Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 21:01

Рўзибой қаерда?


Россиядан уйига қайтаётган ўзбекистонлик 25 ёшли меҳнат муҳожири Рўзибой Сайфуллаевнинг қозоғистонлик божхоначилар томонидан поезддан тушириб олинганига яқин икки ой бўлди. Лекин ҳанузгача унинг қаерда эканини ҳеч ким билмайди.

Рўзибойнинг отаси Мирзоаҳмад Сайфуллаевнинг “Озодлик”ка айтишича, ўғли ўтган йилнинг сентябрь ойида Москва вилоятига меҳнат муҳожири бўлиб кетган.

“Аслида мен унинг кетишига рози эмасдим, шу ерда ҳам кунимиз ўтяпти-ку, деб айтган эдим, лекин бола ёшлик қилди, ҳамқишлоқлари билан бирга кетди. Мен Бўзробод туманидаги Собир Саттор жамоа хўжалигида ер олиб обод қилаëтган эдим. Ҳамма Россияга бориб ишлаяпти, мен ҳам кетаман, деб кетиб қолди. Мен келганимдан кейин ундай қиламиз, бундай қиламиз, деб кетди”,- дейди ота.

Рўзибой бу йил 25 ёшга тўлди. Паспорт алмаштириш вақти келганди. Шунинг учун у июль ойида уйга қайтишга қарор қилди. Ҳамқишлоғи Чори Боиров билан Москва-Тошкент поездига минди. Россия чегарасидан чиқиб Қозоғистонга ўтганида “Жайхан” станциясида вагонга божхона ходимлари чиқди. Паспорт текширилди. Ўша 9 июль куни Рўзибой 25 ёшга тўлган эди. Божхоначилар паспортингни муҳлати ўтибди, деб уни олиб тушиб кетган.

“У рус тилини билмайди. Чўнтагида бошқа пули бўлмаган. Пули кўпларни кўпинча туширишаркан-ку”,- деди Мирзоаҳмад ака.

Рўзибойнинг ҳамқишлоғи Чори Боировнинг сўзларига кўра, улар қанча ялиниб ёлвормасин, жарима тўлашга рози бўлмасин, божхоначилар рози бўлмаган. Ҳозир протокол қилиб жавоб берамиз, дегану шу билан Рўзибойнинг тақдири номаълум қолмоқда.

Ўзбекистонда қийноқларнинг олдини олиш ва қийноқларга қарши тезкор гуруҳи унинг қул қилиб сотиб юборилганидан ташвиш билдириб, Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонасига, Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасига, Халқаро миграция ташкилотига мурожаат қилди.

Гуруҳ фикрича, бу биринчи бундай ҳодиса эмас. Қозоғистонлик чегара ва божхона ходимлари арзимаган баҳоналар билан ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини поездлардан тушириб қолиб, келишилган одамларга қул қилиб сотиб юбормокда.


Тезкор гуруҳ маълумотларига кўра, Қозоғистоннинг Оқтўба станциясидаги милиция ходимлари томонидан шу йилнинг январь ойида Уфа-Тошкент йўналишидаги поезддан ўзбекистонлик 8 меҳнат муҳожири тушириб олинган. Уларнинг паспортлари олиб қўйилиб, ўзлари икки ой давомида шаҳарнинг турли ҳудудларида қул қилиб ишлатилган. Бундай ҳолат, яъни поездда текширув, паспортдан камчилик топиш, йўловчини тушириб қолиш, уларни тўплаб, қозоғистонлик иш берувчиларга сотиш - буларнинг ҳаммаси ҳуқуқни муҳофаза этувчи идоралар вакиллари ва иш берувчилар ўртасида шаклланган бир жиноий занжирдир.

Рўзибойга ўхшаган яна юзлаб ўзбекистонликлар ҳозир ана шундай бедодликнинг қурбони бўлмоқда. Рўзибойнинг отаси ўғлини қидириб бормоқчи эди, лекин ҳамқишлоқлари уни йўлдан қайтарди.

“Молларимни сотиб ўғлимни ахтаришга борай, десам ҳамма қишлоқдошлар: “Қозоқлар сизни ҳам олиб қолади”, деб кетишимга йўл қўймади. Ҳозир нима қилишга ҳайрон бўлиб ўтирибман”,- дейди Мирзоаҳмад Сайфуллаев.
XS
SM
MD
LG