Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:12

Покистонда ҳукумат коалицияси парчаланди


Покистоннинг собиқ бош вазири Навоз Шариф ўз партияси ҳукмрон коалиция таркибидан чиққанини эълон қилиб, Осиф Али Зардорийнинг Халқ партиясини беш ойлик коалиция ҳукумати инқирозида айблади.

Навоз Шариф Покистон халқ партияси собиқ президент Парвез Мушарраф лавозимидан озод этган судьяларни қайта лавозимига тиклашдан бош тортганини, собиқ давлат раҳбарининг ворисини танлашда муросага келмаганини ва бу ҳукмрон коалиция парчаланишига сабаб бўлганини билдирди.

“Бу ваъдаларнинг бажарилмагани ва амал қилинмагани бизни ҳукмрон коалициядан чиқишга ва мухолифатга ўтишга ундади. Бироқ биз демократик тамойиллар ўрнатилишида конструктив рол ўйнаймиз, судларнинг қайта тикланиши ва Покистонда асл демократия ўрнатилиши учун мунтазам кураш олиб бораверамиз”,- деди Навоз Шариф.

Навоз Шариф ва Зардорий Покистон президентлигига номзод танлашда келиша олмади. Халқ партияси Зардорийни бу лавозимга номзод сифатида кўрсатди. Навоз Шариф тарафдорлари эса президентликка истеъфога чиқарилган судьялардан бирининг номзодини таклиф қилган. Сайлов эса 6 сентябрда ўтказилиши режалаштирилган.

Бу сиёсий воқеалар Покистонда ҳокимиятни АҚШ билан террорчиликка қарши курашда иттифоқчилик қилиш тарафдорлари бўлган партиялар қўлида сақлаб қолиши айтилмоқда.

“Озодлик”нинг Покистон бўйича шарҳловчиси Аваз Хон сўзларига кўра, бу воқеалар Покистон сиёсий спектрида қайта қуриш бўлишини англатади. Покистон сиёсати тўққиз йил давомида ҳарбийлар қўлида бўлди, негаки собиқ президент Мушарраф 1999 йилда қонсиз давлат тўнтариши туфайли ҳокимиятга келган эди. Унинг истеъфосидан кейин ҳарбийлар яна давлат тўнтариши қилишга уринмайди, Покистон ҳарбий раҳбарияти ўзларининг сиёсатдан ташқарида эканини эълон қилган.

“Коалициядаги парчаланиш илдизлари судьяларни лавозимига қайта тиклашдан кўра муҳимроқ масалаларга бориб тақалади. Шарифнинг чекиниши сабаблари бир нечадир. Очиқ сабаб судларни қайта тиклаш масаласидир, албатта. Шариф ва Зардорий Мушарраф ишдан бўшатган судьяларни қайта тиклашга келишган эди. Лекин ботиний сабаб коалициядаги мафкуравий ва сиёсий қарашларнинг бир-бирига зид келганидир. Улардан бири террорга қарши қай тарзда кураш олиб бориш масаласидир. Коалициядаги партиялар террорчиликка қарши кураш масаласида турлича нуқтаи назарга эга”,- деди Аваз Хон.
XS
SM
MD
LG