Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:01

"Руҳнома"нинг руҳи учди


Биринчи сентябрдан бошлаб Туркманистондаги олий ўқув юртларида мамлакатнинг биринчи президенти Сапармурод Ниёзовнинг "Руҳнома" китобини ўқув предмети сифатида ўрганиш тўхтатилади.

Бу ҳақда Россиянинг "Новости" ахборот агентлиги хабар қилди.

Шундай қилиб, марҳум президент ўз қўли билан ўзи учун қуриб, ўзи ўтириб олган шоҳсупадан яна бир поғонага туширилди.

“Руҳнома” 2001 йили ёзилган ва ўқувчи қўлига етиб бориши биланоқ унга "китобларнинг китоби", "муқаддас китоб" , деб нисбат берила бошлаганди.

Муаллифнинг ўзи "Руҳнома"нинг бош тарғиботчиси бўлган эди. У ҳатто
“Менга Аллоҳ айтиб ёздирди, деган ишораларни ўз китобида айтган. Демак, Аллоҳдан унга ваҳий келганмиш ва у бу китобни ёзганмиш”, деб эслайди муҳожиратда яшаётган ўзбекистонлик олим, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг собиқ доценти Абдулла Абдураззоқ.

Қуръони каримга тенг, деб иддао қилинган "Руҳнома" ёзиб битирилган кун – 12 сентябрь Туркманистонда миллий байрам, деб эълон қилинганди.

"Руҳнома"ни ҳар бир туркманистонлик сотиб олиши ва ўқиб чиқиши шарт қилиб қўйилди. Мактабларда, олий ўқув юртлари ўқув дастурларига у мажбурий предмет сифатида киритилди.

Мана, бугунга келиб, Туркманистоннинг янги раҳбарияти "Руҳнома"ни батамом ўтга ташламаган бўлса-да, уни ўргатиш ва ўрганиш кўламини кескин қисқартирмоқда.

Хўш, шундай бўлишини Туркманбоши билмасмиди?

"Биларди,- дейди Абдулла Абдураззоқ. - Халқимизда “Менинг нафсим балодур, ёнар ўтга солодур”, деган матал бор. Аввало, нафс масаласи ва ўзини имкон қадар тарғиб қилиш, ўзини ёйиш. Бундай тутумнинг илдизларини эса коммунизмдан, унинг асосчиларидан излаш жоиз. Бу анъананинг тамал тошини Ленин қўйган. Унинг 25 томлиги амалга минаман деган ҳар бир одамнинг уйида тахланиб турар эди”.

Кейин Сталин, ундан кейин Хрушчёвнинг китоблари тўтиё қилинди. Брежневнинг "Кичик ер", "Тикланиш" ва яна алламбало китоблари эса кечагигина гап.

Ўзбекистонда ҳам коммунистлар бошлаб берган анъана – давлат раҳбари айтган ҳар бир гапни ҳар қандай шубҳадан холи, мутлақ ҳақиқат, ҳар бир китобини дастуриламал деб билиш анъанаси давом этмоқда.

“Демак, ҳозирги раҳбарларимиз мутлақо коммунистик режимнинг содиқ меросхўрлари”,- дейди Абдулла Абдураззоқ.

Фикрини давом эттирар экан, олим шахсга сиғинишнинг "Руҳнома" сингари атрибутлари постсовет ҳудудларда такрор-такрор пайдо бўлиши касалликдир, деган хулосага келади ва бу касаллик коммунистик тизим хасталиги эканини, ундан қутулмагунча халқ мустақил ҳам, озод ҳам, эркин ҳам бўла олмаслигини айтади.

Туркманистоннинг янги президенти ўзидан аввалгиси амалга оширган ишларни бирин-кетин ислоҳ қилаётган экан, бу балки ўша касалликдан қутулишга ҳаракатдир? Қолаверса, Қурбонқули Бердимуҳаммедов доктордан чиққан президент?!

Лекин шундай эканлигига туркман мухолифати ишонмайди. Масалан, Туркманистон Марказий банкининг собиқ раҳбари, Туркманбоши даврида қувғинга учраган, янги президент даврида ҳам ватанга қайтишига изн берилмаган Худойберди Ўрозов “бир диктатор кетиб, ўрнини бошқаси эгаллаяптгани"ни билдирди.

"Туркманбошилик нафақат такрорланиши мумкин, афсуски, аллақачон такрорланаяпти. Агар Низовнинг 90-йиллардаги туркманбошилик учун қилган ҳаракатларини кўрсангиз, худди шу ҳаракатларни ҳозир Бердимуҳаммедов такрорлаяпти”,- дейди Х.Ўрозов.

Агар шу гап рост бўлса, тинглаганингиз лавҳа бир неча йилдан сўнг яна бир марта ёзилади. Фақат китоб номи ва муаллиф исми ўзгаради.

Ҳозирча эса "Руҳнома" учраб қолса, битта олиб китоб жавонингизга қўйиб қўйинг. Эртага тополмай қоласиз.
XS
SM
MD
LG