Линклар

logo-print

Халқ дарди ўз йўлига, бошлиқлар эса Иссиқкўлдан покланиб қайтди

  • Сарвар Усмон

http://tbn0.google.com/images?q=tbn:nO1rHUawLsKegM:http://www.objectiv.tv/news/10860/photo_small.jpg Уч қўшни мамлакат – Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистоннинг энг катта чегарачилари куни-кеча Иссиқкўлда чўмилиб қайтди. Қирғизистон чегара хизмати матбуот хизмати хабарига қараганда эса чегара хизматлари бошлиқлари қўл остидаги чегарачилар учун муштарак қоидалар белгилаб олди.

Қирғизистон чегара хизмати раиси Замир Молдошевнинг айтишича¸ 14-15 август кунлари Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон чегара хизматлари раҳбарлари Чўлпонота шаҳрида учрашиб давлат чегаралари билан боғлиқ қатор масалаларни муҳокама қилган.

“Биз у ерда чегарада нохуш ҳодисалар ўша ернинг ўзидаëқ ҳал қилинсин, деган битимга қўл қўйдик”,- деди Замир Молдошев.

Чегара хизматчилари бошлиқлари уч қўшни мамлакат чегарачилари учун белгилаб олган муштарак қоидалар ҳақида бироздан сўнг айтамиз.

Ҳозир эса Қирғизистон чегара хизмати раҳбари Замир Молдошев назарда тутган ва балки хабарсиз қолган баъзи инцидентлар тўғрисида гапирмоқчимиз.

Биринчи воқеа.

Куни-кеча Наманган ТВси ҳикоя қилган мана бу воқеадан Қирғизистон чегара хизмати раҳбари хабарсиз қолган бўлиши мумкин:

“Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани Нанай қишлоғида яшовчи Умиджон Абдухалилов 7 август куни 4 қоп картошка билан Қирғизистонга ўтаётган пайтда Қирғизистон чегара хизмати аскар ва зобитлари томонидан зўравонлик билан тўхтатилди”.

Шундан кейинги кўргиликлари тўғрисида Умиджон Абдухалиловнинг ўзи ТВ мухбирига мана буларни айтиб берган:

“Мени “Нексия”га солиб олиб кетишди. Зах, қоронғи жойда бир кеча ëтдим. Озгина мазам қочиб қолди. Ëнимдаги 200 минг сўм пулимни аскарлар олиб қўйишди. Машина дадамники эди. Машинанинг ичида домкрат, магнитофон ва ключлар бор эди. Улар ҳам йўқолган. Машинани олиб чиқиш учун Қирғизистон хавфсизлик хизмати ходимлари 15.000 қирғиз сўми сўрашди. Биз 7000 қирғиз сўмини бердик”.

7 минг қирғиз сўми 200 АҚШ долларига тенг ақча. Ўша воқеадан бери 10 кун ўтди, деб давом этади Умиджон.:

“10 кундан бери ишга ярамай ëтибман. Бошимга урушди. Ошқозоним хуруж қилгани учун 10 кундан бери дори-дармон ва укол қилиб ëтибман. Қирғизистон чегарачилари чегарада ушлаб олиб уришади, пул сўрашади, пулни олиб қамаб юборишади”.

Бу воқеа тўғрисида уч қўшни давлат чегара хизматлари бошлиқларининг Иссиқкўл соҳилидаги учрашувида гапирилдими-йўқми – бизга қоронғу.

Иккинчи воқеа.

Тожикистонлик ўзбек шоири Шамшод мухбиримиз Садриддинга ўзбек-тожик чегарасида шахсан ўзи гувоҳи бўлган мана бу воқеани айтиб берган эди:

“Бир 50-60 киши йиғилган. Чоллар, аëллар, болалар. Елкасида хуржуни билан бир чол: “Болам, менинг қишлоғим шу ерда. Барака топгур, оëғим толиб, бошим айланиб қоляпти”, деб айтаëтганига шу ердаги ҳамма йиғилганлар қараб турибди. Ҳалиги офицер бола 24-25 ëшлардаги рангпар йигит. Тошкентдан келган? деб эшитдик. “Онангни кўрсатиб қўяман сен тожикни”, деди ҳалиги йигит. Отахоннинг: “Мен ўзбекман болажоним. Мен сенинг отангман. Мен сенинг қариндошингман”, деганига қарамай: “Сен тожиксан”, деб қўймади. Чол боши айланди, шекилли, адо бўлди. Отахон “Эй болажоним. Қўйиб юборгин. Ота-онангнинг олдига соғ-омон боргин”, деса ҳалиги йигит: “Керакмас. Мен қонунни биламан. Мен хизматдаман. Мен ота-онамни билмайман. Менга бунақа гапларни айтма, эй чол”, деб жеркиб ташлади. Отахон: “Илоҳим ота-онангнинг олдига борма”, дегандан кейин ҳалиги аскар келиб чолни бир урди. Чол йиқилди. Пешонасига автоматни қўйиб: “Онангни фалон қилай, ҳозир отиб ташлайман”, деса бўладими. Бунга 50-60 киши гувоҳ эди. Мен буни ҳанузгача унута олмайман. Бу менинг юрагимда оғриқ бўлиб тугилиб қолган. Наҳотки, бизнинг ўзбек миллатдошимиз, жаҳонга фахр-ифтихор билан кўкрагимизни кериб айтадиган ўзбегимиз ўзининг отасига, онасига, миллатдошига шунақа муносабат қилса? Автомат тираб турса?”

