилаётган кўрсатмаларни болалар онгига етказишга ҳаракат қилади.

Озодлик: Баъзилар раислар ва маслаҳатчилар фуқароларни назорат қилиш воситаси дейди. Шу гап ростми?

Бозорбой ака: Бояги берган жавобим худди шунга бориб тақалади.
XS
SM
MD
LG