Линклар

Хитой ГЭСлар учун Тожикистонга пул бермади

  • Гулнора Равшан

Хитой раҳбари Ху Цзинтаонинг Душанбега давлат ташрифи давомида Тожикистондаги энергетик иншоотларга сармоя ётқизиш масаласи кўрилиши кутилган бўлса-да, бу масала ечимини топмай қолаверди.

Икки давлат расмий делегациялари музокараларидан сўнг ўзаро ҳамкорликка доир 13 та ҳужжат имзоланди. 2008-2013 йилларда Тожикистон ва Хитой ўртасидалик ҳамкорлик дастури, Тожикистон давлат миллий университети ва хитой тилини ўргатувчи халқаро офис ўртасидаги келишув, икки давлат ўртасида халқаро автомобиль қатновига оид келишув ва техник ҳамда иқтисодий ҳамкорликка доир келишув шулар жумласидандир.

Гарчи аввалроқ Ху Цзинтаонинг Душанбега ташрифи давомида Тожикистонда қурилиши режалаштирилган учта энергетик иншоот учун сармоя ётқизиш масаласи кўрилиши эълон қилинган бўлса-да, олий даражадаги учрашувда бу масалада ҳатто гап ҳам бўлмади.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг исмини айтишни истамаган вакилининг билдиришича, икки давлат раҳбарлари учрашувида Сангвор ва Нуробод ГЭСларининг тақдири ҳал этилиши ва бу икки иншоот учун Хиой томонидан 1,2 миллиард доллари ажратилиши масаласида илгари келишиб олинган эди.

“Аммо бу ерда тағин Ўзбекистон томонининг таъсири режаларнинг амалга ошмай қолишига туртки бўлди. Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Ху Цзинтаодан расмий Душанбе билан энергетик иншоотлар қурилиши ва уларни сармоялаш борасида ҳеч қандай ҳужжат имзоламасликни сўраган, акс ҳолда у ШҲТнинг навбатдаги саммитида қатнашмаслигини билдирган”,- деди ТИВ вакили.

Ҳамиша ўзбекистонлик ҳамкасби инжиқликларидан орзулари сароб бўлиб келган Имомали Раҳмон маҳаллий ҳамда хорижий ахборот воситалари вакиллари билан учрашув чоғида: “Энергетиканинг биз учун стратегик аҳамиятга эгалигини назарга олган ҳолда шуни таъкидламоқчиманки, Тожикистоннинг ички дарёларида энергетик иншоотлар қуришга доир аниқ келишувларимиз мавжуд. Ҳозир икки давлат мутахассислари бу лойиҳаларни ўрганмоқда, яқин келажакда бу энергетик иншоотлар қурилишига киришилади”,- деди.

Бироқ у шу кунларда минтақанинг айрим давлатлари диққат марказида турган Зарафшон, Нуробод, Сангвор ГЭСларининг хитойликлар томонидан қурилиши ёки қурилмаслиги борасида оғиз очмади.
Тожикистоннинг Хитойдаги элчиси Рашид Олимовнинг айтишича, Хитой томони билан энергетик иншоотлар қурилишига доир музокаралар ниҳоясига етмаган, бу иншотлар сармояланиши борасида аниқ бир қарорга келинмаган. Хитой раҳбари ўз давлати Тожикистон билан яхши қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлаб бориш давомида унинг иқтисодий тараққиётига ҳисса қўшажагини билдирди.

“Ўзбекистон ва Тожикистон халқаро автомобиль йўли, тоннел, юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари қурилишига доир лойиҳалар амалга оширилиши биз учун ҳам аҳамиятли. Бу лойиҳаларнинг амалий натижаси Тожикистон иқтисодиётига арзигулик ҳисса қўшишига умид қиламиз”,- деди Рашид Олимов.
XS
SM
MD
LG