Бу воқеа тўғрисида уч қўшни давлат чегара хизматлари бошлиқларининг Иссиқкўл соҳилидаги учрашувида гапирилдими-йўқми – бизга қоронғу.

Учинчи воқеа.

Шу йилнинг 11 июнь куни Ўшдаги “Дўстлик” қирғиз-ўзбек чегарачилари 53 ёшли Қирғизистон фуқаросини аёвсиз калтаклагани тўғрисида ўз вақтида сиз тингловчига хабар қилган эдик.

Жабрланувчи маълум сабабларга кўра ўз исмини сир тутишини билдирди. Унинг айтишича, у фарзандлари ва дўстлари билан Тошкентга шифокор кўригидан ўтгани боради. Тошкентдан Ўшга қайтиб келаëтганда ўзбек чегарачилари унинг паспортида Ўзбекистонга киргани тўғрисидаги муҳр йўқ экан, деб Қирғизистонда ўтказмайди.

“Паспортимни бермайсизми десам, паспортингизни паспорт столдан оласиз деди. “Мен тушунмадим. Нима сабабдан? Бу менинг айбим эмас-ку. 9 киши ўтган бўлсак, муҳр қўймаган бўлсангизлар бу сизларнинг айбингиз-ку” десам, улар “Сен нимага гапга кирмайсан”, деб мени судраб кетди. Сирож деган биттаси келиб: “Сендақаларнинг ҳаммасини йўқ қилиш керак”, деди. У менинг қўлимдан тортгани учун ерга йиқилдим. Қўлимдан судраб 5-6 та аскар келиб тепди. Автоматни қўндоғи билан уришди”,- дейди жабрланувчи.

Бу воқеа тўғрисида уч қўшни давлат чегара хизматлари бошлиқларининг Иссиқкўл соҳилидаги учрашувида гапирилдими-йўқми – бизга қоронғу.

Бироқ Ўзбекистон Республикасининг қатор идоралари бу воқеадан аллақачон хабардор қилинган.

Ўшлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Иззатулло Раҳматуллаев “Жамият ва қонун” эшиттириши саволларига жавоб берар экан, 22 август куни мана бу гапни айтди:

“Биз Ўзбекистон бош прокурори Қодировга, ички ишлар вазири Матлубовга ва яна бир қанча органларга мурожаат қилдик. Бироқ шу кунгача бирор жавоб йўқ. Орадан икки ойдан ошиқроқ вақт ўтди”.

Ана шунақа гаплар.

Мана шундай шароитда уч қўшни давлат чегара хизматлари бошлиқларининг Иссиқкўл соҳилидаги Чўлпонота шаҳрида учрашиб, қўл остидаги чегарачилар учун муштарак қоидалар белгилаб олгани тўғрисидаги хабар кўнгилни илитади.

Уч қўшни давлат чегара хизматлари бошлиқлари чегара хизматлари давлат чегара чизиғига чиқадиган нарядга зобит бошлиқ уч кишидан кам бўлмаган кишини чиқариш, қўшни мамлакат ҳудудига ўқ ва снарядлар учиб ўтишига йўл қўймаслик, давлат чегарасини билмай кесиб ўтган фуқароларни фақат расмий тартибда қайтариш, давлат чегарасида ов қилишни, чегара олди ҳудудида видео ва фототасвирга олишни маън қилиш каби қоидаларни жорий этиш тўғрисида келишиб олди.

Хўш, чегарачилар учун қоидалар тузиш ишига оддий фуқаролар ҳам жалб этилганда, улар нималарни таклиф қилган бўларди?

“Жамият ва қонун” эшиттириши шунга қизиқиб, фуқароларга микрофон тутди:

“Чегарачи мулойим бўлиши керак. Одамларга яхши гапириши керак. Пора олмаслиги керак. Ўз ишига жиддий муносабатда бўладиган одам бўлиши керак”.

“Уларда маданият юқори бўлиши керак. Мусулмонларга хос одоб юқори бўлиши керак. Лекин бу чегарачилар ўзидан катта ëшлиларни ҳам “Ўт. Тўхта. Сумкангда нима бор?” деб сенсираб, “Онангни” деган ҳақоратларни қилишади”.

