Линклар

Россия Жанубий Осетия ва Абхазия мустақиллигини тан олди

  • Ҳасанжон

Россия президенти Дмитрий Медведев Миллий хавфсизлик кенгашининг 26 август куни Сочи шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишидан кейин Грузиянинг исёнкор ўлкалари ҳисобланган Жанубий Осетия ва Абхазиянинг мустақиллигини тан олишини маълум қилди.

У бошқа давлатларни ҳам Москвадан намуна олишга даъват қилди. Д.Медведев Ғарб давлатлари билан муносабатларга салбий таъсир этиши шубҳасиз бўлган бундай қарор қабул қилиш осон бўлмаганини, аммо одамлар ҳаётини сақлаб қолиш учун бундан бошқа йўл қолмаганини айтди.

“Осетия ва Абхазия халқлари ўз хоҳиш-иродасини эркин изҳор этиш ҳуқуқига эгалигини ҳисобга олган ҳолда, БМТ низоми, Давлатлар ўртасидаги дўстона муносабатлар ва ҳамкорликка оид халқаро қонунчилик тўғрисида 1970 йилда қабул қилинган декларация, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг 1975 йилги Хелсинки якуний актига мувофиқ, шунингдек, бошқа халқаро меъёрий ҳужжатлар асосида мен Россия Федерациясининг Жанубий Осетия ва Абхазия мустақиллигини тан олиши тўғрисидаги фармонларга имзо қўйдим”, – деди Дмитрий Медведев.

Россия президенти қабул қилган қарорга Ғарб давлатларининг кескин муносабат билдириши кутилмоқда.

25 август куни Россия парламентининг иккала палатаси Жанубий Осетия ва Абхазия мустақиллигини тан олиш ҳақидаги таклифни бир овоздан қўллаб-қувватлаганига муносабат билдирган АҚШ президенти Жорж Буш Грузиянинг икки айирмаси ўлкалари мустақиллигини тан олиш БМТ низомига зид эканини таъкидлаган эди.

АҚШ давлат котибининг Европа ва Евроосиё масалалари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Давид Меркел 26 август куни “Озодлик”ка берган интервьюсида АҚШ президентининг муждасини яна бир марта қайтарди

“Президент Жорж Буш бу ҳақда муносабат билдириб, Россия раҳбариятини ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажаришга ва икки айирмачи ўлка мустақиллигини тан олмасликка чақирган эди. АҚШ, Европа Иттифоқи, ва НАТО Грузиянинг ҳудудий яхлитлиги тан олиниши жуда муҳим эканини таъкидлаган” – деди Давлат департаменти расмийси.

Айни пайтда Россиянинг НАТО билан муносабатлари ёмонлашиб бораётгани айтилмоқда.

26 август куни Москвада ўтказилган матбуот анжуманида Россиянинг НАТОдаги вакили Дмитрий Рогозин: “Ғарб билан муносабатларимизда кузатилаётган ўзгаришлар бизни нафақат у ёки бу ташкилотлар ёки халқаро иттифоқлар билан ҳамкорликка алоқадор бўлган конкрет нарсалар ҳақида эмас, балки ҳозирда дунё қанчалар нозик экани тўғрисида ўйлашга мажбур қилмоқда. Ўзига провокаторлик вазифасини олган ёки тарихда ном қолдиришга қарор қилган жаноб Саакашвили каби одам глобал тизимларни бир-бири билан тўқнаштириши мумкин” – деди.

Сургундаги Абхазия Олий Кенгаши раиси Тимур Мжавия Россия Жанубий Осетия ва Абхазия мустақиллигини тан олганига муносабат билдириб: “Путин Грузия давлатчилигини бузиш йўлини танлаган. Грузия НАТОга аъзо бўлишини англаб етган ҳолда у Грузия давлатчилигини бузиш хусусида зудлик билан чора кўриш ҳақида қарор қабул қилган” – деди.
XS
SM
MD
LG