Линклар

logo-print

Рус қўшинлари Потини назорат қилишда давом этади


Россия ўз танклари, тўплари ва аскарларини Грузия ҳудудларидан олиб чиқди, аммо рус қўшинлари Поти шаҳрини, шунингдек, Гори шаҳри яқинидаги постларни назорат қилмоқда.

Россия бош штаби бошлиғи ўринбосари Анатолий Ноговицин Франция воситачилигида эришилган олти банддан иборат келишувга мувофиқ Россия кучлари Поти порт шаҳрини назорат қилишда давом этишини айтди.

“Рейтер” ахборот агентлиги хабарига кўра, 23 август куни Поти шаҳрида мингга яқин грузин автомобиллар сигналини чалиш ва Грузия байроқларини кўтариб чиқиш орқали Россия қўшинларининг шаҳарни назорат қилаётганига норозилик билдирган.

Оқ уй расмийлари эса АҚШ президенти Жорж Буш ва Франция президенти Николя Саркози Россияни келишувда белгиланган мажбуриятларни бажармаганликда айблаганини маълум қилди.

Грузия Миллий хавфсизлик кенгашининг 22 август кунги йиғилишида президент Михаил Саакашвили Россия қўшинлари ўрнини халқаро кучлар эгаллашига чақирди.

“Биз хомхаёлларга бормаслигимиз керак. Чунки Грузияни озод қилиш жуда қийин бўлади ва бу йўлда жуда кўп тўсиқлар бор. Босқинчи кучлар ўрнини халқаро кузатувчилар контингенти эгалламагунча Грузиянинг тўлиқ эркин бўлиши, можарони ҳал этиш ва бутун Грузия ҳудуди озод бўлгани тўғрисида ўйлаш бефойда”, – деди М.Саакашвили.
XS
SM
MD
LG