Линклар

logo-print

Ўзбекистон сувсизликка қирғизларни айблади


Ўзбекистон Қирғизистоннни минтақага тегишли сув захираларини ўзбошимчалик билан ўзлаштириб олаётганликда айблади. “Народное слово” газетасида эълон қилинган мақолада айтилишича, Қирғизистон минтақа давлатлари имзолаган бир қатор шартномаларни бузган ҳолда Ўзбекистонга сув беришдан бош тортаётир.

Сув можароси шу йилнинг бошида, Қирғизистон минтақа давлатларига эҳтиёжнинг 50 фоизи миқдорида сув беришини эълон қилгач бошланди. Расмий Бишкек бу масалада келишиб олиш учун Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон расмийларини музокаралар ўтказишга чақирди. Бироқ қирғиз расмийлари таъкидича, бир неча учрашув Тошкент томонининг қатнашмагани туфайли ўтказилмай қолди. Ниҳоят май ойида Ўзбекистон ҳукумати муросага келгандек бўлди ва Бишкекдаги музокараларга ўз вакилларини жўнатди.

Музокаралардан сўнг 15 майдан бошлаб минтақага сув берилиши маълум қилинди. Бироқ сув 15 майда ҳам, 15 июнда ҳам, ундан кейин ҳам берилмади. Расмий Бишкек таъкидича, Ўзбекистон сув борасидаги тўрт томонлама шартномани имзолашдан бош тортган. Қирғизистон ҳукумати токи Тошкент шартномани имзоламас экан, минтақа давлатларига бир томчи ҳам сув берилмаслигини билдирди ва ҳозир ҳам бу аҳдида қатъий турибди.

Расмий Бишкек сўзларига кўра, Ўзбекистон томонидан билдирилаётган барча эътирозлар асоссиздир.

“Биринчидан, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида сув борасида ҳеч қандай шартнома йўқ. Биз бу йил шартнома имзолайлик, деб қатор ҳаракатларни амалга оширдик. Афсуски, ўзбек тарафи бунга рози бўлмади. Шундоқ экан, Қирғизистон Ўзбекистон олдида ҳеч қандай мажбуриятларга эга эмас. Шунингдек, биз сув билан боғлиқ бўлган иқтисодимизни, энг аввало ўз, манфаатимиз йўлида ишлатамиз”, -деган эди Қирғизистон сув-энергетика вазири Сапарбек Балқибеков Ўзбекистон айбловларига жавоб қайтарар экан.

Лекин Ўзбекистон ҳукумати назарида минтақада сув муаммосининг пайдо бўлишига биринчи навбатда Қирғизистон айбдор. Ўзбекистон матбуотида айтилишича, Қирғизистон минтақа давлатлари, жумладан, Ўзбекистонга бериладиган сувдан ўзбошимчалик билан фойдаланмоқда. Ҳолбуки, бу сув минтақадаги барча давлатларники.

Кузатувчилар фикрича, расмий Бишкек ҳам, расмий Тошкент ҳам сув масаласида муросага бормоқчи эмаслар. Бунинг оқибатида эса ўзбек, қозоқ ва тожик далалари сувсиз қолмоқда. Бу эса минтақа давлатлари ўртасидаги зиддиятни янада кучайтириши мумкин.

Бироқ сув можароси фақат Ўзбекистон билан чекланаётгани йўқ. Қозоғистон Қирғизистондан 4 миллион долларлик электр энергияси сотиб олиш эвазига, керакли миқдорда сув олишга муваффақ бўлган эди. Лекин расмий Остонага кўра, бу сув Ўзбекистон ва Тожикистон томонидан бўлиштириб олинмоқда. Натижада қозоқ далаларига ҳақи тўлаб қўйилган сув етиб келмаяпти. Бу борада Қозоғистон ўзбекистонга норозилик билдирган эди. Бунга жавоб тариқасида эса Ўзбекистон Қирғизистонни айблай бошлади.
XS
SM
MD
LG