Линклар

Ўзбек тадбиркорлари Тожикистон бозорига кириш йўлларини изламоқда

  • Гулнора Равшан

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари саммити арафасида Душанбе шаҳрида мазкур ташкилот ишчи кенгаши бошқарувининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Кенгаш вакиллари қишлоқ хўжалиги, савдо, соғлиқни сақлаш соҳалари ҳамда хусусий сектор ва суғурта фаолиятини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

Йиғилишда Ўзбекистон номидан мамлакат Савдо-саноат палатаси раиси Алишер Шайхов қатнашди.

Унинг таъкидлашича, ШҲТ давлатлари тадбиркорлари ва сармоядорларининг иккинчи давлатга кириб келишини қувватлаш баробарида уларнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш учун суғурта бозорини ҳам ривожлантириш керак.

“Ҳозир ўзбекистонлик тадбиркорларнинг асосий бозори Россия ва Хитойдир. Улар Тожикистон бозорига кириш йўлларини ҳам изламоқда”,- деди А.Шайхов.

Сўнгги икки йил давомида Душанбеда Хитой, Эрон каби давлатларнинг саноат, қишлоқ хўжалиги ва соғлиқни сақлаш соҳаларига оид кўргазмалари ташкил этилди.

А.Шайхов яқин йилларда Ўзбекистон ҳам Тожикистонда ўз маҳсулотларининг шундай кўргазмаларини ташкил этишни режалаштираётганини билдирди. У икки давлат хусусий сектор соҳасидаги ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдорлигини, аммо бунга мавжуд виза тартиби халақит бераётганини айтар экан, яхши кунларда умид билан яшаш кераклигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG