Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:14

АҚШ Тожикистонга 13 миллион доллар ажратди


АҚШ Тожикистонда хавфсизлик соҳасини ривожлантириш ва ҳуқуқ-тартибот тизимида қонун устиворлигини таъминлашга кўмаклашиш учун 13 миллион доллар маблағ ажратди.

Бу ҳақдаги келишувни АҚШнинг Душанбедаги элчиси Трейси Жейкобсон ва Тожикистон ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий имзолади.

Элчи хонимнинг айтишича, АҚШ Тожикистон ҳукуматининг Афғонистон билан чегараларни мустаҳкамлаш, халқаро терроризм ҳамда одам савдосига қарши курашиш ва Афғонистондан наркотик моддалар олиб ўтилиши олдини олишга қаратилган уринишларини қадрлайди.

“Биз Тожикистонда хавфсизлик соҳасига катта эътибор билан қараймиз ва бу мамлакатнинг терроризмга қарши курашдаги ҳиссасини қадрлаймиз. Биз бу борада Тожикистон билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Келгусида ҳам Тожикистон билан ҳамкорлигимиз шундай давом этаверади”,- деди Жейкобсон хоним.

Унинг билдиришича, Тожикистон ташқи ишлар вазири билан имзоланган келишув асосида хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартибот соҳаларига тааллуқли бир қанча лойиҳа амалга оширилади.

“Ажратилган 13 миллион долларнинг уч миллиони Бадахшон вилояти ҳуқуқ-тартибот идораларини замонавий техник жиҳозлашга сарфланади. 2,5 миллион доллар Тожикистон Чегара академиясига, 2 миллиони чегараларни мустаҳкамлашга ва беш миллион доллардан ортиқ маблағ наркотик моддалар ноқонуний савдосига қарши курашишга ажратилган. Тахминан 4 миллион доллар Тожикистонда қонун устиворлигини таъминлаш, судялар, адвокатлар ўқуви, шунингдек, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига наркотик моддалар ва одам савдосига қарши курашишни ўргатишга сарф қилинади”,- деди АҚШ элчиси.

Жейкобсон хонимнинг таъкидича, ўтган йили АҚШ ҳукумати Тожикистон хавфсизлик соҳаси учун 88 миллион доллар маблағ ажратган.

Элчи Тожикистонда тинчлик ва сўз эркинлиги устиворлигини таъминлаш ҳамда мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш мақсадида АҚШ ҳукумати ҳар йили бу мамлакатга 40 миллион доллар миқдорида маблағ ажратишини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG