Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:53

“Ижтимоий фикр” яна ўзига хос фикрлади


Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги “Ижтимоий фикр” маркази ўтказган сўров натижаларига таяниб, “Ўзбекистон президенти Ислом Каримов олиб бораётган ташқи ва ички сиёсат аҳолининг барча табақалари томонидан қўллаб-қувватланаётгани”ни хабар қилди.

“Ижтимоий фикр”нинг “Ўзбекистон: мустақилликнинг 17 йили”, деб номланган сўровига кўра, аҳолининг 88 фоизидан ортиқроғи мамлакат иқтисоди барқарор ривожланаётганини ва ўрта ҳамда кичик бизнес учун барча шароитлар яратилганини таъкидлаган. Сўралганларнинг 85 фози эса Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари таъминланган, деб ҳисоблайди. Шунингдек, сўралганларнинг 91,6 фоизи Ўзбекистон келажаги буюк давлат эканига ишонади.

Тошкентлик кузатувчи Абдураҳмон Ташанов фикрича, “Ижтимоий фикр” маркази ўтказган сўров натижаларига танқидий нуқтаи-назардан ёндашмоқ зарур.

“Ўзбекистонда бирор шонли сана муносабати билан гўëки бир сўровномалар уюштирилади ва бу сўровномаларни “Ижтимоий фикр”, деган нодавлат марказ ўтказади. Аслида бу нодавлат марказ эмас. У ҳукумат буюртмалари асосида сўровномалар ўтказадиган ташкилот. Одатда сўровномаларда 90 фоиз аҳоли ҳукумат сиëсатини қўллаб-қувватлаши ва ҳукуматга ишониши билдирилади. Ҳукуматдан мустақил бўлган ëки мухолифатга тегишли бўлган нодавлат ташкилотлар бу сўровни ўтказган тақдирда ҳам натижалар бунчалик катта бўлмаслиги мумкин, лекин ўша одамлар режимдан қўрққан ҳолда ҳозирги сиëсатни қўллаб-қувватлайдиган қилиб овозлар бериши мумкин. Мамлакат ҳозир қўрқув ичида яшаяпти. Одамлар атрофида режимга қарши гап айтганларнинг аҳволи нима бўлаëтганини кўриб турибди. Шунинг учун одамлар стихияли равишда режимни ëқлашга мажбур”,- деди А.Ташанов.

Андижонлик оддий қишлоқ ўқитувчиси Шокиржон Мамажонов ҳам аҳолининг асосий қисми бундай сўровларга ишонмаслигини айтади.

“Сўровларни аслида бошқа мамлакатларга нисбатан камдан-кам учратаман. Лекин сўровлар бўлганда ҳам ҳар доим мен уларнинг объективлигига ақлим етмайди. Мухолифат бўлмаган, эркин нодавлат ташкилотлар бемалол фаолият юритмаган, ОАВ мустақил бўлмаган давлатларда ўтказилган сўровларнинг ҳақиқий эканига мен ҳеч қачон ишонмайман. Мен ҳукуматнинг бирор иши яхши бўлаётгани учун қўллаб-қувватлаëтганларни камдан-кам учратаман. Кўпчилик норози”,- дейди ўқитувчи.

ЎзА хабарида эса сўров натижаларига таянилиб, Ўзбекистондаги иқтисодий вазият яхшиланиб бораётгани, ҳукумат адолатли ижтимоий ҳимоя сиёсатини юргизаётгани, аҳолининг 89 фоизи бу сиёсатни қўллаб-қувватлаётгани айтилади.

Агар ЎзА маълумотларига ишонадиган бўлсак, ўзбекистонликларнинг турмуш фаровонлиги кундан-кунга ортиб бормоқда.

Ш.Мамажанов бу борада фикр билдирар экан: “Тўғри, охирги йилларда аҳолининг ижтимоий аҳволи яхшиланиб боряпти. Бунинг сабаби ҳар битта оиладан 3-4 тадан одам Россия ëки Қозоғистонда ишлаб пул жўнатяпти. Уйлар солиняпти, тўйлар қилиняпти. Ҳозир илгаригига қараганда анча яхши”,- деди.
XS
SM
MD
LG