Линклар

logo-print

Халқаро қонунларни ҳам айланиб ўтса бўлади…ми?


АҚШ Марказий разведка бошқармаси Европа аэропортлари орқали Америкага террорчиликда гумонланилган одамларни яширинча олиб чиқиб кетаётгани ошкор этилгач, катта халқаро жанжал бошланганди.

АҚШ инсон ҳуқуқларини бузишда айбланди, бу ишда унга кўмак берган Европа давлатлари ҳукуматларининг обрўси эса кескин тушиб кетди.

Демократик Ғарб махсус хизматлар қонунбузарлиги қай даражага етганини тергов қилаётган бир пайтда Россия, Хитой ва Марказий Осиё давлатлари гумонланган шахсларни қонун доирасидан ташқари ҳолда шов-шувсиз топшириш механизмини аллақачон ишлаб чиққан. Таҳлилчилар бу ишда Ўзбекистон ва Хитой асосий ташкилотчилар вазифасини бажараётганини айтади.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси 2004 йилда ташкил этилган. Нуфузли “Агентура” нашри экспертлари фикрича, бу тузилма мақсади миллий ва халқаро қонунларни четлаб ўтишда махсус хизматларга кўмак кўрсатишдир. Экспертлар Ўзбекистон ва Хитой ШҲТ доирасидаги аксилтеррор йўналишдан ўзгача фикрловчилар ва мухолифатни таъқиб қилиш учун унумли фойдаланаётганини алоҳида таъкидлаган.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати эса 2006 йилда Минтақавий аксилтеррор тузилма йиғилишида Ўзбекистонга Россиядан 19 киши қайтарилганини маълум қилган эди.

“Махсус хизматлар Бош прокуратура экстрадиция тўғрисидаги илтимосни қониқтирмаган ҳолда ҳам бирон бир шахсни Ўзбекистонга топшириш учун ҳамма имкониятларни ишга солади. Масалан, Бош прокуратура розилик бермаса, қўлга олинган шахс ноқонуний мигрант сифатида Россия ҳудудидан Ўзбекистонга чиқариб юборилади ва ўзбек махсус хизматлари қўлига топширилади”,- дейди москвалик ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Рябинина.

Унинг сўзларига кўра, бундай ҳамкорлик ШҲТ доирасида имзоланган шартномалар асосида олиб борилмоқда. Россия икки марта халқаро меъёрларни ҳам бузган.

“Биринчи марта 2006 йил октябрида Европа суди қарорига зид тарзда Рустам Мўминов Ўзбекистонга топширилган. Иккинчи марта эса 2007 йил декабрда Европа судининг махсус қарори бўлишига қарамай, Абдуғани Қамалиев Тошкентга қайтарилди. Унга нисбатан бу ерда қийноқлар қўлланилди ва у 11 йилга озодликдан маҳрум этилди”,- дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Москвада нашр этиладиган “Новая газета”нинг ёзишича, бундан аввал расмий Тошкент Москвадан Дилшод Қурбонов, Алишер Усмонов ва Ивановода меҳнат қилаётган 12 ўзбекни диний экстремистликда айблаб, Ўзбекистонга қайтарилишини талаб қилган. Фақат Европа судининг аралашуви билангина улар Ўзбекистонга қайтарилмай қолган.

“Махсус хизматларга бошқа давлатдаги ўз фуқаросини қайтариб олиш йўлидаги тўсиқлардан бири қочқинлик мақоми эди. Бу мақом ўз ватанида диний эътиқоди учун таъқиб қилинаётган ўзбеклар ва тожиклар учун бир нажот эди. Бироқ ШҲТ уларга қочқинлик мақоми берилмаслиги тўғрисида шартнома қабул қилди”,- дейилади “Новая газета”да.

Муаллифнинг таъкидлашича, бундай вазиятдан Ўзбекистон жуда унумли фойдаланмоқда.

Бироқ тошкентлик кузатувчи Комрон Алиев бошқача нуқтаи назарда.

“Ўрта Осиë ҳудудида терроризм, деган тушунча деярли йўқ. Террорчиларнинг ўзи ҳам йўқ. Буни давлатлар ўзига катта сиëсат майдони қилиб олган. Россия буни нима деб тушунади: мустақиллик учун курашувчи чеченларга қарши курашиш, деб тушунади. Хитойда эса бу уйғурларга қарши курашиш, Тибет мухториятига қарши курашиш. Хулоса шундан иборатки, бу терроризмга қарши кураш Ўрта Осиë учун жуда ҳам долзарб масала эмас. Минтақа давлатлари эҳтиёж туғилса, Интерпол орқали ҳам ишлаши мумкин. ШҲТнинг терроризмга қарши курашиш гуруҳи тузишига ҳеч қанақа эҳтиëж йўқ”,- деди К.Алиев.

“Агентура” нашри экспертларининг билдиришича, Россияга Хитой ва Марказий Осиё давлатларидан деярли айирмачилик, террорчилик ва экстремистликда айбланган шахслар қайтарилмаган. Лекин Хитой айримачилик ва террорчиликда гумон қилинган фуқароларини қайтариб олиш борасида Ўзбекистондан олдинги ўринда турибди.

Қозоғистонлик таҳлилчи Эдуард Полетаев фикрича, Шинжон-Уйғур ва Тибет масаласи Хитойнинг оғриқли нуқталаридир.

“Шунинг учун Хитой Марказий Осиё давлатлари уйғур ва тибет ҳаракатлари учун база бўлиб қолмаслигига ҳаракат қилади. Хитойнинг бу борадаги позицияси ўта қатъий. Шунинг учун ШҲТ доирасида айирмачилик, экстремизм ва террорчиликка қарши кураш, энг аввало, Хитой кўрсатмасига мувофиқ олиб борилмоқда”,- дейди Эдуард Политаев.
XS
SM
MD
LG