Линклар

Мустақиллик, муҳожирлик, мусофирлик...

  • Абдулла Искандар

Ўзбекистон Мустақиллигининг 17 йиллик кичик тариxига боқсак, илгари ўзбекларда камроқ кузатилган бир ҳолат гувоҳи бўламиз. Олдин Бешариқдан Олтиариққа ҳижрат қилмаган оддий ўзбеклар бугун кўч-кўронини кўтариб олис элларда юрибди.

Бирови уч-тўрт танга илинжида кўчага чиққан бўлса, яна бирови тазйиқ таъқиблардан қочиб юрибди.

Бировлар уч миллион, яна бировлар саккиз миллион деяëтган сонсиз саноқсиз ўзбек муҳожирлари назарида саргардонлик Мустақилликдан кейин кенг тус олган ҳолат.

Ўзбекистон Мустақиллиги қутланадиган кун арафасида дунëнинг тўрт тарафига тариқдай сочилган ўзбекларга микрофон тутдик.

“13 йил олдин бунақа ҳолат йўқ эди. Масалан, МДҲ мамлакатлари ичида хизматга бориб келинар эди, холос. Ëки хизмат сафарига борилар эди. Энди совет даври тугаб, “демократия”га ўтганимиздан кейин, айниқса, Ўзбекистондан четга чиқувчилар кўпайиб кетди”,- дейди наманганлик Акмалжон ака.

У совет даврида улғайди. Дарахт бир ерда кўкаради, деган гапни Акмалжон кўп эшитди. Туғилиб ўсган Намаганни тарк қилишни ўйламади. Аммо ҳаëт қийинчиликлари боис юртни тарк қилди:

“Ўзбекистонда оиламизни меҳнат билан эплаб боқа олмаганимиздан кейин мана Европага келиб ўзимизни сал ўнглагандай бўлиб турибмиз. Мустақилликнинг берган нарсаси мусофирчиликка чиққанимиз бўлиб турибди-да. Келганларнинг кўпчилигида фақат битта илинж бор. Пул топиш. Мен кўплари билан суҳбатлашганда айтаман: “Яшаш учун пул топиш керак. Лекин пул топиш учун яшамаслик керак”.

Абдулла ака Абдураззоқов Тошкентдаги Низомий номли олийгоҳда талабаларга дарс берар эди. 1991 йилнинг 31 августи куни эълон қилинган Мустақилликни шодон қаршилади. Мустақиллик даврида элни, юртни тарк қиламан, деб ўйламаган ҳам эди.

“Мустақилликдан олдин сиëсий қочқин, муҳожир деганлар ҳақида эшитмаганман. Биз илгари Совет Иттифоқи миқëсидаги Солженицин каби ëзувчиларни эшитар эдик. Ўша совет тузумига қарши бўлганларни эшитар эдик-ку, лекин мен бунақа сиëсий қочқин борлигини эшитмаганман. Улуғ октябр инқилоби, деб айтиладиган ëлғон инқилоб пайтида жуда кўп одамларимиз чиқиб кетгани бор гап”,- дейди А.Абдураззоқов.

Андижонлик тадбиркор Абдусалом ака 2005 йил 13 май қирғинидан қочиб келиб Европадан мақом олган минглаб қочқинларнинг бири. Ҳозир мана том бостириш ҳунарини ўрганяпман, дейди Абдусалом ака.

“Энг аввало, Ўзбекистон халқига ассалому алайкум. Кириб келаëтган Мустақиллик байрами билан табриклайман. Ҳеч бир инсон ўз юртидан ўзга бир юртларда ҳайдалиб чиқиб эмас, яхши ниятларда Ўзбекистон ғам- ташвишини қилиб, ривожланишига ҳисса қўшаман, деб ўйнаб-кулиб юриши яхши экан”.

Озодлик: Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмайсан, деган гапнинг ҳозир бизда ҳолати мавжуд. Яъни олдин мусофирликка бунчалик кўп ўзбек кетмаган.

- У пайтларда ҳамма Ўзбекистонда яшаб меҳнат қилганда. Бу даражада бўлмаган-ку, лекин озгина бўлган экан. Ҳар бир даврнинг ўзига яраша юртидан чиқиб кетган одами бўлади. Лекин бугунгичалик кўп бўлмаган.

Нилуфархон олис Россия кенгликларидан иш топган минглаб ўзбек аëлларининг бири:

“Бугун мен ишим бўйича дўконга кирдим. Дўконда кириб мудирни кутиб турганимда ўзбек аëли кирди. У мени кўрди. Кўзимиз кўзимизга тушганида у кўзини мендан олиб қочди. Мен қани нима қилар экан, деб кузатиб турдим. У аëл ўзини эркин ҳис қилмади. Дўконнинг у томонига бориб турди, бу томонига бориб турди. Охири битта сотувчининг ëнига бориб истеъмол қилиш муддати ўтиб кетган қатиқнинг нархини сўради. Истеъмол қилиш муддати ўтиб кетган нарсалар ўз нархидан 50 фоиз арзон сотилади. У аëл шу қатиқни олиб дўкондан чиқиб кетди. Биринчидан, бу аëлнинг сарсон бўлиб яшаëтганига раҳмим келди. Иккинчидан, шунақа ҳаëт билан шу ерда яшаб нима қилади, Ўзбекистонда шу аëлнинг ота-онаси, ака-опалари бордир, деб ўйладим. Шунақа ўзбекларга жуда ҳам раҳмим келади. Шунинг учун бу ëққа келадиган ўзбекларга келишдан олдин ўйланиб кўринглар, демоқчиман. Улар “Россияга бораман. Кўчадан миллионлаб пулларни супуриб, бой бўлиб келаман”, деб ўйлашади”.

