Линклар

Қозоғистон малакали ишчиларга эҳтиёж сезмоқда


Қозоғистон ҳукумати мамлакатда малакали мутахассислар етишмаётгани ва ҳозир катта миқдордаги хорижлик ишчи кучига эҳтиёж сезаётганини маълум қилди.

Қустанай вилоятининг Рудний шаҳрида бўлиб ўтган халқаро меҳнат форумида қатнашган давлат раҳбари Нурсултон Назарбоев ишсизлик ва малакали мутахассислар етишмаслиги муаммосига алоҳида эътибор қаратди.

Меҳнат ва ижтимоий таъминот вазири Бердибек Сапарбоев ҳам хориждан қўшимча ишчи кучи ҳам жалб қилиниши кераклигини таъкидлади ва ҳозир мамлакат 2 миллион меҳнат мигрантига эҳтиёж сезаётганини билдирди

Кузатувчи Денис Живаго мамлакатда малакали ишчи кучи етишмаслиги сабабларига тўхталар экан, бу ерда ўрта махсус таъдим тизими буткул вайрон бўлганини эътироф этди.

“Бундай шароитда малакали мутахассислар қаердан келсин. Олий таълим тизимида малакали мутахассислар етишмай турган бир пайтда малакали қурувчи, пайвандчи, сантехник ва шу каби ишларда банд бўлган ўз ишининг усталарини топиш қийин. Ҳозир мамлакатдаги барча малакали ишчилар кекса авлод вакиллари”,- деди Д.Живаго.

Унинг айтишича, Қозоғистон ҳукуматининг чет эллик фуқароларни ишга жалб қилиш мамлакат ҳудудига кириб келаётган ноқонуний мигрантлар оқимини ҳам кузатиб боришга имкон беради.

Ҳозир маҳаллий кузатувчилар Қозоғистон ҳукуматининг хорижлик ишчи кучини жалб қилиш ҳақидаги қарори шунчаки расмиятчилик эмаслигига умид боғламоқда. Чунки бундан аввал ҳам ҳукумат хорижлик ишчи кучининг кераклиги ҳақида бот-бот гапирган, аммо амалда бирорта ҳам иш қилинмаган эди.
XS
SM
MD
LG