“Чегарачи ҳақиқий аскар бўлиши керак. Ўзининг ватанини қўриқлаши керак. Булар ватан учун эмас пул учун турибди. Катта миқдордаги товар билан иш қилаëтган бемалол иш қиляпти. 2-3 сумка билан ўтадиган камбағаллар хавотирда ўтяпти. Ҳозир одамлар чегарадан ўтгани қўрқиб қолди. Порахўр бўлиш керакмасда. Ҳозир каттасимас, оддий аскарнинг ўзи пул билан иш қиляпти”.

“Қонун-қоида бўйича хизмат қилиши керак. Одамга яхши муносабатда бўлиши керак. Ҳозир яхши муносабатда бўладиган чегарачи йўқ. Пора олмайдиган бўлиши керак чегарачи”.

“Чегарачи гап-сўз, тартиб-интизомда ўрнак бўлиши керак. Чунки унинг орқасида мамлакат турибди. Шу одамнинг билими, маданияти, феълига қараб туриб орқадагиларга баҳо берилади. Мен айтмоқчиманки, ҳуқуқ органлари - чегара, армия, милиция бошқаларга ўрнак бўлиши керак. Чегарага келган меҳмон ўзини ўнглаб, кейин кириши керак”.

Оддий фуқаролар чегарачи қандай бўлиши кераклиги тўғрисида гапирди. Бироқ улар айтган гапларнинг, яъни чегарачи чегарадан ўтаётган кишининг элементар инсоний ҳуқуқларини бузмаслиги кераклиги тўғрисида уч қўшни мамлакат чегара хизматлари бошлиқлари куни-кеча Иссиқкўлда тузган муштарак қоидаларда сўз йўқ.

Бу табиий ҳолат, деган фикрни билдиради ўшлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Иззатулло Раҳматуллаев:

“Уч чегара органлари Ғарб ва АҚШ берган молиявий кўмакларни ўзлаштиришда доим ҳамкорлик қилади. Аммо инсон ҳуқуқи борасида ҳеч қандай келишув йўқ. Бунга ўнлаб, юзлаб мисоллар келтиришимиз мумкин. Айтайлик диний экстремизм билан курашиш бўйича ҳамкорлик қилиш борасида буларнинг шартномаси бор. Улар АҚШ ва Ғарб бераëтган молиявий ëрдамларни ўзлаштириш бўйича ҳамкорликка қўл қўйган. Чегарачилар чегара уставида ëзилган қоидаларни бажариши керак. Бундан ташқари, буларда озгина одамийлик ҳам бўлиши керак. Буларда одамгарчилик йўқлиги, чегара уставини бузганлиги бўйича бизда ўнлаб, юзлаб материаллар бор. Умуман бунақа келишувларга қўл қўйилаверади. Лекин инсон ҳуқуқлари масаласида қайси республика ходимига мурожаат қилманг, ҳаммаси жавобсиз қолади. Охирги шартномани ҳам номига деса бўлади. Чегарачи қандай бўлиши кераклиги чегарачиларни уставида кўрсатилган. Биринчи навбатда, уларни ташқи кўриниши ëқимли, хушмуомала, камтарин, умуман айтганда, инсонга хос хислатларнинг ҳаммаси эга бўлиши керак. Бироқ амалда бунинг ҳаммаси тескари. Мана, “Дўстлик” чегара постига бориб ўтирсангиз қирғизистонлик ўтадиган бўлса, ўзбекистон чегарачилари, ўзбекистонлик ўтадиган бўлса, Қирғизистон чегарачилари пулини олади. Бу ерда тизимни ўзгартириш керак. Бу шу тарзда бораверадиган бўлса, борган сари чигаллашиб бораверади, чегара жанжаллари чиқаверади. Бунинг учун чегара органларини ислоҳ қилиш керак. Янги ëш кадрларни ўстириш керак. Ана шундагина, ўйлашимча, чегарада миллатлараро ва бошқа муаммолар бўлмайди”.

Эшиттиришимизни уч қўшни мамлакат – Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистоннинг энг катта чегарачилари куни-кеча Иссиқкўлда чўмилиб қайтди, деб бошлагандик.

Чегара хизматлари бошлиқлари Иссиқкўлга чўмилиш учунгина бормаган, балки, биринчи навбатда, ўша чегарачилар учун муштарак қоидалар белгилаб олиш учун борган бўлиши мумкин.

Бироқ у қоидалар мазмунидан чегарачилар чегарадан ўтувчи оддий фуқароларнинг элементар инсоний ҳуқуқларини ҳурмат қила бошлайди, деган мазмун келиб чиқмаяпти.

Шунинг учун оддий фуқаро учун чегара хизматлари бошлиқлари Иссиқкўлда чўмилиб қайтди, холос.
XS
SM
MD
LG