Линклар

Душанбеда ШҲТ саммити бошланади

  • Гулнора Равшан

Бир неча кундан сўнг Душанбе шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саккизинчи саммити бошланади. Унда асосий мавзу Жанубий Осетия масаласи бўлиши кутилмоқда.

Таҳлилчилар Абхазия ва Жанубий Осетия мустақиллиги Марказий Осиё давлатлари томонидан эътироф этилиши ўзи учун аҳамиятли бўлган Россиянинг бу борадаги муҳим баёноти айнан Душанбе шаҳрида эълон қилинишини айтмоқда.

“Россия ҳукумати фурсатдан фойдаланиб, Грузиянинг икки исёнкор ўлкаси – Абхазия ва Жанубий Осетия мустақиллиги ташкилотга аъзо давлатлар томонидан тан олиниши масаласини кўндаланг қилиб қўяди. Энг муҳими, ШҲТга аъзо Хитой ҳам бу таклифни қувватлаши Россия учун жуда муҳим ва Россиянинг асл мақсади ҳам шу”,- деди Тожикистон демократик партиясининг Маҳмадрўзи Искандаров қаноти раиси ўринбосари Раҳматулло Валиев.

У Хитой Россиянинг таклифини қандай қабул қилиши ҳозирча қоронғу экани, аммо Марказий Осиё давлатлари бу таклифни қувватлашига шубҳа йўқлигини билдирди.

Тожикистон Социал демократик партияси вакили Шокиржон Ҳакимов эса Душанбе саммитининг яна бир асосий мавзуси Эроннинг ШҲТ аъзолигига қабул қилиниши масаласи бўлишини маълум қилди.

“АҚШ таҳдидидан қутулиш йўлларини қидираётган Эрон ШҲТга аъзо бўлишни жуда истаса-да, ўйлашимча, бу Россия ва Хитой томонидан қўллаб-қувватланмайди. Чунки бу давлатлар билан АҚШ ва ЕИ ўртасида айрим зиддиятлар бўлишига қарамай, улар ўзаро муносабатларни сақлаб қолишни истайди. Эроннинг ШҲТга қабул қилиниши эса ташкилот учун кўплаб муаммолар туғдиради”,- деди Ш.Ҳакимов.

Бир гуруҳ таҳлилчилар эса ШҲТ саммитида аъзо давлатлар ташкилот фаолиятини ривожлантириш мақсадида ўзаро мавжуд ижтимоий ҳамда иқтисодий муаммоларни ҳал этишдан манфаатдорлигини таъкидламоқда.

“Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида мавжуд виза масаласининг тезроқ ҳал этилиши МО давлатлари ўртасидаги ўзаро олди-берди учун муҳим ҳисобланади. Бу муаммони ижобий ҳал қилиш масаласи саммитнинг асосий мавзуси бўлиши турган гап”,- дейди мустақил таҳлилчи Маҳди Собир.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, саммит ишини дунёнинг кўплаб мамлакатларидан 700дан ортиқ журналист кузатиб боради.
XS
SM
MD
LG