Линклар

Форумда муҳим масалалар муҳокама қилинди


Олмаотада Марказий Осиё ва Каспий минтақаси хавфсизлиги ва ҳамкорлиги бўйича илк форум бўлиб ўтди. Унда турли мамлакатлардан келган экспертлар, сиёсатшунослар ва таниқли илм-фан арбоблари иштирок этди.

Форум аввалида Қозоғистоннинг биринчи президенти жамғармаси ижрочи директори Бектош Муҳаммаджонов МО ва Каспий минтақасида хавфсизлик ва ҳамкорлик бутун дунё учун ўта аҳамиятли эканини таъкидлади.

“Шу маънода бугунги форум жуда ижобий роль ўйнаши мумкин. Чунки мавжуд муаммоларни очиқ ва конструктив мулоқот орқали ҳал этиш, ечимларни биргаликда излаш халқаро ҳамжамиятнинг муҳим иштирокчилари томонидан сиёсий қарорлар қабул қилинишига сезиларли таъсир этади”,- деди Б.Муҳаммаджонов.

Шунингдек, форум иштирокчилари ҳозир МО давлатларининг барчаси Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ва Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти каби тузилмаларга аъзо бўлса-да, улар ўртасидаги қатор муаммолар ечилмай қолиб кетаётганини алоҳида таъкидлади.

Қозоғистон президенти маъмурияти ички сиёсат маркази раҳбари Ерлан Карин минтақа давлатларининг ривожланиш концепцияси бир-биридан фарқ қилишини айтар экан: “Бу концепцияларда шахс омили ва бошқа хусусиятларнинг ўзига хослиги бор, аммо алоҳида таъкидлашни истардимки, улар бир-бирига қарама-қарши эмас. Иқтисодий концепциялар ва уларнинг амалга оширилиши, афсуски, ҳозиргача Ғарбга тақлиддан қутулгани йўқ. Шунингдек, совет модели таъсири ҳам сақланиб қолган. Хуллас, бу барча мамлакатлар учун ҳар қилувчи босқич”,- деди.

Тожикистон президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази раҳбари Суҳроб Шарипов ҳам минтақа давлатлари ўртасида мавжуд муаммоларнинг айрим сабабларига тўхталиб ўтди.

“Мураккаблик шундаки, минтақа давлатлари фақат экстремизм ва терроризмга эътибор қаратиш ва кураш учун захиралар ажратишдан ташқари четдаги асосий геосиёсий ўйинчилар ҳаракатини ҳам кузатиб боришга мажбурдир. Шу билан бирга, улар ёш давлатларнинг иқтисодий ва сиёсий асосларини ҳам қурмоғи керак”,- деди Суҳроб Шарипов.

Шунингдек, форум чоғида Марказий Осиё ва Каспий минтақасидаги долзарб геосиёсий масалалар, минтақа давлатлари хавфсизлиги ва ҳамкорлигининг замонавий кўриниши ва келажакдаги истиқболлари, бу масалаларнинг ечим топишида халқаро ташкилотларнинг иштироки муҳокама қилинди.
XS
SM
MD
LG