Линклар

logo-print

Олимпиада совриндорларига катта мукофот бериладиган бўлди

  • Ҳасанжон

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Пекинда ўтган Ёзги Олимпиадада совринларга эга бўлган ва муносаб қатнашган маҳаллий спортчиларни тақдирлаш тўғрисида қарор чиқарди.

Қарорга кўра, Пекин Олимпиадасида олтин медални қўлга киритган спортчига 200 минг АҚШ доллари, шу жумладан, хомийлар маблағлари ҳисобидан 100 минг доллар, кумуш медал соҳиби бўлган спортчиларга 100 минг АҚШ доллари, шу жумладан, ҳомийлар маблағлари ҳисобидан 50 минг доллар, бронза медалини қўлга киритган спортчиларга 50 минг АҚШ доллари, шу жумладан, ҳомийлар маблағлари ҳисобидан 25 минг доллар, бошқа қатнашчи-спортчиларга эса ҳомийлар маблағи ҳисобидан икки минг доллардан пул мукофоти бериш таклиф қилинган.

29-Ёзги Олимпия ўйинларида спортнинг 15 тури бўйича Ўзбекистондан жами 58 спортчи қатнашиб, битта олтин, иккита кумуш ва учта бронза медалини қўлга киритди.

29 ёшдаги Артур Таймазов эркин кураш бўйича 120 килограммгача бўлган вазнда олтин медални қўлга киритди. Бу билан у Ўзбекистонда Олимпиаданинг учта медалини олган илк спортчи бўлди. Айни пайтда Таймазов икки марта жаҳон чемпионлигини ҳам қўлга киритган.

Ўзбекистон миллий олимпия жамоаси 26 август куни маҳаллий вақт билан тушдан кейин Пекиндан Тошкентга етиб келди. Маданият ва спорт ишлари вазирлиги расмийси Эркин Қутибоев пойтахт аэропортида ўзбекистонлик спортчилар катта тантана билан кутиб олинганини билдирди.

“Спортчиларимиз жуда яхши кутиб олинди. Карнай-сурнай, оркестр - ҳаммаси юқори даражада кўтаринки руҳда кутиб олдик. Президентимиз қўллаб-қувватлаган қарорлари ҳақида уларга айтдим. Улар хурсанд бўлишди. Улар Пекиндан аъло кайфиятда қайтишди. Олдинги Олимпия ўйинларидан Ўзбекистон жамоаси бешта медал билан қайтган эди. Пекиндан эса жамоамиз олтита медал билан қайтди. Айниқса, гимнастика ва трамплиндан медал олганимиз катта ютуқ бўлди”, – деди Э.Қутибоев.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти маслаҳатчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Роман Исков куни-кеча Пекиндан “Озодлик”ка берган интервьюсида ўзбекистонлик спортчилар аввалги Олимпиадаларга қараганда Пекинда катта муваффақиятга эришганини айтган эди.

“Олдин биз фақат бокс ва кураш, кураш ва боксдан медаллар олардик. Ҳозир биз кураш, дзюдо, трамплин, гимнастика бўйича медаллар олдик. Бошқача айтганда ўзбекистонлик мураббийлар, ташкилотчиларнинг меҳнат доираси анча кенгайди. Биз спортнинг бошқа турлари бўйича ҳам муваффақиятни қўлга кирита бошладик. Ўзбекистонда спортнинг фақат икки тури эмас, бошқа турлари ҳам ривожланиши республика учун жуда яхши”, – деганди Роман Исков.

“Пекин шаҳрида ўтказилган 2008 йилги XXIX Ёзги Олимпия ўйинлари совриндорлари ва қатнашчиларини мукофотлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда Вазирлар Маҳкамаси Лондон шаҳрида ўтказиладиган 2012 йилги XXX Ёзги Олимпия ўйинларига спортчиларни тайёрлашни ташкил қилиш ва такомиллаштириш бўйича Республика комиссияси тузиши, шунингдек, ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш бош вазир Шавкат Мирзиёев зиммасига юклатилгани билдирилган.
XS
SM
MD
LG