Линклар

Жозеф Байден АҚШ вице президенти лавозимига номзод бўлди

  • Ҳасанжон

Демократик партиядан АҚШ президенти лавозимига номзод бўлган Барак Обама Делавер штатидан Сенат аъзолигига сайланган Жозеф Байденни вице президентликка номзод қилиб танлади.

65 ёшли Ж.Байден Сенат аъзолигига бир неча маротаба сайланган. У ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича энг тажрибали сенаторлардан бири ҳисобланади. Ҳозир у Сенатнинг ташқи алоқалар қўмитасига раҳбарлик қилмоқда. Таҳлилчилар Ж.Байден ташқи сиёсат бобида тажрибага эга бўлмаган Б.Обамага катта ёрдам бера олади, деган фикрда.

Ж.Байден 2002 йилда Конгресснинг Ироққа бостириб кириш ҳақидаги резолюциясини қўллаб-қувватлаган бўлса-да, кейинчалик урушга қарши чиқиб, президент Жорж Буш Ироқда юритаётган сиёсатни танқид қилган.

Кези келганда Жозеф Байден қаттиқ гапларни ҳам гапиришини ҳамма яхши билади. Ўтган йил Сенат йиғилишида қилган чиқишида Ж.Байден: “Шу залда ўтирганлардан бирортангиз бу маъмуриятга ваколат бераётганингизда уларнинг иқтидори етарли эмаслиги ҳақида гапирганмисиз? Умуман иқтидорсиз”, – деган эди.

Ташқи сиёсат бобида катта тажрибага эга эканидан ташқари Ж.Байденнинг яхши оиладан келиб чиққани ҳам президент сайлови кампаниясида оқ танлилар, ишчи синфи ва қариялар томонидан кўнгилдагидек қўллаб-қувватланмаётган Барак Обамага қўл келиши мумкин.

Ж.Байденнинг отаси автомобиль савдоси билан шуғулланган ва у Сенатдаги ҳамкасбларига қараганда анча бадавлат. Сенат аъзоси эканидан фойдаланиб Вашингтонда яшаш ўрнига у Делавер штатининг Вилмингтон шаҳридаги уйидан поездда 80 дақиқалик йўлни босиб ишга келади.

Ж.Байден Барак Обама ва Ҳиллари Клинтон каби Демократик партиядан президентликка номзодини қўйган эди. Аммо етарли овоз ололмагани учун сайловолди курашини тарк этган. Жозеф Байден Эрон, Ироқ ва АҚШ ташқи сиёсатидаги бошқа муаммоларни жуда яхши билади. У беқарор вазият ҳукм сураётган ядро қуролига эга бўлган Покистоннинг таҳдиди ҳақида анча вақтдан бери огоҳлантириб келаётган эди. Унинг огоҳлантириши сўнгги ҳафталарда амалда намоён бўлди.

Демократик партиянинг ўтган йил октябрь ойида бўлиб ўтган қурултойида сўзлаган Ж.Байден: “Эрон ядро қуролига эга бўлмаслиги учун мен бор имкониятимни ишга соламан. Мен вазиятни доим диққат билан кузатиб бораман. АҚШ учун энг катта таҳдид нима? Теҳронда бойитилган 2,6 килограмм уранми ёки назоратдан чиқиб кетган Покистонми?” – деган эди сенатор Байден.

Барак Обама ва Жозеф Байден Иллинойс штатининг Спрингфийл шаҳрида биринчи марта қўшма баёнот эълон қилиши режалаштирилган.

Республикачилар партиясидан АҚШ президенти лавозимига даъвогарлик қилаётган сенатор Жон Маккейннинг матбуот котиби эълон қилган баёнотда Барак Обама Жозеф Байденни танлагани унинг “ташқи сиёсатни яхши тушунмаслигини” ва у “президент бўлишга тайёр эмаслигини кўрсатади”, дейилган.

Жон Маккейн Республикачилар партиясидан АҚШ вице президенти лавозимига ким номзод бўлиши ҳақида ҳозирча қарор қабул қилмаган.
XS
SM
MD
LG