Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:40

Қозоғистон Интернетни назорат қилишни кучайтирмоқчи


Қозоғистонда қабул қилиниши кутилаётган Интернет тўғрисидаги қонунни маҳаллий кузатувчилар глобал ахборот тармоғини қаттиқ назоратга олишга уриниш ўлароқ баҳоламоқда.

Сўз эркинлиги бўйича маҳаллий кузатувчилар гуруҳи ва бир қанча нодавлат ташкилотлар жамоатчилик эътиборига ҳукуматнинг Интернет оламини бошқариш бўйича ишлаб чиқаётган қонун лойиҳаси концепциясини ҳавола этди.

Кузатувчилар таъкидича, нафақат МДҲ мамлакатлари, балки бутун дунёда ҳозирча бундай ҳужжат ишлаб чиқилмаган. Бироқ Россия ва Қозоғистонда глобал тармоқни назорат қилишга қаратилган қонунни яқин орада кучга киритиш арафасида.

Бунга изоҳ берган аксар медиа ташкилотлар бу қонун орқали ҳукумат мамлакатда холис ахборот тарқалишини ўз назорати остига олишга уринаётганини айтмоқда.

Қозоғистон журналистлари иттифоқи раиси Сейтқози Матаев фикрича, ахборот оламидаги қандайдир умумий қоидалар ҳамма учун тушунарли бўлиши керак, аммо Интернетга чеклов бўлиши керак эмас.

“Баъзан чеклов чораларини ҳукумат кўра бошлайди. Мен ҳатто ҳазиллашиб: “Агар сиз Интернетни назорат қилишни истасангиз энг яхши усули бутун мамлакатда электр энергиясини ўчиришдир”, дедим. Масалан, Интернетда эротика, порнография ва терроризмни чеклаш бўйича чоралар кўрилса, тушуниш мумкин. Интернетда ОАВ бўлиши зарур, аммо уларни рўйхатга олиш огоҳлантирувчи характерга эга бўлиши лозим. Ҳамма сайтларни ҳам ОАВ сирасига киритиш керак эмас”,- деди Сеитқози Матаев.

Унинг айтишича, ҳозир Қозоғистонда ахборотни назорат қилиш учун Интернет тезлигини пасайтириш ёки бирор сайтга чеклов қўйиш каби чоралар кўрилмоқда. Айни пайтда глобал ахборот оламини назорат қилиб бўлмайди. Маҳаллий сайтларни маън қилиб бўлмайди, чунки ҳар қандай тақиқ одамда қизиқиш уйғотади.

Унинг фикрини Zonakz.net Интернет газетаси бош муҳаррири Юрий Мизинов ҳам қўллаб-қувватлайди.

“Давлатлар ҳудудий жиҳатдан бўлинган, Интернет эса глобал. Демак, Интернет глобал аҳамиятга эга бўлса, у ҳолда қонун ҳам бутун дунё бўйлаб қабул қилиниши керак ва дунёнинг барча давлатларида кучга кириши керак. Глобаллик ва ҳудудийлик орасидаги чекловни эса давлатлар ҳал қила олмайди, уларнинг қўлидан ҳеч нарса келмайди”,- дейди Юрий Мизинов.

У ҳозир ёш болалар порнографияси ва терроризм ғоялари илдиз отишига йўл бераётган сайтларни назорат қилиш бўйича алоҳида қонун ишлаб чиқилиши кераклигини таъкидлади.

“Одил сўз” сўз эркинлигини қўллаб-қувватлаш жамғармаси вакиласи Софья Лапина айни пайтда “кз” миллий доменига эга сайтлар эгалари ўз веб-захираларини Интернетнинг Қозоғистон сегментидан ташқарида жойлаштиришни афзал билишини билдирди.

“Қозоғистонда Интернетни ривожлантириш бўйича давлат сиёсати унга давлат сектори таъсирини кенгайтиришни мақсад қилган янги қонунлар, қарорлар, давлат дастурлари қабул қилиш орқали Интернет оламини назорат қилиш томон юз бурмоқда”,- деди Софья Лапина.

“Одил сўз” томонидан ўтказилган мониторинг натижалари ҳозир Қозоғистонда мухолифатдаги сайтларга тўсиқ қўйилаётганини кўрсатмоқда.

Ташкилот баёнотида айтилишича, бу сўнгги йиллар давомида мамлакатда сўз эркинлиги муҳитининг тобора ёмонлашиб бораётганига яна бир далилдир.

Айни пайтда Қозоғистонда “Инкар-инфо”, “Куб.инфо” сайтлари, “Республика” газетасининг Интернет саҳифасига тўсиқ қўйилган. Қозоғистонлик Интернет фойдаланувчиларнинг “Озод Европа/Озодлик” радиоси сайтига кириши эса бирмунча қийинлашган.
XS
SM
MD
LG