Линклар

Шошилинч хабар
04 май 2024, Тошкент вақти: 22:37

“Буюк давлатчилик кайфияти” очиқ юзага чиқяптими?


Москвада нашр этилувчи “Военно промышленный курьер” газетаси Россия яқин хориж мамлакатларига нисбатан сиëсатини “қатъийлаштириши шарт”лигини иддао қилди.

Мақолада Россия собиқ совет республикаларига иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан катта ëрдам кўрсатаëтгани, лекин бу давлатлар Россия билан тиғиз ҳамкорлик қилиш ўрнига ривожланган Ғарб давлатларига интилаëтгани турли статистик маълумотлар орқали таҳлил этилган.

Мақолада Ўзбекистон ҳақида ҳам сўз боради.

“2005 йилда Андижон исëнини бостирган Ўзбекистон ҳукуматини фақатгина Россия қўллаб-қувватлаган эди. Ҳақли савол туғилади: Нега энди Россия Грузияга нисбатан қатъий сиëсат олиб бораëтганда Тошкент уни қўлламаяпти?” дейилади мақолада.

“Россия Грузияга қарши санкцияларни кучайтириши зарур. Россия бундай сиëсатни Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидаги ўз ҳамкорларидан талаб қилишга, ҳа, айнан талаб қилишга ҳақлидир”, деган хулоса билан якунланади мақола.

Россия матбуотида бундай фикр биринчи марта айтилаëтгани йўқ. Бу каби таҳлилларни деярли ҳар бир рус газетасининг ҳар бир сонида кузатиш мумкин. Шунинг учун ҳам бундай фикрловчилар нуқтаи назарини тўлароқ англаш мақсадида “Военно промышленный курьер” газетаси бош муҳаррири Игорь Коротченко билан боғландик.

“КХШТ доирасида биз келишилган тарзда қарорлар қабул қилишимиз зарур, деб ҳисоблайман. Айни пайтда бу ташкилотнинг қўшма ҳарбий кучларини ташкил этиш масаласи ҳам пишиб етилди. Бу қўшин Россия билан ҳамкорликда Жанубий Осетияда бўлгани каби можароларни бартараф этишда иштирок этган бўлар эди. Бундай иштирок МДҲга аъзо ҳар бир давлатга ўз манфаатларини ҳимоя қилиш имкониятини кенгайтирган бўлур эди”,- деди Игорь Коротченко.

Унинг таъкидича, Россиядан иқтисодий ва молиявий ëрдам олаëтган ҳар бир давлат унинг сиëсатини қўллаб-қувватлашга мажбур.

“МДҲ аъзолари Россиянинг Грузияга нисбатан олиб бораëтган сиëсатини тушуниши шарт, деб ўйлайман. Чунки биз молиявий жиҳатдан ҳам, ҳарбий жиҳатдан ҳам КХШТга аъзо бир қатор давлатлар манфаати ҳимоясини таъминлаяпмиз. Шунинг учун ҳам Россия бу давлатларнинг Грузияга нисбатан позицияси ўзиники билан бир хил бўлишини талаб қилишга ҳақлидир”,- деди Игорь Коротченко.

Бироқ москвалик яна бир таҳлилчи Санобар Шерматова айни пайтда расмий Кремль турли ташкилотлардаги собиқ постсовет ҳамкорларидан муайян шартларни бажаришни талаб қилиш салоҳиятига эга эмас, деб ҳисоблайди.

“Қачонлардир 90-йиллар бошларида Москва қўмондонлик пункти вазифасини ўташга ҳаракат қилди ва сиëсий таъсир ўтказиш ниятида ўз атрофига постсовет давлатларни жипслаштиришга уринди. Россия мана шунга ҳаракат қилди. Аммо бир қатор сабаблар билан Кремль ўз ниятига эриша олмади. Бугун постсовет давлатларни Россия билан бирлаштириб турган нарса сиëсат эмас, мутлақ иқтисодий манфаатлардир”,- дейди Санобар Шерматова.

У ўз сўзини давом эттирар экан: “Қолган давлатлар нафақат Россия, балки ўзаро алоқалардан манфаатдордир. Масалан, Тожикистонга энг кўп ëрдам кўрсатган давлат ЕИ ëки Россия эмас, Беларус экан. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, ҳар бир давлат иқтисодий жиҳатдан ўзаро чамбарчас боғланган ва бу ўринда Россия талаблари билан ҳисоблашишга мажбур бўлувчилар деярли йўқ даражада”,- деди.
XS
SM
MD
LG