Барнохон Мирсолиҳова эса Америкага келиб қолган минглаб ўзбеклардан бири:

“Бу ерда ўзбеклар кўп. Лекин биласизми, ўз исмини яшириб яшайдиган ўзбеклар бор. Мени таниб қолмасин, Ўзбекистонга бориб мени сотмасин, деб ўз исмини бошқача қилиб айтадиганлар бор. Ўзбекистондаги қийинчиликлардан қочиб келган ўзбеклар бор. Чет элда пул дарахти ўсади, пул топиш осон, деб ўйлайдиган ўзбекларимиз ҳам етарлича”.

Адибахон Отаева эса Буюк Британияга келиб қўним топди, аммо ҳаловат топмади:

“Британияда қариндош-уруғчилик, холамизникига борайлик, поччамизни боласи билан ўйнаб келайлик, деган нарсалар йўқ. Бу ерда одамлар ҳаëти ëлғиз. Менинг болам ҳозир таътилда. У билан ўйнайдиган на бир қариндошларимиз бор, на бир қариндошларимизнинг болалари бор. У ëлғиз. Мен боламни 1-2 соат ўйнатиб келиш учун махсус жойларга олиб бориб келишим керак. Ўзбекистонда эса кўчада мазза қилиб ўйнардик. Болалар кўп эди. Бизнинг болалигимиз чиройли ўтгани туфайли боламни шунақа жойда катта бўлишини хоҳлардим”.

Мустақиллик байрами арафасида улар билан суҳбатлашамиз. Мусофирчиликнинг яхши ва ëмон тарафлари ҳақида сўраймиз.

“Бу ҳам энди насиб қилса яхшиликка. Биз бу ерларда юриб Ўзбекистонни ривожлантириши мумкин бўлган тадбиркорлик ҳунарларини, одамларнинг ишлашини, турмуш тарзини кўряпмиз. Энди Ўзбекистонга бориб қўлдан келганча уни ривожланиши йўлида бор ҳунаримизни ишга соламиз, деган ниятда юрибмиз”.

“Яхши тарафлари - ўзбек дунëни кўряпти ва хулоса чиқаряпти. Ҳаëт бундай экан, инсон бундай яшар экан, халқ дегани бундай бўлар экан, деган нарсаларни кўряпти. Адолат нима, ҳақиқат нима биляпти. Уларнинг фикрлаш кўлами кенгайяпти. Ҳозир юртдан ташқарига халқ чиқяпти, саноқли одамлар эмас”.

Суҳбатдошларимиз бир овоздан Мустақиллик пайтида сарсон-саргардон бўлганини гапириб, “муҳожирлик” тушунчаси сўнгги 10 йил ичида кенг тарқалганини айтди.

“Аслида-ку Ўзбекистонда юрганимиз яхши, лекин ҳозир Ўзбекистонда юраман десам, мана, фарзандларим катта бўляпти, тўй қилишга, уй қуришга ўзимда имконият ярата олмайман. Мен бу ерда топаëтган пулни Ўзбекистонда топа олмайман”.

Мустақиллик байрамини чет эллардаги мусофир ўзбеклар нишонлайдими, деб сўраймиз суҳбатдошларимиздан.

“Энди Мустақиллик байрами иш кунига тўғри келар экан. Биз ишлаймиз. Ҳаммамиз ишлашга келганмиз. Бир кун ишламасак, қанча харажатга тушишимизни ўзимиз биламиз”.

“Ҳаммаси демайман-ку, лекин 80 фоизи ўша куни агар иши бўлса бориб ишини қилади. Очиғи бунинг иккита томони бор. Мустақилликни қарғаëтганлар ҳам бор, Совет Иттифоқида бўлганимизда яхши эди, деяëтганлар ҳам бор. Совет Иттифоқида бўлганимизда яхши эди, дейишлик бу тушунмовчилик оқибати. Мен уларга тушунтиришга ҳаракат қиламан. Бу Мустақиллик байрамини тан олмайдигани жуда кўпчилик. “Биз мустақил эмасмиз. Шу ҳам мустақиллик бўлдими? Бунақа мустақилликка лаънат” деганларни ҳам кўрдим”.

“Албатта эслаймиз. Мана, бугун Ўзбекистонда Мустақиллик куни, деб эслаймиз.

Дунёга синчиклаб тикилган кўзлар,
Мудҳиш бир ҳолатни пайқашга тушди.
Қай томонга боқсанг, бари йўлсизлар
Толелар айқаш-у уйқашга тушди.

Агар биз ўтиш даврида Каримов режимига дучор бўлмаганимизда ўтиш даври бизга бунча қийин бўлмас эди. Мустақиллик бу ҳақиқатда жуда нодир неъмат. Бу Аллоҳнинг бизга берган жуда буюк инъоми. Ҳақиқий мустақилликка эришиш йўлидаги ҳаракатимизда давом этишимиз керак”.

Мамлакат ташқарисида юрган ўзбек муҳожирлари эл-юртидаги яқинларини Мустақилик байрами билан қутлашди.
Ўзбекистон ташқарисига тазйиқлардан қочиб ëки жаннат, пул дарахти ëки сусамбил дарëсини қидириб кетганлар овозига Мустақиллик байрами арафасида қулоқ бердик. Айни пайтда Ўзбекистон ойнаи жаҳони юртимизни жаннатга менгзамоқда.

Жаннат Ўзбекистон, жаннатинг қани,
Шунча меҳнат қилдинг, роҳатинг қани,
Сиғинган, суянган давлатинг қани,
Ҳар дайди ит сени кавлашга тушди.
XS
SM
MD
LG