Линклар

logo-print

Энди Ўзбекистонда ҳам олтин медал бор

  • Ҳасанжон

Ўзбекистонлик эркин курашчи Артур Таймазов Пекиндаги Олимпиада ўйинларида 120 килограммгача бўлган вазнда чемпион бўлди. У финал беллашувида россиялик курашчи Бахтиёр Аҳмедовни мағлубиятга учратди.

Финалга чиқиш учун у Европа чемпионати совриндори озарбайжонлик Али Исаев, кубалик Дисней Родригес, Олимпиада ўйинлари ва жаҳон чемпиони словакиялик Давит Мусулбесни енгган эди.

Артур Таймазов 2000 йилги Сидней Олимпиадасида кумуш, 2004 йилда Афинада ўтказилган Олимпиадада эса олтин медал соҳиби бўлган эди.

Шундай қилиб, 29 ёшдаги Артур Таймазов Пекинда қўлга киритган олтин медали билан Ўзбекистонда Олимпиаданинг учта медалини олган илк спортчи бўлди. Айни пайтда Таймазов икки марта жаҳон чемпионлигини ҳам қўлга киритган.

22 август куни эълон қилинган рўйхатда Ўзбекистон миллий жамоаси битта олтин, иккита кумуш ва учта бронза медал билан Пекин Олимпиадасининг медалларини олишга муваффақ бўлган 73 давлат рўйхатида 34-ўринга кўтарилди.

Ўзбекистон Миллий Олимпиада қўмитаси президенти маслаҳатчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Роман Исаевич Исков Пекиндан “Озодлик” радиосига берган интервьюсида ўзбекистонлик яна икки спортчи олтин медал учун курашни давом эттираётганини билдирди:

“Спортнинг икки тури, яъни енгил атлетика - лангарчўп билан сакраш ва таэквондо бўйича курашни давом эттиряпмиз. Лангарчўп билан сакраш мусобақаси бугун кечқурун бўлади. Таэквондо эса 23 август куни эрталаб тўққизда бошланади”, – деди Р.Исков.

Роман Исковнинг айтишича, ўзбекистонлик спортчилар аввалги ўйинларга қараганда Пекин Олимпиадасида катта муваффақиятга эришган.

“Олдин биз фақат бокс ва кураш, кураш ва боксдан медаллар олардик. Ҳозирда биз кураш, дзюдо, трамплин, гимнастика бўйича медаллар олдик. Бошқача айтганда, ўзбекистонлик мураббийлар, ташкилотчиларнинг меҳнат доираси анча кенгайди. Биз спортнинг бошқа турлари бўйича ҳам муваффақиятни қўлга кирита бошладик. Ўзбекистонда спортнинг фақат икки тури эмас, бошқа турлари ҳам ривожланиши республика учун жуда яхши”, – деди Р.Исков.

У Пекинда ниҳоясига етаётган 29-Ёзги Олимпиада ўйинларининг ташкил этилишини юқори баҳолади.

“Пекиндагидек Олимпиада шаҳарчасини биз ҳеч қаерда кўрмадик. Сидней, Афина ва Атлантада ҳам бундай олимпиада шаҳарчаси йўқ. Бу ерда ҳамма нарса юқори даражада ташкиллаштирилган. Барча масалалар ва саволлар бир зумда ҳал қилиняпти” – деди Роман Исков.
XS
SM
MD
LG